Вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси томонидан 2022 йил давомида хотин-қизлар билан янгича ишлаш бўйича қўшма дастур имзоланиб, мазкур дастур доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар билан янгича ишлаш, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий, руҳий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган қўшма дастурда белгиланган вазифалар ижроси доирасида туман ва шаҳарларда кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Шаҳрихон туманидаги маҳаллаларда вилоят ички ишлар бошқармаси, туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида мутасаддилар, қўшма дастур асосида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишлар «хондонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» тамойили асосида ташкил этилмоқда.
Мутасаддилар ҳар бир оилага кириб, оиланинг ҳар бир аъзоси билан бевосита суҳбатлар ўтказмоқда, ҳуқуқбузарлик соҳасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдинда аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Мазкур жараёнда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор фуқаролар, нотинч ва муаммоли оилалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Мақсадимиз опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, уларни турли тайзиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган ишларни кучайтириш - дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зиёдахон Бозорбоева. - Қолаверса, хотин-қизлар, хусусан, аҳолининг муаммоли қатлами вакилларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, умуман, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, ижобий натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳрихон туманида «хонадонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» ишлаш тамойили асосида келгусида хотин-қизлар иштирокидаги, шунингдек, оила-турмуш доирасидаги жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини эрта аниқлаш, олдини олиш мақсадида тумандаги 76 та маҳаллада шакллантирилган Ишчи гуруҳлар аъзолари уйма-уй юриб, тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Зарур адабиётлар, тарғибот материаллари билан таъминланган Ишчи гуруҳлар хотин-қизлар, умуман, аҳоли барча қатлами вакилларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш бўйича суҳбатлар ўтказмоқда.
Фаҳриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ