Версия для печати
22 Авг 2019

ЎРГАНГАН КЎНГИЛ ЎРТАНСА ҚЎЙМАС ёхуд бурнига сув кирмаган фирибгарга жазо тайинланди.

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Жиноят ва жазо

Хўжаободлик Нуриддин Тошболтаев соғлом, бақувват бўлса-да, бирон тайинли ҳунарнинг бошини тутмади, бирон жойда ёлчитиб ишламади. Олти нафар фарзанднинг отаси бўлгани ҳолда, бурчи, масъулияти, фарзандларига ўрнак бўлиши кераклигини унутди. Осон даромад топишни мўлжаллаб, фирибгарликка такрор ва такрор қўл урди.

2016 йилдаги суд ҳукмига мувофиқ, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Нуриддин ҳали жазони тўла ўтаб улгурмасидан, яна суднинг қора курсисига ўтирди. Бунга унинг қилмишлари, алдов йўли билан фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик кўчасига юргани сабаб бўлди.

"Кўза кунда эмас, кунида синади", деб бежиз айтишмаган. Нуриддин Тошболтаев Саноатчилар маҳалласида яшовчи Фаррух Мирзараҳимовнинг яшаш хонадонига бориб, унга тегишли "Нексия" автомашинасини сотиб олиш учун савдолашади. Келишилган 5.500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни бир йил мобайнида бўлиб-бўлиб беришни ваъда қилиб, автомашинани олиб кетади. Сўнг ушбу автомашинани Шерзод Қўлдашев исмли фуқарога 3.300 АҚШ долларига сотиб, пулларни Ф.Мирзараҳимовга бермасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Бундан ташқари, ҳеч қанча вақт ўтмасдан машина сотиб олиш ниятида юрган фуқаро Достонбек Саидовни ҳам чув туширади. "SPARK" русумли автомашина борлиги, уни арзон нархга олиб бериши, бироқ автомашина эгасига олдиндан озроқ пул бериши кераклигини айтиб, содда қишлоқдошидан 1.800 АҚШ доллари ҳамда 2.300.000 сўм пулларни олиб, ишлатиб юборади.

Бу билан Нуриддиннинг фирибгарликлари тугамайди, пулнинг ҳидига ўрганган, осон ва мўмай даромад топишнинг ҳадисини олган Тошболтаев шундан сўнг ҳам 3-4 содда фуқаронинг ишончига киришга, алдаб, пулларини ўзлаштиришга уринади.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонларнинг фикри, судланувчининг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Н.Тошболтаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 168-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан илгариги ҳукм билан тайинланиб, ўталмай қолган жазо муддатини мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиб, айбланувчига узил-кесил 6 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Яратган барчамизга буюк неъмат - фарзандни фаришта ҳолида ҳадя этади. Бироқ, унинг келажакда яхши инсон ёки манфур шахс бўлиб етишиши биз ота-оналарнинг берган тарбиямиз, едирган ҳалол луқмамизга боғлиқ. Шундай экан, ўғилдир-қиздир, фарзандларимиз тарбиясига эътиборли бўлайлик!

 

Муҳайё ТУРДИЕВА,

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси.

Прочитано 1087 раз Последнее изменение 11 Сен 2019
Super User

Последнее от Super User