Ҳуқуқшунос минбари
Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларга айтилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 101-112- моддаларида битим тушунчаси, унинг турлари ва шакллари ҳақида кенг тушунчалар берилган, шунингдек, битимларни тузиш, бу борадаги ҳаракатларнинг тартиблари белгиланган.
Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар шаклида) бўлиши мумкин. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.
Бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, битимлар шартли тарзда ҳам тузилиши мумкин. Яъни, агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг келиб чиқишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум бўлган ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим кечиктириш шарти билан тузилган ҳисобланади.
Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим, агар шартнинг юз беришига унинг юз беришидан манфаатдор бўлмаган тараф инсофсизлик билан қаршилик кўрсатган бўлса, бу шарт юз берган деб ҳисобланади.
Битимлар оғзаки ёки ёзма шаклда тузилади.
Битимнинг оғзаки шакли - қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан, у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин.
Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.
Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераётган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан тузилиши мумкин.
Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади.
Битимни нотариал тасдиқлаш ЎР Фуқаролик Кодексининг 107-моддаси талабларига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади.
Дилдора ҚАДИРОВА,
Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.