Кўрпангга қараб оёқ узат!
Бургут баланд бир дарахтда шунчаки дам олиб ўтирган эди. Унинг бу ўтиришини кўриб қолган қуёнча бургутдан сўради:
- Худди сендек ҳеч нарса қилмай, бамайлихотир ўтиришим мумкинми?
- Албатта, мумкин, нимага йўқ экан, - деди бургут.
Қуёнча дарахтнинг тагига ўтириб дам олишни бошлади. Шунда қаердандир тулки пайдо бўлди-ю, уни ушлаб, еб қўйди.
Қиссадан ҳисса: Агар сен ҳеч иш қилмасдан бемалол ва хотиржам бўлишни хоҳласанг, жуда-жуда юқорида ўтиришинг керак. Кўрпангга қараб оёқ узат!
Пулнинг қадри
Кунларнинг бирида киракашга шаҳардаги машҳур миллионерлардан бирини қаергадир олиб боришга тўғри келди. Ҳалиги миллионер машинадаги ҳисоб-китоб ускунасига қараб оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, аниқ кўрсатилган қийматга яраша ҳақ тўлади.
Шунда киракаш сўради:
- Кеча ўғлингизни олиб келиб қўйгандим. У менга чойчақа сифатида 100 доллар берганди. Сиз бўлсангиз тийин-тийингача ҳисоб-китоб қилиб ўтирибсиз.
- Нима ҳам дея олишим мумкин. Ўғлимнинг миллионер отаси бор, мен эса етимман.
Қиссадан ҳисса: Пешона тери билан меҳнат қилган одамгина пулнинг қадрини билади.
Моҳидил тайёрлади.