Версия для печати
16 Июнь 2022

ЧИДОЛМАЙСАН ҚАЙТАР ДУНЁ БАЛОСИГА...

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ҳаёт ҳаҚиҚатлари

Бир куни шаҳардан автобусда қайтаётиб, орқадаги ўриндиқда ўтирган эркаклар ғийбати (ҳа-ҳа, аёллар эмас, айнан эркаклар ғийбати) қулоғимга чалинди:

- Анови қизни қаранг, ёнидагиси йигити бўлса керак, хингиллаб гаплашиб кетаяпти. Телефон баҳона қўлларидан ушлаб тортсаям индамайди-я. Мундоқ атрофдагилардан уялмайдиям. Ота-онаси ишониб, «қизим ўқишга ё ишга кетяпти», деб чиқарганда буни. Вой тавба, ҳозирги қизларга ишонч қолмади, келин танлашга ҳам қўрқиб қолди одам».

Ўша вақт ич-ичимдан бир нарса узилгандек бўлди. Хўп, сен шуни кўрибсан, нима қиласан, эркак бошинг билан ғийбат қилиб? Тўғри, қиз яхши эмасдир, унинг хатти-ҳаракатларини оқламайман, бироқ эркак кишига автобусда ўтирволиб бировнинг қизи ё ўғлини ғийбат қилиш ярашадими?

Қайсидир китобда ўқигандим, бир киши девор тешигидан икки кишининг зино қилаётганини кўриб қолган, «мен кўрдим, бошқалар кўрмасин» дея, девор ёриғини лой билан суваб, беркитиб кетган экан.

Ҳозир-чи?!

Ҳозир одамлар ижтимоий тармоқдаги саҳифасига шов-шувли материал қўйиш учун, керак бўлса пашшадан фил ясашга ҳам тайёр.

Мана, кўчада барчанинг кўз ўнгида тўғрима-тўғри юриб кетаётган қайсидир қиз ва йигит ғийбатчиларнинг нишонига айланиб ўтирибди. Камига - ғийбат қилаётганлар эркак кишилар.

Ахир илгари бундай одамларга қарата «хотин кишига ўхшаб майдагап бўлма» деб танбеҳ беришмасмиди?!

Телефонларини чиқариб тасвирга туширмаганларига ҳам шукр, дедим ичимда. Нима ҳам дейман бошқа. Ахир, ҳозир ҳамма нима кўрса тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан овора-ку.

Бу гапларим кимнидир нафсониятига тегар, аммо ҳақиқат.

Ғийбат, иғво билан, бўлмаган ишни бўрттириб, гап-сўз қилишларидан қўрқиб, кўчада юришга ҳам баъзан хайиқади одам. Ҳайратдан ёқа ушлайман гоҳи. Авваллари маҳалланинг ғийбатчи аёллари бўларди, ҳозир эса улар ўз ўрнини эркакларга бўшатиб берган кўринади. На исбот, на далили бор уларнинг туҳматларига. Шундай инсонлар бўлар-бўлмас гаплар оғзининг бир четидан чиқаётганида, ҳаёлининг бир четига ўзи ҳам қиз ўстираётгани келармикан?

Аёлни дунёнинг саккизинчи мўъжизаси дейишади. Унинг сабри, иффати, латофати, одоби - безак аслида. Шарқ аёллари ўзининг шарм-ҳаёси билан бебаҳо саналади. Фалон пуллик упа-элик уни гўзал қилиши мумкин, бироқ, назокат деб аталмиш парда ортида у янада фусункорроқ кўринади. Таърифи тилларда достон Зуҳролар, Лайли-ю Ширинлар, Зулайҳо-ю, Дилоромларга ҳавас ила қиз фарзанд кўришса шундай номлар қўйишган.

Ҳозир ҳам қалби пок, иймони комил қизларимиз жуда кўп. Аммо, «ўзимга тўғриман-ку», дея эгри йўлдан юрганини  билса ҳам, ўзини алдаб келаётганлар ҳам йўқ эмас.

Қишлоқ қизлари «ўқишни истайман», деса отасидан, акасидан «фалончини эшитдингми?, шаҳарда ўқиб ундай бўлибди-бундай бўлибди, сендан ҳам хавотир оламиз!»- деган гапни эшитишади. Ғурурли акалар сингилларини қўштирноқ ичидаги «Шаҳарлик студентлар» каби бўлиб қолишларидан ҳадикда, рухсат бермайдилар. Тўғрида, айрим қизларнинг рекламага қўйилган сифатсиз маҳсулотдек кўча-кўйда ўзини кўрсатиб юришини кўриб ёқа ушлайсиз.

Аммо, беш қўл баробар эмас.

Илм истагида, ўқишга кираман деб, китоб дўконларию, кутубхоналарни кезадиган, тил ўрганиш учун ўқув марказларида қўшимча машғулотларга қатнаётган, шунингдек, ибодатда қойим, ибо-ҳаёси ўз ўрнида, уй юмушларию пазандаликни қойиллатадиган қизлар ҳам бисёр. Нега улар кўринмайди, эътироф этилмайди-ю, бир йигит билан кулишиб гаплашиб кетаётган қиз кўзга ташланади.

Эркак кишини номус, ғурур деб аталмиш устунлар қаддини тик тутади. Агар уларга шикаст етса, қадди букилса, у - тирик мурдадай гап. Мана шу устунлар эса унинг яқин маҳрамлари - оиласидаги аёллардир.

«Керилмагин бу дунёнинг ғавғосига, чидолмайсан қайтар дунё балосига»,  деганларидек, кимнингдир аёли, онаси, синглисига қандай муносабатда бўлсангиз, қандай кўз билан қарасангиз, сизнинг ҳам ожизаларингизга шундай муносабатда бўлишади. Сиз бировнинг қизини бекордан ёмон-отлиғ қилмангки, бир кун ўзингизга қайтиб қолмасин.

 

Моҳичеҳра Маматураимова,

жамоатчи мухбир.

Прочитано 867 раз
Super User

Последнее от Super User