Версия для печати
24 Нояб 2023

СОFЛОМ ҲАЁТ САРИ - БИРГАЛИКДА

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга Қарши кураш куни 

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни олдидан вилоятимиз шаҳар ва туманларида "Соғлом ҳаёт сари - биргаликда" шиори остида муолажа ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Меҳнат жамоалари, маҳаллалар ҳамда таълим муассасаларида аср балоси бўлмиш ушбу хасталикка чалинишнинг олдини олиш, унинг аянчли оқибатлари ҳақида кенг тушунтиришлар берилмоқда.  Шунга қарамай жаҳон бўйича, шу жумладан, юртимизда ҳам ушбу касалликка чалинганлар сони ортиб бормоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 38,5 миллион киши ОИВ билан хасталанган. Унинг йиллик ўсиши эса, 1,5 миллион кишини ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан ҳар йили 600 мингдан ортиқ одам вафот этмоқда.

Ўзбекистонда ОИВ  инфекциясининг биринчи ҳолати 1987 йилда қайд этилган. Шундан 2022 йилнинг 1 январига қадар минглаб кишилар ушбу хасталикка чалинган. 2022 йилнинг декабрь ойи ҳолатида Ўзбекистонда ОИВ билан хасталаниб яшаётганларнинг 55 фозини эркаклар, 45 фоизини аёллар ташкил этади.

Маълумки, ушбу вирус асосан, жинсий йўл билан юқади. Хасталик аниқланганларнинг аксарият қисмида инфекция айнан шу йўл билан юққанлиги маълум бўлди. ОИВ инфекциясининг инъекция йўли билан юқиши эса аввалги йиллардагига нисбатан 15,4 фоизгача камайган.

 Касалликнинг онадан болага юқиш даражаси 2013 йилда 2,3 фоиз бўлган бўлса,  2021 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 0,7 фоизни ташкил этди. 2011 йилдан 2021 йилгача 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида касалланиш уч баравардан кўпроқ камайган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида"Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси   тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури" тасдиқланган.

Дастурга асосан, БМТ Бош ассамблеяси томонидан илгари сурилган 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун "95-95-95" стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, аҳоли орасида ОИВ инфекцияси профилактикасини кучайтириш ва зарарланганликни аниқлаш бўйича текширувлар қамровини ошириш, аҳоли орасида ОИВ инфекциясини фаол аниқлаш мақсадида ОИТСга қарши  курашиш бўйича 15 та марказ ва 63 та туманлараро диагностика лабораторияларини сўнгги авлодга мансуб диагностик тест-тизимлар билан узлуксиз таъминлаш, ОИВ инфекцияси юқиши ва тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган гуруҳлардан аҳолига ОИВ инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ушбу гуруҳлар орасида ОИВ инфекциясини фаол аниқлаш ва профилактик тадбирлар олиб бориш сингари қатор ишлар ташкил этилади.

Стратегияни амалга ошириш учун 2023-2027 йилларда Давлат бюджети, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, шунингдек, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкиниг қарз маблағлари ҳисобидан 120 миллиард сўм ва 54 миллион доллар маблағлар йўналтирилади.

Ушбу маблағлар аҳоли орасида ОИВ инфекциясини барвақт аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ҳамда ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диогностика лабораторияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мутахассис-ларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш, кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш учун сарфланиши белгиланган.

Ўзбекистонда 2027 йилга бориб ОИВ юқтириб олган   шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билиши, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус белгиси аниқланмайдиган даражага тушиши режалаштирилмоқда. Шу вақтга келиб вируснинг онадан болага юқишига ҳам барҳам берилади.

Дастурга кўра, юқорида таъкидланган тадбирлардан ташқари Соғлиқни сақлаш ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг якунига қадар республиканинг барча ҳудудларида "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ФҲДЁ органлари ва тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида электрон ҳамкорлик ташкил этилади, қатор вазирликлар электрон базалари билан интеграция қилиш орқали ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Баҳромжон ҚОРАЕВ,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи.

Прочитано 574 раз Последнее изменение 20 Авг 2024
Super User

Последнее от Super User