Версия для печати
07 Сен 2026

Давлат активлари ва ерларни харид қилишда тадбиркорларга янги имкониятлар

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун давлат мулки ва ер участкаларини сотиб олишда янги имтиёз ва қулайликлар жорий этилганлиги ҳақида гапириб берди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 18 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, давлат активлари ва ер участкаларини иқтисодий айланмага жалб қилиш, бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, давлат активларини харид қилиш янада қулайлашади. Яъни тадбиркор давлат активини сотиб олишда аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Актив қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаган тадбиркорга 25 фоиз чегирма берилади.
Шунингдек, харид суммасининг 50 фоизини тўлаган тадбиркор қолган қисмини 7 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади. Бу тадбиркорларга катта миқдордаги маблағни бир вақтнинг ўзида сарфламасдан, сотиб олинган мулкдан самарали фойдаланиш, ана шу маблағни  бизнес фаолиятига йўналтириш имконини беради.
Уч ой давомида сотилмаган давлат мулкларининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади, аукцион муддати эса икки баробарга қисқартирилади. Бу давлат мулкларини тезроқ иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилади.
Ер сотиб олган тадбиркор эса қурилишни тезроқ бошлайди. Яъни ер участкаларини аукцион орқали сотиб олган тадбиркорларнинг қурилишни бошлаш учун ойлар давомида ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилади.
Эндиликда ҳокимликлар ерларни қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳа ҳужжатлари билан биргаликда «тайёр пакет» шаклида аукционга чиқаради. Натижада тадбиркор ер участкасини харид қилгач, ортиқча бюрократик жараёнларсиз қурилиш ишларини бошлаши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, инфратузилма йиғими бўйича аванс 20 фоиздан 5 фоизга туширилади. Бу ҳам янги лойиҳаларни бошлашда тадбиркорнинг молиявий юкини сезиларли камайтиради.
Банклар балансидаги 2,5 мингта мулк тадбиркорларга таклиф этилади.
Тадбиркорлар учун яна бир катта имконият — банклар балансида турган кўчмас мулкларни бизнесга жалб қилишдир.
Банклар балансидаги умумий қиймати 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади.
Мазкур мулкни сотиб олган тадбиркор бир йил давомида ер ва мол-мулк солиғини тўламайди. Бу эса фойдаланилмаётган объектларни янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тадбиркорлик лойиҳаларига айлантириш учун қўшимча имконият яратади.
Мақсад — мулкни бизнесга, бизнесни эса янги имкониятларга айлантиришдир.
Янги тартиблар давлат активлари ва ер участкаларини тадбиркорларга янада қулай шартларда таклиф этиш, бўш ва самарасиз фойдаланилаётган мулкларни иқтисодий айланмага киритиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини тезроқ амалга оширишга қаратилган.
Энг муҳими, тадбиркор учун яратилаётган ушбу имкониятлар янги корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
 


Жамшидбек ИСРОИЛОВ,
 “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакили.

Прочитано 8 раз
iqbol

Последнее от iqbol