Версия для печати
12 Авг 2023

ШУКР ВА САБР, МЕҲР-МУРУВВАТНИ УЛАРДАН ЎРГАНАЙЛИК

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Андижон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар томонидан тайёрланган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмарка очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган савдо кўргазмаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги таъкидланди.

   "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиори остида Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган савдо ярмаркасида вилоятдаги ҳунармандлик, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, шунингдек, "Саховат" уйида яшаётган, "Мурувват" уйларида тарбияланаётган ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзлари тайёрлаган, ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмалари билан иштирок этишди.

 Савдо кўргазмасида ногирон бўлса-да, болалар ва аёллар либосларини, кўрпа-тўшак тикиш, сувенир гуллар, миллий қўғирчоқлар ясаш, қўйингки, ҳунармандчиликнинг жуда кўп йўналишларида иш олиб бораётган инсонлар томонидан тайёрланган ранг-баранг маҳсулотлар очиғи, барча тадбир қатнашчиларини тўлқинлантириб юборди.

Кўргазмада қатнашаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг меҳнати, зеҳни, иқтидори, интилишларини оддий сўзлар билан таърифлаш жуда қийин.  Уларнинг меҳнати, сабр-бардошини кўриб қойил қолмаслик мумкин эмас. Ана шу инсонларга озгина бўлса-да кўмак бериш мақсадида ўзим, оилам учун совғалар харид қилдим.

Бу инсонлардан тўрт мучаси соғ кишилар шукр ва сабрли, меҳр-мурувватли бўлишни ўрганишлари лозим. 

Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, ўзига, эртасига ишонч борлигини, улкан мақсадлар билан яшаётганлигини  кўрасиз, уларга тасанно айтасиз, ҳаёт бир мўъжиза эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз, шукроналар келтирасиз.

-      Савдо ярмаркасида Избоскан тумани Чувама қишлоғидаги аёллар мурувват уйида яшаётган ўн нафардан ортиқ жисмоний имконияти чекланган аёллар ҳам ўз қўл меҳнати намуналари билан иштирок этишди, - дейди мазкур муассаса ходимаси Гулбаҳор Қосимова. - Бу уларга катта рағбат берди, ўзларига бўлган ишонч янада ортди.

 Мурувват уйида яшовчи Нигорахон Турғунова ногирон бўлишига қарамай, ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Бир неча йил аввал у тўқувчиликни, гул ясаш ҳунарини ўрганишга киришди. Устози кўмагида    касбнинг ўзига хос ва нозик жиҳатларини қунт билан ўрганди, қўлда гул, турли кўринишдаги сувенирбоп маҳсулотлар тайёрлашни пухта ўзлаштирди. Мана бир неча йилдирки, гул ясаш унинг асосий ва севимли машғулотига айланди.

Ярмаркада у ўзи тайёрлаган буюмлар, ранг-баранг гуллар билан иштирок этди. Унинг маҳсулотлари тездагина сотилиб кетди. Энг асосийси,  у ана шу иши ортидан даромад топмоқда.

-      Кўргазмада мен тайёрлаган маҳсулотлар бир дона ҳам қолмай сотилиб кетади, - дейди Нигорахон Турғунова. - Бу менга янада илҳом, куч ва шижоат беради. Халқимизнинг қўл меҳнатидан қанчалик баҳра олаётганини кўриб, янада кўпроқ ижод қилиб, чиройли гуллар тўқигим келаверади.

Ярмарка давомида деярли барча маҳсулотлар ярмаркага ташриф буюрган кишилар томонидан  сотиб олинди.

Мутасадди ва ташкилотчилар томонидан бу каби савдо ярмаркаларини тез-тез ташкил этишга келишиб олинди.

 

Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бўлим бошлиғи.

Прочитано 536 раз
Super User

Последнее от Super User