бунёдкорлик
Андижон вилоятида 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида ўтказилган йиғилишда ана шу хусусда сўз юритилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, янгиларини барпо этиш, ички йўлларни таъмирлаш, шағаллаш, асфальтлаш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, янги подстанция, электр тармоғи учун бетон устунлар ўрнатиш, умуман, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 октябрдаги "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради. Мазкур қарорда мамлакатимиздаги 5 минг 284 та маҳаллада 6 минг 7 та лойиҳа доирасида ички йўлларни таъмирлаш, янгилаш, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини яхшилашга қаратилган ишларни молиялаштириш ва амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, мазкур қарор асосида вилоятимиздаги 473 та маҳаллада ички йўлларни, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тармоқларини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 581 миллиард сўмга тенг 527 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
- Қарорда белгиланган ишларнинг амалга оширилиши билан маҳаллаларимиздаги 527 муаммо ижобий ҳал этилади, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. - Бу маҳаллага, жойлардаги муаммоларни бартараф этишга берилган катта эътибор, имкониятдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган бу ишлар шубҳасиз, одамларимизнинг ўз ҳаётидан, бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ