Версия для печати
22 Нояб 2017

Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш - долзарб вазифа

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(48-сон)

Фикр

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу ишларнинг барчаси инсон, унинг манфаати ва турмуш фаравонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Маълумки, Ўзбекистон   аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ислоҳотлар жараёнидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик томонидан бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ёшларни ёт ғоявий ва мафкуравий хуружлар таъсиридан, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Ўзбекистон давлатининг буюк  келажаги ҳозирги кунда, асосан мактабларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли, иқтидорли ва ташаббускор ёшларга боғлиқ.  Чунки бу ёшлар мамлакатимиз иқтисодиёти, маданияти ва ишлаб чиқариш соҳаларида ижод қиладиган,  келажагимиз пойдеворини яратадиган ёшлардир" деган эдилар.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринларини топишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий база шаклланган. Хусусан, 2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қонун 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ана шу йўналишдаги ишларни тартибга солади. Қонунда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик институтлари вазифалари белгилаб берилган. Айниқса, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назорати масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ глобаллашув жараёни шиддат билан давом этаётган, турли ғоявий курашлар авж олган таҳликали бир шароитда ота-оналар, маҳалла, устозлар, кенг жамоатчиликнинг ҳушёр ва огоҳ бўлиши талаб этилади. Зеро ёшларимиз ана шундай таҳдидлар таъсирига тушиб қолмасин.

Бугунги кун ёшлари нафақат фаол, балки юқоридаги каби таҳдидларга қарши тура оладиган билимдон, юксак маънавиятли  бўлишлари керак. Юртбошимиз таъкидлаганидек, болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшлар билан кўпроқ гаплашиб, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечишда амалий ёрдам кўрсатишимиз, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифани самарали амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянмоғимиз лозим.

Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин эгаллашлари учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз керак.

 

  Суннат КАРИМОВ,

 ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий қисм командири ўринбосари.

Прочитано 2474 раз Последнее изменение 08 Янв 2018
Super User

Последнее от Super User