Версия для печати
12 Сен 2025

ЮЗ ЁШИНИ НИШОНЛАЁТГАН МАКТАБ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Таълим: кеча ва бугун

Мустақиллик йилларида жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби таълим, хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизимини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мустақил тараққиёт даврида юртимизда кўплаб янги, замонавий мактаблар қурилди, жуда кўп мактаблар тубдан таъмирланди.

Айниқса, кейинги 7-8 йил ичида юртбошимизнинг эътибор ва ташаббуси билан тизим фаолияти самарадорлиги янги босқичга кўтарилди. Ўқувчиларга таълим, тарбия бериш сифати тубдан яхшиланди. Тизимдаги ана шу ўзгаришларни ташкил этилганлигининг юз йиллигини нишонлаётган Асака туманидаги 36- умумтаълим мактаби фаолияти, мактабда амалга оширилган ибратли ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.  

Асака туманидаги 36- умумтаълим мактаби замонавий кўринишга эга тумандаги илғор мактаблардан бири сифатида эътироф этилади. Айни пайтда мазкур ўқув даргоҳида 1 минг 260 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, уларга 91 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчиларнинг 8 нафари олий, 40 нафари биринчи ва иккинчи тоифага эга педагоглардир. Устозларнинг 10 нафари хорижий тил ва фанларни билиш бўйича халқаро ва миллий сертификатга эга.

Мактабда замонавий спорт зали, бир неча минг китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, кенг ва шинам ошхона ўқувчи ҳамда устозлар хизматида.

Нафақат вилоятимиз, балки юртимизда ҳам ташкил этилганига юз йил бўлаётган мактаблар сони у қадар кўп эмас. Юз йиллик тарихга эга мазкур ўқув даргоҳи тўғрисидаги маълумотлар кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳол. Мактаб қачон барпо қилинган, советлар даврида қандай эди, дастлаб қанча ўқувчи таълим олган, ўқитиш қай даражада олиб борилган, деган кўплаб саволлар ҳақиқатдан ҳам кўпчиликни қизиқтиради?

Албатта бундай саволларга бу ерда дастлаб таҳсил олган собиқ ўқувчилар, фаолият кўрсатган кекса педагоглар жавоблари ойдинлик киритади. Шу мактабда таълим олган ва 40 йилдан зиёд вақт ўқитувчилик қилган 91 ёшли меҳнат фахрийси, таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Олимжон ота Раҳимов мактаб тарихи ҳақида шундай дейди:

-1920-1921 йиллари Ўзбекистоннинг барча қишлоқлари каби Асакадаги Қайрағочариқ қишлоғида ҳам совет мактаби очилган. Содда халқимиз дастлаб “рус мактаби” деб болаларини мактабга беришмаган. Лекин тушунтиришлар олиб борилиб, болалар бирин-кетин мактабга жалб этила бошлаган. Аввал болалар  5-10 та кичик-кичик ҳужраларда ўқишган. Бунда Юкори Турк маҳалласидаги Ботиралибой, Қорасув маҳалласидаги Матқобулбой каби бойларнинг меҳмонхоналари,   шунингдек, Оқсув маҳалласидаги Мирзараҳим қорининг диний сабоқ берувчи ҳужраси мактаб учун мослаштирилган.

1926 йилнинг 1 сентябрида Фарғона вилоятининг Қува туманида (ўша пайтда Андижон ва Фарғона битта вилоят, Асака ва Қува битта туман бўлган) 7 йиллик мактаб барпо этилади. Унга Содиқов деган киши директор этиб тайинланганди. У даврларда аҳоли болаларини бундай мактабларга беришни унчалар хоҳлашмасди. Болаларни мактабларга жалб қилишда, ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришда Тошкентдан ишга юборилган Восихон ака /офуровнинг хизматлари катта бўлган. Унинг тарғибот-ташвиқот ишлари туфайли ҳудуддаги Юқори ва қуйи Бўзариқ, Қонди, Оқсув, Қайроғочариқ сингари қишлоқлар болалари мактабга жалб этилди.

Биринчи марта 1927 йили 7 йиллик мактабнинг илк   қалдирғочлари учирма қилинган. Саводлилар кам бўлганлиги боис, уларнинг кўпчилиги давлат идораларига ишга олинди. Ўша йиллари Татаристон ва Бошқирдистондан бир гуруҳ ўқитувчилар қишлоғимизга ишга келди. Мен 1941-42 ўқув йилида мактабнинг биринчи синфига қабул қилингандим...

Дарвоқе, мактаб тарихига оид бу ва бошқа маълумотлар шоир ва педагог Олимжон Раҳимийнинг “Жасоратли келин” қиссаси ҳамда тарих фанлари номзоди Шерзодбек Рўзиқуловнинг илмий ишида ҳам келтириб ўтилган.  Уларда баён қилинишича, ўтган аср йигирманчи йиллари охирида Қайрағочариқ қишлоғида ташкил этилган мактаб1938-1939 йилларга келиб, тумандаги энг катта ўқув даргоҳларидан бири сифатида эътироф этилган. Шу йиллари тумандаги мактабларни битирган йигитларнинг кўпчилиги урушга кетиб аксарияти қайтиб келмади. Урушга олинмаганлар олий ўқув юртларида таҳсил олишди. Жумладан, Сирожиддин Тоштемиров Нефть ва газни қайта ишлаш институтини битириб Нефть ва газ кони бошлиғи лавозимида ишлади. Мамасоли ҳожи домла Тошкентдаги Олий Маъҳадда таҳсил олиб, Қирғизистон Республикаси диний идорасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган.

1943 йили мактаб мослаштирилган клуб биносига кўчирилади. 1958 йили мактабга ўрта мактаб мақоми берилади. Мактабнинг 10- синфини биринчи бўлиб Жумавой Ру?зматов, Ақлбек Кучкаров, Раҳимжон Жиянов, Турсинбой Худойбердиев, Зикриёхон Акромова сингари ўқувчилар томомлаган. Мактабда яхши ўқиган Ўқувчилар кумуш медаль билан такдирланган. 1958-1960 йиллари мактабни тамомлаган кўплаб ўқувчилар олий ўқув юртларида таҳсил олишди.

Олтмишинчи йилларнинг охирида Асака адирларидан келган сел мактабни лойқага тўлдириб хароб қилади. Ўша даврда колхоз раиси бўлган Зокиржон Собировнинг саъй-ҳаракатлари билан мактабга янги бино қуриб берилади. Умуман олганда, мактаб тарихида катта ёрдамлари билан из қолдирган Зокиржон Собиров, Хурсандали Турсунов, Баҳодирхўжа Маъруфхўжаев каби колхоз раисларининг номларини алоҳида қайд этиш керак.

Мактаб фаолиятининг дастлабки даврида ҳамда энг оғир, қийин йилларда ўқув даргоҳига раҳбарлик қилиш Қўчқорбой Рўзиев, Ҳошимжон Мамажонов, Рахматерлин Довудов, Махсуд Қудаев, Маннобжон Абдуллаев, Иброҳимжон Тоштемировлар зиммасига тушганди. Айниқса, мактабга раҳбарлик қилган биринчи аёл Мўътабархон Полвонова ҳам қийин  даврларда мактабни бошқарган.

Турли даврларда, айниқса, истиқлол йилларида ушбу мактабни тамомлаган ўқувчилар орасидан жуда кўп таниқли кишилар, турли жабҳаларда юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ва қўшаётган тадбиркорлар, олимлар, раҳбарлар етишиб чиққан. Мактаб жамоаси ана шу инсонлар билан ҳамиша фахрланади.

Бир неча йил мактабга раҳбарлик қилган Равшанбек Юлдашевнинг саъй-ҳаракати билан мактабда катта спорт зали барпо этилди.

Бугунги кунда Умидахон Ҳомидова раҳбарлик қилаётган ушбу мактаб замонавий кўринишга, барча қулайликларга эга таълим даргоҳларидан бири. Бу ерда яратилган шароитлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ўқувчиларга илғор педагогик  технологиялар, интерфаол ва замонавий ўқитиш усуллари орқали сабоқ берилади.  Мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари эришаётган ютуқлар ҳам салмоқлидир.

   Ишонч билан айта оламанки, мактабимиз жамоаси жорий ўқув йилида ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, мактабнинг юз йиллик юбилейига туҳфа этади.

 

Нилуфархон ХОЛИҚОВА,

мазкур мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Прочитано 23 раз
iqbol

Последнее от iqbol