Ҳуқуқшунос минбари
Ҳаммамизга маълумки, барча давлатлар каби бизни мамлакатимизда ҳам Конституция бу асосий Қонундир. Барча қонунлар Конституциянинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади ва унга зид бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатимиздаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди, десак асло муболаға бўлмайди.
Чунки, айнан шу Фармон билан жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш белгиланиб, ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон ва унинг манфаатларини улуғлашга қаратилди.
Шиддат билан ривожланиб бораётган жамият ҳаёти Ўзбекистон Республикасида Конституциявий нормаларни янада такомиллаштириш заруратини тақозо этди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев 2021 йил 27 апрель куни "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунни имзолади.
Янги имзоланган қонун 13 та боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, аввалги қонунга нисбатан такомиллашган. Бундан ташқари, янги Қонунда Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари ва уларнинг мазмуни, Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, ишни кўриш учун қабул қилиш, Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, Конституциявий суднинг қарорлари, суд мажлисининг баённомаси, процессуал муддатлар ва айрим тоифадаги ишлар бўйича иш юритишнинг ўзига хос хусусиятларига ҳам тўхталиб, Конституциявий суд томонидан иш кўрилишининг процессуал жиҳатлари батафсил ёритилган.
Ушбу Қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Эндиликда, янги Қонунга кўра Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда 9 нафар судьядан иборат таркибда фаолият кўрсатадиган бўлди, илгари ушбу суд таркиби 7 нафарни ташкил қилар эди.
Янги таҳрирга кўра, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати кенгайтирилди.
Яъни, энди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг Миллий маркази ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин.
Қонундаги янгиликлардан энг асосийси, бу фуқаролар ва юридик шахслар қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласа ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, эндиликда Конституциявий суд Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқини Конституция қабул қилинганининг 28 йиллиги билан йўллаган табригида ҳам "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир" деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда."-деб айтган сўзлари жамият ҳаётининг муҳим қоидасига айланди.
Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунга кўра, эндиликда Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиб боради. Бу эса Конституциявий суднинг ҳам халқ ва давлат олдидаги ҳисобдорлигини белгилаб, бу ўзгартиш мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларга тўлиқ мос келади.
Бу ўзгаришлардан кўринадики, Конституциявий суд янги Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чин маънодаги ҳимоячисига айланди.
Эркинжон САБИРОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd).