Версия для печати
12 Май 2023

КИМ ИЛМ ИЗЛАСА, АЛЛОҲ УНГА ЖАННАТ ЙЎЛИНИ ОСОН ҚИЛАДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Барчамиз яхши биламизки, Ислом динида илм олишга катта эътибор қаратилади. Умуман, илм эгасини икки дунёда ҳам азиз қиладиган улуғ неъмат эканлиги ҳам диний, ҳам дунёвий адабиётларда жуда кўп бор таъкидланган.

Аммо баъзида дунёвий илмлар бизга Аллоҳ таолонинг розилиги томон олиб борувчи кўприк вазифасини ўтамайдигандек туюлади, буни ҳис этишимиз, тан олишимиз бироз қийин кечади. Хўш, дунёвий илмлар бизни Холиқ томон етаклаши учун, уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.): "Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга Жаннат йўлини осон қилиб қўяди",- дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Ўша пайтларда илм излаш ҳақиқатан ҳам машаққатли  бўлиб, кўпинча одамларни ўз ватанини узоқ вақтга тарк этишга мажбур этарди. Ҳозирги кунга келиб, биз илм йўлидаги "қийинчиликлар"нинг бошқа турини бошдан кечиряпмиз. Дунёвий билимларнинг бари, кўпинча бизни Аллоҳга яқинлаштира олмаётгандек, аксинча "диний" ва "дунёвий" билимлар атамалари кундан-кунга бир-биридан узоқлашаётгандек, кўринади ва бу бизни гўёки боши берк кўчага олиб кириб қўяди-да, танлов борасида иккиланиб қоламиз. Бундай ҳолларда, қандай қилиб илм олиш, ҳатто дунёвий илмлар орқали ҳам Аллоҳ таолога муқарраб бўлиш мумкинлигини билишимиз, ҳар икки - ҳам диний, ҳам дунёвий илмни бирдек олиб кетишимиз мумкин бўлади?

 Аввало, "Дунёвий" илмларни ўрганиш, ҳануз Аллоҳ азза ва жалла билан боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак. Бизларда илм - "исломий" ва "дунёвий" бўлади, деган тушунча шаклланиб қолган. Аллоҳ таолонинг ўзи осмонлару ерни биз учун яратган бўлсаю, энди биз буларни ўрганиб, улар орқали Яратгувчининг сифатларини яқиндан танишга ўринсак, шунинг ўзи Холиққа томон яқинлашиш эмасми? Масалан, инсон табиатшунослик фанини ўрганиш орқали, Аллоҳ таолонинг яратилмишлар борасидаги нозил қилган оят-мўъжизаларини яқиндан ўрганади ва унда Аллоҳ таолонинг оятларига таслимият ҳосил қилади, бу илмлар кишининг қалб тўрига чуқур сингиб боради. Табиб, ёзувчи, тадбиркор ва ҳатто, қурувчи бўлиш орқали ҳам Аллоҳ азза ва жалла бандаларнинг ҳаёт тарзларига енгиллик ва сурур олиб кириш ила Холиқнинг розилигини топса бўлади. Чунки Ҳақ таоло Ўзининг розилигини мана шу яхшиликлар ичига яширган ва бу унда мурувват бўлган барча ишларда топилади. Шундай қилиб, одамзод барча тирик жонзотларга ёрдам бериб дунёвий илмлари орқали ҳам Роббининг розилигига эришиши мумкин экан.

Бизга том маънода ибрат бўла оладиган тарихга назар ташлайлик. Бутун дунё жаҳолат ботқоғи узра сузиб юрган пайтларда, айнан ислом ўзининг забардаст уламолари билан дунёни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқди, уларга фалсафа, тиб, риёзиёт, ахлоқ, поклик ва бошқа соҳаларда ҳам таълим берди. Айнан улар, дунёнинг биринчи кашфиётчиларидан бўлишди. Замонавий тиббиётнинг отаси бўлган Абу Али ибн Сино, биринчи назарий-физик  ал-Хайсам ёки алгебра фанининг асосчиси ал-Хоразмий каби олимларнинг ҳаёти ва фаолияти бунга яққол далилдир. Уларнинг тинимсиз илм олишлари, юксак кашфиётларига энг аввало,  Аллоҳ таолога бўлган муҳабббатлари, ҳам диний, ҳам дунёвий илмни пухта ўзлаштирганлари мустаҳкам замин яратиб берган.

Дунё тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг аждодлари сифатида шуни билишимиз керакки, қачонки биз ўша буюкларимиз изидан юриб, уларнинг йўлини давом эттирар эканмиз, нафақат Ислом, балки бор илму маърифат, дунёвий илмлар ҳам гуркираб ривожланади. Бунинг учун айниқса, биз ёшлар ҳамиша Аллоҳни зикр этган ҳолда изланишдан, илм олишдан тўхтамаслигимиз лозим.

Ҳусайн ЁДГОРОВ,

   "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

Прочитано 265 раз
Super User

Последнее от Super User