Мутахассис минбари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 июндаги "Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтариш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, Фармонга кўра, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб:
- фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича "Менинг пенсиям" онлайн хизмати жорий этилади;
- пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.
Пенсияга оид маълумотларни тўлиқ рақамлаштириш мақсадида:
- 2025 йил 1 октябрга қадар Мажбурий ижро бюроси томонидан мажбурий ижро жараёнида ундирувни пенсия тўловларига қаратишдан аввал дастлаб фуқароларни хабардор қилиш тизими жорий этилади.
- 2025 йил 1 ноябрга қадар Мудофаа вазирлиги томонидан мудофаа ишлари органларида рўйхатда турган ва пенсия тайинланаётган фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўтаган даври тўғрисидаги маълумотларни "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Пенсия жамғармаси ахборот тизимига тақдим этиш бўйича интеграция қилиш чоралари кўрилади;
- 2025 йил июль-октябрь ойлари давомида ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳалладаги "маҳалла еттилиги" билан биргаликда фуқароларнинг меҳнат дафтарчаси маълумотларини камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали рақамлаштириш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 августга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан:
- фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилади;
- давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни вазирликнинг электрон базасига юбориш имконияти яратилади.
Буважон ҲОСИЛОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат тумани бўлими бошлиғининг ўринбосари.