Мутахассис шарҳи
Кейинги йилларда мамлакатимиз пенсия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тизимдаги жараёнлар соддалаштирилмоқда, фуқаролар учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб, тизимда яна қатор янги тартиблар жорий этилади.
Хусусан, ногиронлик пенсиялари алоҳида мурожаат талаб этмасдан "проактив" шаклда тайинланади. Жорий йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида"ги (Пқ - 194 сонли) қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Яъни:
- фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмасдан проактив шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади;
- кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш;
- ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар 2 йилда проактив шаклда қайта ҳисоблаш.
2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ "Халқ банки" томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади.
Жорий этиладиган тартиблар белгиланган йўналишларда пенсия тайинлаш жараёнларини янада соддалаштиради, қолаверса, фуқаролар учун қулайликлар яратади.
Буважон ҲОСИЛОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат туман бўлими бошлиғи
ўринбосари.