+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Фев 2018

ҲАЛИ ҚИЛАДИГАН ИШЛАРИМИЗ КЎП,

- дейди Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Режабхон Маллабоева.

Аёл борки, олам мунаввар. У меҳрибон уй бекаси, хонадон чароғбони бўлиш билан бир қаторда миллатимиз давомчилари, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни дунёга келтирувчи она ҳамдир. Шу боис ҳам оналар саломатлигини сақлаш жамият ва давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, кейинги йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш,  жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз, ҳукуматимизнинг қатор фармон ва қарорлари  қабул қилиниб, ана шу ҳужжатлар ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз биринчи Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси, умуман, аҳоли, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида Қўрғонтепа туманида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари Режабхон Маллабоева қуйидагиларни гапириб берди:

- Айни кунда туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида 1 туғруқхона, 1 кўп тармоқли поликлиника, 5 қишлоқ врачлик пункти, 5 оилавий поликлиника ҳамда бир қатор касалхоналар фаолият олиб бормоқда. Уларда 203 нафар малакали шифокор ҳамда 835 нафар ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Туманда туғиш ёшидаги аёллар, жумладан, ҳомиладорларга малакали тиббий ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ва тарбияланиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Шу кунларда туманда перинатал ва скрининг марказлари ташкил этиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда, шунингдек, аҳоли ўртасида тиббий саводхонликни ошириш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил қилинган. Кенгаш аъзолари томонидан ҳар ҳафтада жойларда мунтазам равишда йиғилиш, учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган 2 ойи мобайнида маҳалла фуқаролар йиғинларида 184 марта ана шундай тадбирлар ўтказилди. Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад, аҳоли саломатлигини    ҳимоялаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини, фуқароларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини юксалтиришдан иборат.

Туманимизда жами 165 минг нафардан зиёд аҳоли бўлиб, шундан 41221 нафари туғиш ёшидаги аёллардир.  Жорий йилнинг илк ойи мобайнида 4,5 минг нафарга яқин туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар натижаларига кўра, турли экстрагенитал касалликлар аниқланган 1807 нафар аёл амбулатория шароитида, 107 нафари стационар шароитида соғломлаштирилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда, режа асосида давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, 116 нафар никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга ҳам саломатлик, тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида кенг тушунчалар берилди.

Маълумки, кейинги йилларда Юртбошимиз ташаббуси билан тиббий муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, ҳатто, чекка-чекка ҳудудларда ҳам кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савия-сини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу албатта, биз тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Тўғри, бу борадаги ишлар белгиланган тартиблар доирасида босқичма-босқич олиб борилмоқда, ютуқларимиз ҳам бор. Бироқ, ҳали қатор муаммо ва камчиликларимиз, қилишимиз керак бўлган ишлар ҳам жуда кўп. 

Туманда ўтган 2017 йилда 3328 туғруқ кузатилган, бу аввалги йилга нисбатан 92 нафарга камайганини кўрсатади. Бироқ 35-44 ёшли аёллар ўртасида туғруқлар 4 тага, 1 ёшгача бўлган болалар ўлими 6 тага ортган.  Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам 5 нафар чақалоқ ўлими кузатилди. Бир ҳафта яшамай вафот этган гўдакларнинг аксарияти нафас аъзоси касалликлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Хавфсиз ҳомиладорлик, бехатар туғруқ, абортларнинг олдини олиш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, умуман, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган саъйи-ҳаракатларимизга қарамай аксарият ҳомиладор аёлларимизда турли экстрагенитал касалликларнинг кузатилаётгани, гўдаклар ўлимининг камаймаётгани ўта ташвишлидир. Ушбу фактлар бизни янада қаттиқ ишлашимиз кераклигини кўрсатади.

Бу борада тиббиёт ходимлари масъулияти янада оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, аёллар, бўлажак оналар ўз саломатликларини назорат қилмас, соғлом турмуш тарзи, тўғри ов-қатланишга эътибор бермас эканлар, бу борада қанча ҳаракат қилсакда, ижобий натижаларга эришиш қийин. Шу боис ҳам, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бўлажак оналаримиз ўз саломатликларига жиддий қарашлари лозимлиги, аҳолининг тиббий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қарат-япмиз. "Бир кишининг саломатлиги барчанинг иши!" шиори фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом фарзандларни вояга етказиш жамиятимиз олдидаги энг муҳим вазифадир.

Қачонки, ҳар бир инсон, айниқса, оналар ва болалар соғлом бўлса, оила бахтли, жамият мустаҳкам бўлади.    Соғлом ва баркамол оила жамиятнинг кўрки ва бойлигидир. Ана шу бойликни асраб-авайлаш, бу борадаги ишлар сифатини ошириш, фаолиятимизнинг барча йўналишларида ижобий натижаларга эришиш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.