(4- сон) Мутахассис минбари
Инглиз тили дарсларида турли ўйинлардан фойдаланиш ўқувчиларда чет тилига бўлган қизиқишни оширишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.
Ушбу усулдан фойдаланиш ҳис-ҳаяжонни ва диққатини бир жойга қўйишни талаб қилади. Қолаверса, ўқувчини аниқ бир қарорга келишга ўргатади.
Ўйинлар ўқувчиларнинг хорижий тилни ўзлаштиришида, хусусан, тинглаб тушуниш, гапириш, ифодали ўқишни ва ёзувини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчилар тақлид қилишга мойил ва ниҳоятда қизуқувчан бўлганлари сабабли ўйинларда образга кириш ҳолатининг асоси қизиқувчанлик шаклида намоён бўлади, ўқувчидаги изланувчанлик қобилиятини ўстиради.
Инглиз тилини ўқитишда образга кириш элиментлари бўлган ўйинларнинг қўлланилиши муҳимдир, чунки бу машғулотлар ёрдамида нутққа ўргатишда тақлид қилиш ва кўргазмалилик ҳолатини яратиш осон кечади. Ўйин жараёнида маълум ролларни ижро этган ўқувчи аниқ ҳаётий ҳодиса иштирокчисига айланади, эркин мулоқот қилишга ҳаракат қиладилар.
"Мусобақа" ҳамда "элимент-ли" машғулотларда эса ўқувчиларнинг нутқий фаоллиги, заҳирадаги сўзлар ва нутқ бойлигидан тўла фойдаланиш имкониятлари ортади.
Ўйин-топшириқларининг хилма-хиллиги ва қизиқарлилиги ҳатто, тортинчоқ, сўзларни хато айтишдан қўрқиб, уяладиган, дарсни паст ўзлаштирадиган ва савол-жавобларда фаол қатнашмайдиган ўқувчиларда ҳам қизиқиш уйғотади. Жавоб бераётган ҳар бир ўқувчи нутқини нафақат ўқитувчи, балки бутун синф кузатиб боради. Бу ўқувчидаги журъат ва ўзига бўлган ишончни оширади. Мазкур усулдаги "ғалаба" ва "мағлубият" ўқув материаллари ўқувчилар томонидан қай даражада ўзлаштирилганлигини аниқлашга ёрдам берди.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, ўқувчилар учун янги ўйиндан кўра, эски ўйинларнинг янги вариантлари қизиқарли бўлади. Ўйин-машғулотнинг фойдаси ўқувчиларнинг қизиқиши ва завқини йўқотмаган ҳолда нутқини ривожлантиришга қандай наф келтираётганлиги билан ўлчанади. Шунинг учун ўйинни ўзгартирмаган ҳолда ўқувчиларнинг нутқидаги хатоларни қандай тузатишга эътибор бериш керак. Ўйин жараёнида хатолар учун танбеҳ бериш тўғри эмас, балки тўғри гапиришга ўргатиш, тўғри жавобларни рағбатлантириш лозим.
Дарсда қўлланиладиган ўйин-машғулот дарснинг мақсад-вазифаси билан бевосита боғлиқ бўлиши шарт. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатларда ўйинларни дарснинг мақсад ва мавзусига мувофиқ ҳолда танлаш керак. Ўйинларда нотаниш грамматик машқлар ва сўзларни иложи борича ишлатмаслик, агарда янги сўзлар қўлланилса, уларнинг маъносини тушунтириш лозим. Кўп йиллик тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, чет тили дарсларида кўпроқ мусобақа ёки образга кириш элементлари бор ўйинлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Нилуфархон САЙФУТДИНОВА,
АндМИ қошидаги Бўстон академик лицейи инглиз тили фани ўқитувчиси.