Версия для печати
26 Авг 2023

Устоз, қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Тўйхат ўрнида

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Маҳмуджон Ибоев ҳақида сўз кетганида, кўплар қисқагина қилиб у кишини дилкаш, самимий инсон, серқирра ва серунум ижодкор, моҳир журналист, деб таъриф беришади. Ҳақиқатдан ҳам устоз Маҳмуджон ака Ибоев уни билган барча инсонлар тасаввурида мазмунли умр соҳиби, забардаст журналист, таниқли ижодкор  сифатида гавдаланади.

Устоз Маҳмуджон акани қарийб ўттиз йилдан буён билсам-да, у киши билан тўқсонинчи йилларнинг охирларида ўша пайтлардаги вилоят Тадбиркорлар палатаси муассислигида нашр этилган "Палата" деб номланган газета таҳририятида бирга ишлаш жараёнида у кишини нафақат муҳаррир сифатида, балки бағрикенг инсон, ташаббускор, ташкилотчи, талабчан, серғайрат, ўз ишини пухта биладиган мутахассис сифатида кашф этганман, унинг ўзига хос, инсоний фазилатларини ўзимга ибрат қилиб олганман. Ўша даврларда жамиятдаги салбий жараёнлар ҳақида газета саҳифаларида шунчалар кўп асосли танқидий материаллар берилганки, Маҳмуд акадан бошқа киши бўлганида бундай кучли танқидий материалларни беришга журъат этолмас эди.

Тажрибали журналист Маҳмуджон Ибоев 1953 йили 3 сентябрда Булоқбоши туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. 

Меҳнат фаолиятини вилоятимизнинг отахон нашри - "Андижоннома" газетаси таҳририятида бошлаган. 1975-1985 йилларда вилоят газетасида мухбир ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлади. Турли йилларда Қўрғонтепа туманининг "Юқори ҳосил" газетасида муҳаррир, Андижон вилояти касаба уюшмалари нашри - "Адолат" газетасида муҳаррир, Андижон вилояти телерадиокомпаниясида мухбир ва муҳаррир, маълум вақт, "Палата", "Асака ҳаёти" газеталарига муҳаррирлик қилди, республика "Биржа" газетасининг Андижон вилояти бўйича мухбири вазифасида ҳам фаолият юритди.

 Кейинчалик М. Ибоев Ўзбекистон Республикаси Оммавий Коммуникациялар соҳасидаги монитор марказининг Андижон вилояти бўлимининг бошлиғи, "Андижоннома" газетаси иқтисодиёт бўлими бошлиғи, "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖда  муҳаррир вазифаларида иш олиб борган.

Маҳмуджон Ибоевнинг Ўзбекистон тараққиёти, тинчлиги, ислоҳотлар ва демократик ривожланиш истиқболлари, инсон ҳақ-ҳуқуқлари,  миллатлар тотувлигига оид юзлаб публицистик мақола ва очерклари турли йилларда вилоят ва республика матбуот нашрларида чоп этилди. Кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўқилди.

У кишининг ўндан ортиқ китоби чоп этилган. Бадиий-публицистик йўналишдаги "Тупроғи олтин ўлка", "Ёшлик жасоратга чорлайди", "Яшаш бахти", "Улуғвор тоғлар", "Журналист суриштируви", "Инсон - гавҳари азиз", "Эзгуликка ташна кўнгиллар", "Замондошлар", "Омон бўлинг, олисдаги яқинларим" китоблари журналист-адиб сифатидаги кўп йиллик фаолиятининг маҳсулидир.

Самарали фаолияти давомида устоз кўплаб ижодий танловларда иштирок этган, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган. Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокимлиги, қатор бошқармалар, туман ҳокимликлари, касаба уюшмаларининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланган.

Умуман, Маҳмуджон Ибоев қаерда, қандай вазифада ишлашидан қатъи назар, ўз ишининг етук билимдони, тажрибали журналист, ташаббускор раҳбар, самимий ва саховатли инсон, садоқатли дўст сифатида нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топа олган. Бундан ташқари, кўплаб ёш журналистлар, ижодкорларнинг устози сифатида ҳам устозлик мартабасининг энг юқори поғонасига чиқа олган инсон эканлини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.  

Маҳмуджон акага нафақат журналист, ижодкор сифатида, балки ибратли оиланинг соҳиби сифатида ҳам кўплар ҳавас қилса арзийди. Турмуш ўртоғи Гулсорахон ая билан қатор-қатор фарзандларни тарбиялади, ўқитди, эл қаторига қўшди. Устознинг яқинда аёли билан муборак ҳаж сафарини адо этиб  қайтгани ҳам уларнинг яхши инсон, ибодатда мустаҳкам эканликлари учун Яратганнинг мукофоти, десак ҳам асло муболаға бўлмас. 

 Маҳмуджон аканинг фаолияти, инсоний фазилатлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.  Лекин мухтасар қилиб ўзининг муборак 70  ёшини нишонлаётган устозни қутлуғ айёми билан ўзим, қолаверса, газетамиз жамоаси, муштарийлари номидан муборакбод этиб, у кишига тани сиҳатлик, узоқ умр тилайман. Устоз яна узоқ йиллар фарзанд, набира ва шогирдларига дуогўй бўлиб, янги-янги ижод намуналари билан барчамизни хушнуд этади, деб умид қиламиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Прочитано 594 раз
Super User

Последнее от Super User