Версия для печати
12 Авг 2023

ШОГИРДПАРВАР УСТОЗНИ ЭСЛАБ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Хотира

Юртимизда илм-фан ва бир қатор ижтимоий соҳаларнинг ривожланишида устоз олимларнинг сермазмун ва ибратли ҳаёт йўллари муҳим албатта. Самарали фаолият кўрсатган ва кўплаб шогирдлари билан бугун ҳам фанимизга наф келтираётган олимлардан бири, профессор Иброҳимжон ака Алимовдир.

Бу йил таниқли тарихчи ва архившунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, профессор, устозимиз Иброҳимжон Алимов ҳаёт бўлганларида 88 ёшга тўлар эди.

Иброҳимжон Алимов 1935 йили 5 апрелда Андижон шаҳрида туғилган. Устоз 1953 - 1958 йилларда Москва давлат тарих-архив институтида таълим олгач, шу йили республикамиз Марказий давлат архивида катта илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. 1965-1973 йилларда Марказий давлат архиви директори вазифасида фаолият юритган даврда вилоятлар  архивларида кенг кўламда ташкилий ишларни амалга оширганлиги хусусида архив манбалари далолат беради. Устоз 1989-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида бўлим мудири, 1996 йилдан умрининг охиригача Андижон давлат университети профессори вазифаларида фаолият олиб борди.

Устоз бир вақтнинг ўзида илмий-ижодий ишлар билан ҳам шуғулланиб, тарих фанлари   бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлади, профессор унвонига сазовор бўлди. Архившуносликда, айниқса Ватанимиз тарихини ёритишда архив ҳужжатларидан манба сифатида фойдаланиб яратилган бир неча юзлаб монографик асарлар ва илмий мақолаларнинг муаллифидир.

Иброҳимжон Алимов нафақат тарихчи олим, балки таниқли жамоат арбоби, архив ишлари билимдони ва моҳир ташкилотчи раҳбар, шогирдларига бағри кенг устоз сифатида Ўзбекистон ва ундан олис юртларга ҳам танилди.

Устоз тарбиялаб, таълим берган шогирдларининг орасида Давлат стипендиялари совриндорлари, тарих фанининг турли йўналишлари бўйича фаолият кўрсатаётган фан докторлари ва фан номзодларини республикамизнинг кўплаб вилоятларида учратишимиз мумкин.

Устоз Иброҳимжон Алимовнинг иштироки ва раҳбарликларида амалга оширилган ўнлаб илмий ишлар Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган ёки умуман тадқиқ қилинмаган мавзуларига бағишланган.

Тарих фани соҳасида ўз касбига чуқур меҳр қўйган фидойи архившунос олим сифатида танилган устозимизнинг аввало камтарлиги, ҳалоллиги, бошқаларга намуна бўладиган даражада одамлар билан муомаласи, ҳеч бир инсондан  ўзининг маслаҳати ва ёрдамини аямаслиги, ўрнак бўларли одоби сингари инсоний фазилатлари биз шогирдларида ибрат вазифасини ўтамоқда.

Биз шогирдлари, устозимизга кўпинча оддийгина, домла деб мурожаат қилганмиз. Устознинг ажойиб фазилатларидан яна бири шу эдики, шогирдларига ўта ғамхўр бўлган. Шогирдлари талаба, магистр ёки тадқиқотчи бўлишидан қатъи назар устознинг ҳимояси ва эътиборини доим ҳис қилишган. Устоз барча шогирдларига, аввало, илмий адабиётлар ва архив манбалари билан ишлаш сирларини ўргатган.

Мен ҳам домлага ўзига шогирдликка олишини, соҳаси  бўйича мавзу беришини илтимос қилганим ҳамон хотирамда. Иброҳимжон домла бир неча ой вақт ўтгач, менга тақдим этилаётган "Колониал даврда Фарғона водийси пахтачилиги тарихига оид архив ҳужжатларининг манбашунослик таҳлили" мавзусини тарихчи олим Ҳамиджон Зиёев билан  муҳокама қилганини айтиб, "лекин умрингиз архивда ўтади" деб ҳазиллашиб қўйган эди.

Устознинг олим сифатида бошқаларда кам учрайдигин айрим ноёб жиҳатларига назар соладиган бўлсак, олимнинг зиёлилиги, ўта маданиятли, камтарлиги ва хушмуомалали, юксак салоҳиятли, маънавий уйғоқ,  собитқадам, савоб ишларни кўп қиладиган, меҳр-оқибатли, шогирдпарвар, доимо чеҳрасида  табассум билан инсон меҳрини эгаллайдиган сифатлари билан кўз олдимизда гавдаланади.

Устознинг камтар инсон бўлганлигига бир мисол. Тарихчи олим Сотимжон Холбоевнинг 2015 йилда чоп этилган "Миллий мустақиллик ва тараққиётнинг ўзбек модели" номли монографиясида, 1990 йилнинг июль ойида Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикасининг ташкил топган санасини аниқлаш масаласида, мамлакатимиздаги етук тарихчи олимлардан олти нафарини қабул қилган.Ташриф буюрганлар орасида профессор Иброҳимжон Алимов ҳам бўлгани ҳамда мазкур санани аниқлаш бўйича тузилган комиссия таркибида фаолият юритгани, 1925 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси ташкил этилгани архив ҳужжатлари асосида исботланганини баён этган. Камтар устозимиз эса, Биринчи Президентимиз билан учрашгани ва суҳбатлашгани ҳақида ҳеч қачон гапирмаган ва матбуотда ҳам ёзмаган эди.

Устознинг фаолияти тўғрисида 12 жилдли Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 1-жилдида ҳам маълумотлар берилган.

Юксак маънавиятли, олижаноб фазилатлар эгаси бўлган раҳматли устозимиз Иброҳимжон Алимовнинг илмий ҳамда педагогик фаолияти, сермазмун ҳаёти шогирдларига ҳамиша ибрат бўлиб қолади.

Авазбек МИРЗАЕВ,

Андижон давлат университети

"Жаҳон тарихи" кафедраси катта ўқитувчиси,

тарих фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори.

Прочитано 518 раз
Super User

Последнее от Super User