Версия для печати
24 Дек 2022

Эртаклар болаларни эзгуликка етаклайди

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Педагог мулоҳазаси

Халқимизда миллий анъана, қадриятларга, хусусан, халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор кучли. Халқ оғзаки ижоди халқчиллиги, тилининг бой ва соддалиги билан ажралиб туради. У халқ­нинг ҳақиқат, адолат, тинчлик ва бахт ҳақидаги тасаввурларини акс эттиради.

Қўшиқ, мақол, матал, топишмоқ, афсона, ривоят, эртак, латифа, лапар, достон, тез айтиш ва масаллар халқ оғзаки ижодининг асосини ташкил этувчи жанрлардир. Жумладан, ана шу жанрлар орасида эртакнинг ҳам ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Эртаклар халқ оғзаки ижодининг эпик турига мансубдир.

Бошланғич синф ўқувчиларида эртакларда тасвирланган қаҳрамон, образларга нисбатан меҳр уйғотиш, уларнинг табиатида мардлик, олижаноблик сифатларини шакллантириб, ёлғончилик, қўрқоқлик  каби салбий сифатларга қарши наф­рат уйғотиш  уларнинг кичик ёшидан амалга оширилади. Бу жараёнда эртаклардан фойдаланиш ижобий натижалар беради. Бошланғич таълим ёшидаги болалар уй ҳайвонлари, уларнинг яшаш тарзи ҳақида муайян тушунчаларга эга бўлишади. Аммо ёввойи ҳайвонлар - бўри, айиқ, тулки, йўлбарс ва бошқаларнинг ҳаёти, яшаш тарзи ҳақида етарли тушунчага эга бўлмайди, қолаверса, болаларда улар ҳақида билишга қизиқиш кучли бўлади.

Болалар эртакларни яхши кўрадилар. Шу боис, эртаклар, эртаклардаги турли ёввойи ҳайвонлар, қаҳрамонлар орқали болаларда юқоридаги фазилатларни шакллантириш ва тарбиялаш муҳимдир. Бошланғич синф ўқувчиларига эртаклар ўқиб беришда ўқитувчи айрим қоидаларга эътиборли бўлиши лозим. Ўқувчига эртакни сўзлаётган вақтда  ҳайвонларнинг ҳаёт кечириш тарзи ҳақида маълумотлар беради. Эртакларда бўрининг ваҳшийлиги, одамга ҳужум қилиши мумкинлиги, тулкининг айёрлиги, айиқнинг қўполлиги сингари жиҳатлари эртак айтувчи томонидан изоҳланади.

Бир қатор эртакларда нима учун қарға қора, кийикнинг думи тўмтоқ, тулки айёр, қуён қўрқоқ эканлиги каби саволларга жавоб топишимиз мумкин. Эртакларда ҳайвонларнинг кўринишига, табиатига хос белгиларни болаларча тасвирлаш орқали ўқувчи онгида ана шу белгилар ўчмас бўлиб муҳрланади. Эртак ўқишда болаларнинг ёш хусусиятлари алоҳида эътиборга олиниши, воқеалар қизиқарли ва қисқа баён этилиши лозим.

Ўтилган эртаклар  юзасидан  ўқитувчининг берган саволларига ўқувчиларнинг жавоб бериши орқали уларнинг фикр, тафаккур доиралари  кенгайиб, сўз бойлиги  ривожланиб боради. Ўқитувчи эртак сўзлаётганда, образга киришиб, яъни ҳар бир қаҳрамоннинг нутқини худди ўша ҳайвоннинг образига тақлид оҳангида сўзлаши ўқувчиларда унутилмас таассурот қолдиради, эртакдан маънавий, тарбиявий озуқа олади, эртак қаҳрамонлари характерини чуқур англаб етади.

Ўқилаётган эртакнинг ғоявий асоси мардлик, ҳалоллик, тўғрисўзлик, садоқат каби туйғуларнинг уларга қарши бўлган ҳислар устидан ғалаба қозонишга қаратилган бўлиши аҳамиятлидир. Эртаклар ҳамиша яхшиликка етаклайди. Шунинг учун ҳам болаларга кўпроқ эртак ўқиб беришимиз лозим. Ана шу эртаклар орқали болаларда атрофдагиларга яхшилик қилиш, эзгу ишларга камарбаста бўлиш, самимийлик, очиқ кўнгиллилик, сахийлик хислатлари мустаҳкамланиб боради.

Дарс жараёнида  ўқувчиларимизни эшитганлари юзасидан суҳбатга тортамиз. Уларнинг фикрлари, таассуротлари билан ўртоқлашиш болада ўз фикрини, муносабатини билдириш, сўзлаш хислатларини бойитади.

Ўқувчилар доимо тартибли, сариштали бўлишга, кун тартибига риоя қилишга, вақтни тўғри тақсимлашга ўргатиб борилади. Замонавий техника воситалари, ранг-баранг кўргазмали қуроллар, эртак қаҳрамонларининг расмлари, мультимедия, тестларга асосланган дарслар боланинг тасаввурини бойитади. Унинг ўтилаётган эртак ёки бирор мавзуни осон ўзлаштиришига ёрдам беради.

Манзурахон  ҚОБУЛОВА,

Роҳидахон ХОЛЖЎРАЕВА,

Хўжаобод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчилари.

Прочитано 745 раз
Super User

Последнее от Super User