Жараён
Вилоятимиздаги танлаб олинган 4 та - Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод, Избоскан туманидаги Гулистон маҳаллаларида "Обод маҳалла - обод хонадон - обод кўча" лойиҳаси доирасида ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида оила ва хотин-қизлар йўналишидаги ишларни ташкил этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ходими Гулжамол Асқарова бошчилигида маҳаллаларда олиб бориладиган амалий ва тарғибот ишлари юзасидан режалар ишлаб чиқилди.
Режага кўра, маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириш, уларнинг шарт-шароитларини ўрганиш, тиббиёт, санитария соҳаси вакилларидан иборат отрядларни шакллантириш, фаолларни сафарбар қилиш, меҳнат жамоалари фаолияти билан танишиш, маҳаллаларда радиоузеллар ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, хонадонлар озодалиги, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, хотин-қизларнинг маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, уларнинг саломатлигини асраш, оилаларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш юзасидан тадбирлар ташкил этилиши белгилаб олинди.
Бундан ташқари, ана шу маҳаллаларда "Обод хонадон қандай бўлиши керак?" лойиҳасини амалга ошириш, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, меҳнат ярмаркалари, эҳтиёжманд оилалар вакилалари ва фаол аёллар учун саёҳатлар, аҳолининг ижодкорлар билан учрашувларини ўтказиш ҳам белгиланган.
Республика Ишчи гуруҳи вакили ҳамда вилоят, туман оила ва хотин-қизлар бўлимлари масъуллари Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ маҳалласида бўлишди. Уларнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан қатор амалий ва тарғибот ишлари амалга оширилди.
Айни кунда ушбу маҳалладаги 545 та хонадон, 823 та оилада 2 минг 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1 минг 200 нафардан ортиғи хотин-қизлардир.
Маҳаллада ободонлаштириш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Бундан катта-кичик беҳад хурсанд. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари, кўчабошилар, маҳалланинг "Оқила аёллар" ҳаракати фаоллари биргаликда маҳалладаги ҳар бир хонадонга кирилмоқда, улар билан суҳбатлар ўтказилмоқда, саломатликлари текширилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли вакиллари иштирокида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, хонадонлар покизалиги ва озодалигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Маҳалладаги "Ширмоной" хусусий болалар муассасаси, 43- умумтаълим мактаби фаолияти билан танишилди. Педагог ва тарбиячилар, ўқувчилар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Миллий ва замонавий либосларни тарғиб этиш, опа-сингилларимизнинг кийиниш маданиятини юксалтириш бўйича "Атласу адрас хонимлар либоси" мавзусида тадбир ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Умуман, маҳаллада лойиҳа доирасида амалга оширилиши белгиланган кенг-кўламли ишлар давом этмоқда.
Дилдора ТОЖИБОЕВА,
вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси шўъба раҳбари.