Мулоҳаза
Сўз эркинлиги ҳар қандай жамиятнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳолатини ифода етувчи мезондир. Бу нафақат фуқароларнинг ўз фикрини бемалол билдириш ҳуқуқи, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўприги ҳисобланади. Сўз эркинлиги бор жойда адолат, ошкоралик ва тараққиёт бўлади. Ундан маҳрум жамиятда эса қўрқув, ёлғон ва бошқа турли иллатлар ҳукм суради.
Сўз эркинлиги дегани - кимнидир таҳқирлаш ёки асоссиз танқид қилиш эмас. Бу аввало, ҳақиқатни излаш ва уни айта олиш ҳуқуқидир. Шунинг учун бу ҳуқуқ масъулият билан чамбарчас боғлиқ. Фикр айтишда далилларга асосланиш, мувозанатни сақлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш лозим.
Бугунги глобал ахборот майдонида ёлғон ва манипуляцияларнинг тарқалиш хавфи ўта кучайган. Айнан шундай шароитда мустақил фикр юритувчи, далилларга таянувчи журналистлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ўрни ва роли ниҳоятда катта.
Ўзбек матбуоти тарихида сўз эркинлиги йўлида курашган фидойилар жуда кўп эди. Абдулла қодирий, Чўлпон, Фитрат каби кўплаб маърифатпарварлар миллат уйғонишининг асосчилари бўлганлар. Афсуски, улар ўзларининг эркин сўзи учун жазо олганликларини тарих ҳеч қачон унутмайди. Бугун эса уларнинг орзуси - эркин ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар аста-секин рўёбга чиқмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВлари, журналистларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шароитлар яхшиланмоқда. Жамиятдаги ижтимоий ва бошқа кўплаб муаммолар очиқ муҳокама қилинмоқда, давлат идораларида матбуот котиблари фаолияти йўлга қўйилди, уларнинг ОАВлари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бормоқда. Очиғи, эркин сўз айтиш, очиқлик, шаффофлик ривожланмоқда. Энг асосийси, фуқаролик жамияти кучаймоқда.
Ахборот майдони кенгайиб борар экан, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг масъулияти ҳам ортмоқда. Улар жамиятдаги муаммоларни кўрсатиб берувчи кўзгу бўлиши, аммо бу кўзгу ҳақиқатни бузмай, уни тўғри талқин ва акс эттириши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуни фуқаролар ҳамда соҳа вакилларига фикр эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, бу ҳуқуқлар бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан чегараланган.
Сўз эркинлигининг даражаси - бу жамият ривожининг даражасини белгилайди. Сўз эркинлиги бўлса, фуқаролар фаоллиги, давлатга ишонч ва ҳақиқат устувор бўлади. Бироқ бу эркинликни ҳимоя қилиш ва ундан тўғри фойдаланиш ҳам ҳар биримизнинг, айниқса, журналист ва ОАВлари вакиллари зиммасидаги шарафли бурчдир.
Бугунги ёш журналистлар, ижодкорлар сўз кучи, эркинлиги орқали жамият ривожига, адолат ва ошкоралик мезонларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш имконига эга. Шу боис, сўзимизда ҳақиқат, ёзганларимизда адолат, шаффофлик бўлсин.
Гулшода КАРИМЖОНОВА,
жамоатчи мухбир.