Версия для печати
16 Июнь 2022

МАТБУОТ ДЎКОНЛАРИДА САРFАЯЁТГАН МАЪНАВИЯТ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

ёхуд нега ёшлар газета ўқимай қўйди?

Яқин ўтмишга назар солсак, оддий туман газетасида шеър ёки кичик қатрамиз чоп этилса, еттинчи осмонларда учар эдик. Ўнлаб қўнғироқлар, табрик устига табриклар. «Газетада хабаринг чоп этилибди», дейишса борми, севинчимиз ичимизга сиғмас эди. Ўша пайтда машҳурликнинг чўққиси бўлган газетанинг бугунида нима гаплар?

 

Куни кеча республика газетасида бир эмас, иккита мақолам чоп этилди. Ўзимни еттинчи осмонларда учгандай ҳис қилдим. Аммо, бугуннинг назари билан қарасак, «ҳа, нима бўпти, ҳозир газетани ҳеч ким ўқимайди!» қани табриклар-у, қани «баракалла» деган сўзлар?

Бу - «матбуот ўлди», «мақолангни нима аҳамияти бор?» деганими ёки «бугунги кунда газетани биров ўқимагани учун мақоламни ҳам ҳеч ким кўрмабди-да», деб қўя  қолаймикин? Яна билмадим!? Наҳотки, биз бу ҳолатга кўникиб бўлдик. Нега газетхонлар жим?

Менимча, бизнинг миямиз машҳур «Ы операцияси ёҳуд Шурикнинг янги саргузаштлари» кинофильмида Шурик газетани ўраб у билан пашша қўриган лавҳасидаги тасвирларда қотиб қолган.

Барчамиз гувоҳи бўлганмиз, баъзи жойларда «шанбалик» ўтказилса, газета излаб қолишади. Албатта, ўқиш учун эмас, балки ойнани ялтиратиб артиш учун. Савиямиз ривожига ҳисса қўшувчи газеталар шу каби нобуд бўлаверса, босма оммавий ахборот воситалари йўққа чиқаверса, бизнинг сокинлигимизга «Тасанно!»

Кўплаб соҳаларда бўлганидек, журналистикада ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Матбуотга эркинлик берилди. Ҳозир журналистларга бошқа ҳар қандай даврдагидан кўра осонроқ. Мавзу кўп, биров «нимага бу мавзуни кўтариб чиқдинг, нега бу ҳақда ёзаяпсан?» демайди. Ёш журналистлар тайёрлаш учун ўқув курслари, журналистика мактаблари ташкил этилди. Лекин, минг афсуски, журналистикага қизиққан аксарият ёшлар ҳақиқий журналистикага эмас, шов-шувли, машҳурликка олиб келадиган пиар материаллар тайёрлашга ёки экранда кўриниб, шуҳрат қозонишга интилишаяпти. Машҳур телебошловчи бўлиб, оғизга тушишни исташаяпти. Ижоднинг машаққатларини тотиб кўриш, заҳматли йўлларини босиб ўтиш, таҳририятлар қозонида қайнаш ўрнига дарров ТВ ёки радиога югуришаяпти.

Нега, босма оммавий ахборот воситаларига талаб суст? Ҳеч кимга сир эмас, газетчилик соҳасини ҳозир ҳеч ким танламайди. «Талаб йўқ, газеталар мунтазам чиқмаётган, ривожланиш йўқ соҳада нима бор?» дейишади.

 Менимча, талабни пасайтирган ҳам ўзимиз, муаммога ечим излаётган ҳам. Ривожланган давлатларда газета-журналларга ҳозир ҳам талаб юқори, одамлар газета ўқишади. Биргина яхши мавзу учун катта-катта гонорар (қалам ҳақи) тўланади. Нима учун биз ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш учун ҳаракат қилмаяпмиз? Ёки бизда шундай мақолалар ёза оладиган кучли журналистлар йўқми? Мақола ёза олмаймизми? Яна ўша гап:  "Бизда газетага талаб, унинг ривожига эътибор  йўқ!"

Газета ўқишга аҳолини, айниқса, ёшларни қизиқтириш, газета-журналларга меҳр уйғотиш, ёшларга тарбия бериш кўп жиҳатдан ёши улуғ ёки ўрта авлод вакилларига боғлиқ. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтира олаяпмизми, газета ўқишга ҳам қизиқтира оламиз.

Агар матбуотга жиддий эътибор қаратилса, унинг нуфузини ошириб, мақола муаллифларига яхши қалам ҳақи тўланса, журналистлар ҳам яхши-яхши материалларини албатта, энг аввало газетада чоп этилишини истаб қолади. Ва мақоласи кенг тарқалиши учун ўзлари газетхонларни тарғиб қиладилар.

Газетанинг ўрнини интернет эгаллади, деган фикрларга қаршиман ва қўшилмайман. Газета берган маърифат, газета шуурингизга олиб кирган нурни интернет беролмайди.

Бир томондан телевидение, бир томондан ижтимоий тармоқлар, шунингдек, газеталар ривожлансагина ренессанс ҳақиқий ренессансга айланади. Ана шунда тафаккуримиз ҳам осмонўпар биноларга тенглашса ажаб эмас.

 

Сабрина ИБРАГИМОВА,

жамоатчи мухбир.

Прочитано 909 раз
Super User

Последнее от Super User