Ибратли ҳикоятлар
Кунларнинг бирида сичқон ферма хўжайини қўйган қопқонни кўриб қолди. У бу ҳақда қўйга, товуққа ҳамда сигирга айтиб берди. Аммо улар: "Қопқон бизнинг муаммоимиз эмас. Биз унинг нимасидан қўрқамиз? Унинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ", деб жавоб қайтаришди.
Кунлардан бир кун қопқонга илон тушиб қолди ва хўжайиннинг хотинини чақиб олди. Хотинининг танасидан илоннинг заҳрини чиқариб ташлаш ва унга қувват бўлади, деган умидда фермер товуқни сўйди-да, ундан хотинига товуқ шўрва тайёрлаб берди. Касалманд хотинини кўришга келаётганлар олдида уялиб қолмаслиги учун қўйни сўйди ҳамда унинг гўштидан турли таомлар тайёрлаб, меҳмонларни кутиб олди. Аммо, афсуски, хотини вафот этди. Маъракани ўтказиш учун фермер сигирни ҳам сўйишга мажбур бўлди.
Бу ўтган вақт мобайнида вазиятни ўз уясидан кузатиб турган сичқон бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида фикр юритарди...
Қиссадан ҳисса: Бу ҳаётда ҳеч ким ҳеч нарсадан ҳимояланмаган, шу сабабли бошқанинг муаммосига бефарқ бўлмаслик керак.
Олий мақсад
Уч киши тош ташиётган эди. Уларнинг биридан сўрашди:
- Умуман олганда, бу ерда нима қилаяпсан?
У пешонасидаги терни артиб ташлади-да, жавоб берди:
- Мана шу меҳнатим туфайли қаддим букилиб, оғир кунларга қолиб кетдим.
Иккинчисининг олдига бориб ундан сўрашди:
- Сен нима қилаяпсан?
У енгларини шимарди-да, тумшуғини кўтариб, ғурур ила жавоб берди:
- Пул ишлаяпман. Бу ерда бошқа нима ҳам қилардим?
Кейин учинчи кишидан сўрадилар:
- Сен нима иш қилаяпсан?
У жилмайди-да, жавоб берди:
- Одамлар яшаши учун уй қураяпман.
Қиссадан ҳисса: Қачонки олдингга олий мақсад қўяркансан, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётингда маъно бўлади.
Муҳайё тайёрлади.