Версия для печати
07 Дек 2017

ЭҲСОННИНГ КЎПИ ҲАМ, ОЗИ ҲАМ ЭҲСОН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Яқинда маҳалламиздаги хонадонлардан бирига эҳсонга айтишди. Ёши катта  аёллар тўпланишиб, айтилган хонадонга бордик. Дастурхон турли ноз-неъматлар билан тўла, келинлар хизмат қилиб юришибди.

Кириб ўтиришимиз биланоқ икки донадан иссиққина сомса олиб келинди. Сўнгра ярим косадан суюқ овқат тортилди. Суюқ овқатни ичиб бўлгач, дастурхондаги ноз-неъматлардан тановул қилиб ўтирдик. Яқин қўшнилар пишириб чиққан шекилли, келинлар манти олиб киришди. Манти эгасини дуо қила-қила, ундан ҳам тотинган бўлдик. Шу билан бўлди, деб ўйлагандим,  аммо уй эгаси "ошни келтираверишсинми?" деб қолди. Қоринлар тўйиб бўлган, ошқозонда ошга жой йўқ. Эҳсон қилган одамнинг ҳурматидан ноилож, келтирилган паловдан бир-икки қошиқ насиба олгандек бўлдик. Бироқ, қанча овқат ортиб қолди...

Зиёфатнинг якунида икки аёл сават кўтариб кириб келишди. Биринчи саватда ки-йимлик материал, иккинчи саватда эса идиш-товоқлар бор эди. Аёллар саватдаги нарсаларни тарқата бошлашди. Бир аёлга материал билан идиш-товоқ, яна бошқасига идиш-товоқнинг ўзи, баъзи аёлларга эса дурра  тарқатилди. Аслида бу нарсаларни тарқатишнинг кераги йўқ эди. Ахир уй эгалари шунча овора бўлиб, маҳалладаги аёллар учун турли хил таомлар тайёрлаган эдилар. Даврадаги аёллар бир-бирларининг қўлларига қараб, кимга нима берилганини кузатардилар. Ўртада ноқулайлик пайдо бўлди...

Бу биргина ҳолат эмас. Ҳозир эҳсонларимиз ҳам замонамизга яраша, тўкин-сочин ўтадиган бўлиб кетган. Ноз-неъматлар исрофгарчилигини қўя турайлик, эҳсондаги аёлларга мартабасига, тоифасига яраша совға-салом бериш урф бўлган. Маҳалладаги нуфузига қараб, бу     совға-саломларнинг қиймати ҳам турлича. Юқорида айтганимдек, кимгадир қимматбаҳо материал, кимгадир оддий дурра.

Тўй-маърака, эҳсонлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-ҳаражат ҳақида кўп гапираяпмиз. Аммо, маҳаллалардаги бундай ҳолатлар ҳеч камаймаяпти. Бу тадбирларни тартибга солиш отинойи, маҳалла кайвониларига юклатилган. Аммо, энг қизиғи, совға-саломларнинг энг яхшилари аввало, уларнинг ўзларига бўляпти.

Муқаддас динимизда эҳсонни фақат муҳтож одамга қилишлик буюрилади. Ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳақда  жуда кўп ёзилган. "Ҳақиқий муҳтож одам туриб, тўқ одамга берилган эҳсон Ҳақ даргоҳида қабул қилинмайди". Бироқ эҳсон қилаётган одамлар ана ўша зиёфатга айнан муҳтож, кам харажатли оилаларни айтаяптими? Тўйларда тоғора-тоғора ортиб қолган овқатларни қўшнисининг моли-ю, товуғига олиб чиқиб бераётган ўзига тўқ хонадон эгалари маҳалласининг қайсидир бурчагида серфарзанд, кунда бир маҳал қозонни зўрға қайната оладиган камхарж оилалар борлигидан хабари бормикин? Назаримда, аксарият эҳсонлар риё учун,  одамлар кўрсин-билсин учун, "фалончи жуда сахий-да", дея маҳаллада гапиришлик учун қилинаётгандек.

Оллоҳ йўлида эҳсон қилишликни кўнглимизга туккан эканмиз, аввало, бу эҳсонимиз Яратганнинг даргоҳида қабул бўлишини ўйлайлик. Садақанинг ками ҳам, кўпи ҳам садақа! Фақат у кимларга берилишига боғлиқ.

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи

Прочитано 2170 раз Последнее изменение 05 Фев 2018
Super User

Последнее от Super User