Версия для печати
22 Окт 2020

Она тилимизнинг софлиги ҳақида ғурбат чекмоғимиз даркор

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Она тилимиз миллатимиз руҳини англатувчи бебаҳо неъматдир. Инсон онгу-тафаккурини тил орқали баён этади. Қувончу-ташвишини ҳам она тили орқали ифода этади.

Боболаримиз сўз мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий, Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфийлар ҳам она тилимиз орқали гўзал ашъорлар, шеъру, ғазаллар, достону рубоийлар битганлар ва туркий халқларнинг она тилларини бадиий жиҳатдан янада бойитганлар.

Мамлакатимизда 21 октябрь санаси муҳим байрам сифатида нишонланади. Ҳа, бу кун миллат байрамидир. Миллатимиз рамзи бўлган она тилимизга Давлат тили мақоми берилган кундир. Ўттиз йилдан ортиқ вақт бўлдики, халқимиз бу кунни алоҳида эътибор билан нишонлаб келади, она тилимиз улуғланаётганидан фахрланиб яшайди.

Яқинда Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу халқаро миқёсда тилимиз нуфузини янада оширди. Демак, ўзбек тили халқаро майдонда ҳам  ўз нуфузи ва мавқеига эга бўлган тил сифатида эътироф этилаётгани барча юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган  давлат рамзига айланди.

Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Дунёдаги барча халқлар ўз миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки, бу  халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари - ўқитувчилар, тилшунослар, умуман, ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллат ғурури эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таьсирига тушмайдиган бўлиб етишадилар.

Она тилига меҳримиз Она Ватанга бўлган ватанпарварлик ҳисси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек: "Биз Ватан ҳақида, она тилимизнинг софлиги ҳақида ғурбат чекмоғимиз даркор". Шундагина Ватанимиз  тараққиёт сари юксалаверади, Она тилимизнинг қадри янада баланд бўлади.

 

Нодирахон МАТҲОЛИҚОВА,

Бўстон туманидаги

10-умумтаълим мактаби

 

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Прочитано 1312 раз
Super User

Последнее от Super User