Версия для печати
15 Сен 2022

ННТ ЛОЙИҲАЛАРИ: ЁШЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИНИ ОЧМОҚДА

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ҳамкорлик

Бугун мамлакатимизда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш,  уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар  амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда фаолият юритаётган "Hamroh" нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўналишида самарали фаолият олиб бораётган ташкилотлардан бири ҳисобланади.

"Hamroh" ННТ фаолияти асосан, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, уларда лидерлик ва ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш орқали ёшларнинг маҳаллий бошқарув идоралари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.  Мазкур ташкилот томонидан ўтган йиллар давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти доирасида умумий қиймати 170 миллион сўмга тенг 5 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди.

Бундан ташқари, "Hamroh" ННТ Халқаро нодавлат ташкилотлари билан ҳам яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, 2020-2021 йиллар давомида "Hamroh" ННТ ҳамда Умумий манфаатларни излаб халқаро нодавлат ташкилоти (СЁРЧ-SEARCH FOR COMMON GROUND) ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида вилоятимизда "Маҳаллий қарорларни қабул қилишда ёшларнинг ролини ошириш" лойиҳасини амалга оширди.  Ушбу лойиҳа Асака туманидаги 7 та маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшлар иштирокида олиб борилди.  Лойиҳа ўтган йили якунланган бўлса-да, лойиҳа доирасидаги ишлар давом этмоқда. Хусусан,  Асака тумани Ибн Сино маҳалласида Гулираъно Нўмонова ташаббуси билан ташкил этилган уй-боғча самарали фаолият юритмоқда. Шунингдек, фаол ёшлардан бири Давронбек Жўраев лойиҳа доирасидаги ишларни давом этттириш мақсадида "Имконият" лойиҳа-танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Ҳозирда ўзининг маҳалласида ёшлар учун компьютер саводхонлиги ўқув марказини очиб, иш юритмоқда.

Мазкур лойиҳанинг якунида ижтимоий аҳамиятга молик бўлган 2 та ҳамкорлик тадбирлари ўтказилди. Яъни  "Hamroh" ННТ ҳамда Умумий манфаатларни излаб халқаро нодавлат ташкилоти  ҳамкорлигида Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида Лидерлар Академияси - ёшлар Саммити ташкил этилди. Унда 25 нафар ўзбекистонлик ёшлар фаол иштирок этди.  Шунингдек,  Ўзбекистон ёшлар ишлар агентлиги, Ўзбекистон Волонтерлар Ассоцияцияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида  "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ёшларнинг ролини ошириш" мавзусида конференция ўтказилди.

Бугунги кунда юртимизда рақамли технологиялар, IT  касблар,  интернет орқали масофадан туриб фаолият юритиш ва ахборот алмашиш билан боғлиқ фаолиятлар ривожланиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб,  "Hamroh" ННТ томонидан "Прогресс" деб номланган лойиҳа олиб борилмоқда. Евроосиё Фондининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ёшларга IT соҳаси - инновацион ахборот технологиялари бўйича билим беришдан иборат. Айни кунда лойиҳа доирасидаги ишлар Андижон шаҳрининг Исломобод ҳамда Мустақиллик маҳаллаларидаги мақсадли гуруҳ сифатида танлаб олинган ёшлар иштирокида амалга оширилмоқда.

Ҳозирда лойиҳа иштирокчилари "Hamroh" ННТ томонидан ташкил этилган  уч ойлик ўқув курсларида веб-дизайн йўналиши бўйича бепул таҳсил олмоқда.

 

Хайитохун БЎРИЕВ,

Асака тумани халқ таълими бўлими методик хизмат кўрсатиш шўъбаси

методисти. 

Прочитано 929 раз
Super User

Последнее от Super User