Версия для печати
02 Март 2017

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ - МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(10- сон) Муносабат

Ўсиб келаётган ёш авлодни имон-эътиқодли, ватанпарвар, юксак салоҳиятли ва эл-юртига наф келтирадиган комил инсон қилиб вояга етказишда оиладаги муҳит, ота-она тарбияси муҳим ҳисобланади. Чунки инсон  ҳаётдаги жуда кўп нарса унинг болаликда олган тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

Афсуски, бугунги кунда баъзи ота-оналар фарзанд   тарбиясига лоқайдлик билан қарамоқда. Яъни уларни билим олишга, бирор касб-ҳунарнинг этагини тутишга эмас, балки пул топишга ундаётганликлари асло кечириб бўлмайдиган ишдир.

Мамлакатимизда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган, ота-оналар фарзандларини ана шу давр мобайнида мактабда, коллежда ўқиши учун масъул эканликларини унутмасликлари лозим.  Лекин орамизда шундай ота-оналар ҳам борки,  фарзандларини мактабга юбормай бозорга чиқишга мажбур қилади. Айрим ёшларнинг турли иллатлар гирдобига тушиб қолиши, ҳатто жиноят кўчасига кириб қолишларига ҳам кўпроқ ота-оналари, уларнинг эътиборсизликлари сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Бироқ назоратсиз қолаётган, қўлида пули бор болалар кўнгиллари тусаган ишни қилиб, охир-оқибат муаммолар гирдобида қолмоқда.

Айрим ота-оналарнинг данғиллама ҳовли-жой, қимматбаҳо машина ва бошқа ўткинчи хою-ҳаваслар кетидан қувиб, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик  қилаётгани етмаганидек, уларни ҳам ана шундай ҳаёт тарзига ўргатаётганликларини асло оқлаб бўлмайди.

Фарзанд тарбиясида ота-она ибрат бўлиши керак, ахир болалар ҳаётда энг аввало, ота-онасидан ибрат олади. Шу ўринда айрим оила бошлиқларининг ичкиликка ружу қўйиб, маст-аласт юриши,  уйига келганида эса фарзандларини хақоратлаб, уриб-сўкишидан болалари қандай тарбия олади? Ўзида мавжуд бўлмаган эзгу ҳислатларни қандай қилиб фарзандида   шакллантириши мумкин?

Кўчаларда тор-танқис либослар кийиб олиб, ўзига ҳаддан зиёд оро бериб юрган аёллар оналик мақомига муносибми? Парокандаликка юз тутган оилада руҳан тушкунликка тушиб, улғаяётган болалар келажаги яхши бўлишига ким кафолат беради?

Тарбия бериш фақатгина "Одобли бўл, яхши ўқи" деб айтишдангина иборат эмас, балки шахсий намуна бўлишдир. Шундай экан, фарзандларга тарбия берувчи ота-она устозлар кенг феълли, гўзал хулқ ва яхши амаллар соҳиби бўлмоғи жоиз. Фарзандни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги улкан масъулиятдир. Зотан, маънан етук, жисмонан соғлом, комил фарзанд юрт таянчи, оила ва ота-онанинг ифтихори бўла олади.

Мархабо АКБАРАЛИЕВА, жамоатчи мухбир.

Прочитано 2127 раз
Super User

Последнее от Super User