Версия для печати
15 Сен 2022

Имконият берилса, ёшлар тадбиркорликда юксак натижаларга эришади

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Етакчи ёшлар фаолиятидан

    Булоқбоши туманидаги Зарғалдоқ маҳалласи ёшлари етакчиси, Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзоси Фахриддин Мўминовни ҳамкасблари, тенгқурлари "Етакчилар лидери" дейишади. Чунки у юртимизнинг фаол ёшларидан бири сифатида ташкилотчилик, ташаббускорлик жиҳатларини намоён этиб келади.

     Етакчиликка номзоди тавсия этилиб, синовлардан муваффақиятли ўтган Фахриддин изланувчан ва тиришқоқлиги, билимдон ва фаоллиги билан  ўтган саккиз ой давомида ўзининг етакчилик салоҳиятини тўла намоён эта олди. Самарали фаолият юритиб, эътиборга молик ишларни амалга оширди. Етакчилар фаолиятига оид танловда ҳам юқори натижага эриша олди.

-      Маҳалламиздаги 945 та хонадонда 4 минг 100 нафарга яқин аҳоли яшайди, - дейди Фахриддин Мўминов. - Уларнинг 1 минг 400 нафарини  14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ана шу ёшларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб боришга, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга ҳаракат қиляпман.

  Фахриддиннинг олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида уни суҳбатга тортдик:

-      Мен етакчилик борасидаги фаолиятимни уйма-уй юриб, хатлов Ўтказишдан бошладим. Унга кўра, маҳлламизда 64 нафар ишсиз ёшларни аниқладим. Улар билан суҳбатлашдим, айримларини ишга жойлаштирдик.

 Айни пайтда маҳалламиздаги кўпчилик ёшлар олий ўқув юртларида таҳсил олади. Кам таъминланган оилалар фарзанди бўлган талабаларнинг ётоқхона, шартнома пулларини тўлашдаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашилди.

Маҳалладаги уюшмаган, шунингдек, "Ёшлар дафтари" га киритилганлар билан ишлаш, айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш фаолиятимнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис, Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги икки ойлик тадбиркорлик курсида таҳсил олдим. Мақсадим, тадбиркорлик, фермерлик соҳасида даромад олишнинг илмий асосларини ўрганиш, ўрганганларимни маҳалладаги тенгдошларимга ўргатиш, уларни тадбиркорликка жалб этишдир.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролари йиғини қошида кутубхона ташкил қилишга киришдим. Ҳозирда кутубхонага юздан ортиқ илмий, бадиий адабиётлар жамладим.   Шунингдек, маҳалламиз ҳудудидаги 24- умумтаълим мактабининг 9-10- синф ўқувчилари учун  дарслардан бўш вақтларида "Лидерлик ва тадбиркорлик" мавзусида машғулотлар ўтказишни йўлга қўйдим. Қисқа даврдаги фаолиятим, тажрибамдан агар ёшларга мотивация, имконият берилса, қўллаб-қувватланса, тадбиркорлик борасида улар юксак натижаларга эриша олишларига амин бўлдим.

Дарҳақиқат, маҳалладаги "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг 8 нафарига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун кредит ажратилди, 9 нафарига деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан ер берилди.

Албатта, тадбиркорликнинг ўзига хос жиҳатлари, машаққатларини шу соҳада иш олиб борган кишигина яхши билади, тушунади, бошқаларни ҳам ўз ортидан эргаштира олади. Ёшларга тадбиркорлик соҳасида ибрат бўлаётган ёш тадбиркор Учтепа, Кулла маҳаллаларидаги савдо шохобчаларини гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўйган. Ҳосилдорлиги кам, экин ундириш қийин бўлган жойларга тўрт миллион сўмлик терак кўчатлари ўтқазди. Вақти келиб, бу кўчатлар катта даромад манбаига айланишини у аллақачон ҳисоб-китоб қилган. Бугун кўчатлар барқ уриб, ривожланишда. Ёшлар етакчиси кун келиб, бундан олинадиган даромад ҳисобидан тадбиркорликни бошламоқчи бЎлган ёки эҳтиёжманд ёшларга кўмак берилишини алоҳида таъкидлади.

Фахриддиннинг кўмаги билан маҳаллада истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган Мўминжон Янгибоев, Абдулборий Абдумуталов, Нозанин Камолдинова, Нигора Ғафуровага даволаниши, соғлигини тиклаши учун ордер олиб берилди. 

Маҳалладаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш мақсадида  25 ишчи ўрнига эга  трикотаж цехи, сартарошхона, гўзаллик салони ташкил қилинди. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қиладиган ана шу объектларнинг ишга туширилишида ёшлар етакчисининг алоҳида хизматлари бор, албатта. 

Ёшлар етакчиси Фахриддин Мўминов ўз тенгдошларини ҳунар эгаллашга, тадбиркорлик сирларин ўрганишларига, бу йўлда иккиланмасдан, ўзига ишонч ва қатъият билан ҳаракат қилишга ундайди. Ана шундай фаол ва ташаббускор етакчи ёшларимиз фаолияти маҳаллалар ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.

Прочитано 1000 раз
Super User

Последнее от Super User