Версия для печати
18 Нояб 2017

Илм - инсонни бахт-саодатга етказади

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(47-сон) Мулоҳаза

Ёш авлодни ҳар жабҳада билимли, қобилиятли, маънавий етук, комил инсон қилиб тарбиялашда илмнинг ўрни беқиёс. Зеро, билимли ёшлар Ватанимиз келажаги ҳисобланади. Она Ватанимиз - Ўзбекистоннинг ҳар соҳада юксак тараққиёти билимли ёшларга боғлиқдир.

Инсоннинг олган билими унинг ҳаёти қай даражада бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Минг афсуски, бугунги кунда айрим тенгдошларимиз кўпроқ ўқиб, илм олиш ўрнига ўзларининг қимматли вақтларини интернет тармоқларида турли ўйинлар ўйнаш, телефонда соатлаб гаплашиш, бировларни ғийбат қилиш сингари бемаъни ва фойдасиз ишларга сарфлаётганликларини кўриб, ачинасан киши.

 Ҳар бир янги ниҳол яхши парвариш қилинса, кутилгандек мева беришини барчамиз биламиз. Шу маънода юртимизда биз ёшларнинг ўқишимиз, пухта билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Илм эгаллашга қизиқтириш барчамизнинг улкан вазифамиздир. Бу долзарб масалага халқимиз азал-азалдан алоҳида эътибор қаратиб келган.

Шарқ адабиётида ҳам азалдан ёшларни илм олишга даъват этиш, илм инсонни бахт-саодатга етказувчи восита эканлиги ҳамда комил инсонни тарбиялашдаги аҳамияти хусусида кўплаб асарлар яратилган.

Мумтоз адабиётимизнинг Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий каби буюк даҳолари ҳам ўз асарларида илм инсон ҳаётида  муҳим эканлигини  таъкидлаганлар. Айниқса, Аҳмад Югнакийнинг ''Ҳибат ул-ҳақойиқ'' асаридаги илм олишнинг фазилати тўғрисида битилган ибратли баёнларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Югнакийнинг ушбу асари ўзидан олдинги дидактик адабиёт анъаналарини изчил ва ижодий давом эттиргани билан ҳам қимматлидир. Асар инсонларга исломий одоб-ахлоқ қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан сабоқ беради. Илм ўрганиш инсонни саодатга элтувчи восита эканлиги уқтирилади.

Асар муқаддимасида илм олишнинг инсон учун қанчалик муҳим эканлиги баён этилиб, илмли ва илмсиз кишиларнинг хусусиятлари ўзаро таққосланади. Яъни, илмли инсонлар доимо керакли сўзни сўзлайдилар, уларнинг сўзи бошқалар учун ибрат бўлиши, илм билан инсон саодатга эришиши, илмсизлик эса кишини тубанлаштириб, ҳалокатга етаклаши баён этилади.

Дарҳақиқат, илмли, юксак маънавиятли, одоб-аҳлоқли инсонлар яшайдиган жамиятда ёмонликка асло ўрин қолмайди. Чунки улар ҳар бир ишни ақл билан бажарадилар. Илм шундай бебаҳо хазинаки, у соҳибини ҳеч қачон тарк этмайди, шу билан бирга уни юксак мартабаларга етказади.  Илмсизлик эса инсонга ҳаёти давомида кўплаб қийинчиликлар, муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Илмсиз инсон муаммо ва қийинчиликлар  олдида ожиз қолади. Илмли инсон вафот этганидан кейин ҳам бажарган эзгу амаллари билан инсонлар қалбида яшайверади. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ҳаётда имкон қадар илм олишга интилмоғи керак.

Илм шундай нурки, у инсоннинг ҳаёт йўлини ҳамиша ёритади. Ўз соҳибини эзгу ишлар қилишга, она юрт тараққиёти учун  фидойи бўлишга ундайди. Ушбу фикрлардан ҳар биримиз, айниқса, биз - ёшлар керакли хулоса чиқаришимиз, олтиндан қиммат вақтни исроф қилмасдан илм эгаллаб, келажакда комил инсон бўлишга астойдил  ҳаракат қилмоғимиз зарур. Шундагина ота-онамизга, юртимизга муносиб хизмат қиладиган инсон бўлиб камол топамиз.

 

Моҳинур  ҲАМИДОВА,

 

АДУ талабаси.

Прочитано 1750 раз
Super User

Последнее от Super User