Версия для печати
15 Окт 2022

ТИЛ - МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

 

Тил - миллий маданиятнинг шакли сифатида унинг маънавий бойликларини замон ва маконда бирлаштиради.

Тил миллатнинг руҳи ва уни ушлаб турувчи восита ҳисобланиб, ҳар бир миллатни бутун дунёга танитадиган асосий омил бўлиб ҳам хизмат қилади. Тафаккур билан тил бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда доимий ривожланиб боради. Жамики яхши фазилатлар инсон онги ва шуурига она тилининг жозибаси билан сингади.

"Кўнгил маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калитин сўз бил", - деган эди ҳазрат Навоий. Ўзликни, миллий қадрият ва урф-одатларни англашда, тарихни билиш ва келажак ҳақида фикр юритишда тил муҳим омил ҳисобланади. Шу ўринда улуғ рус олими Ушинскийнинг қуйидаги сўзларини ёдга олиш ўринли: "Тилдаги ҳар бир сўз, унинг ҳар бир шакли инсон тафаккури ва туйғусининг натижасидир. Ўша тафаккур ва  туйғулар орқали сўз ёрдамида мамлакат табиати ва халқи ифода этилган."

Мен она тилимиз билан фахрланаман. Бундан ўттиз уч йил аввал ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Буюк адиб ва мутафаккирларимиз томонидан умуминсоният учун бебаҳо мерос бўлган кўплаб асарлар яратилганлиги тилимизнинг қадим тарихини ва ўлмас эканлигини кўрсатади.

Қолаверса, она тилимизда халқимизнинг қадим қадриятлари, анъана ва урф-одатлари, миллий руҳи, тарихи ўз аксини топган. Зеро, маърифатпарвар улуғ адибимиз Абдулла Авлоний: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойнайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир" дея бежизга таъкидламаган эди.

Шундай экан, бугун ҳар бир юртдошимиз миллатимиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаши, софлигини сақлашга масъул эканлигини асло унутмаслиги лозим.

 

Шаҳло ҲАМИДОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқитувчиси,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Прочитано 266 раз
iqbol

Последнее от iqbol