Версия для печати
23 Март 2017

"КЎК КИТ" ЎЙИНИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

 (13-сон) Огоҳлик

БОЛАЛАРНИ ЎЗ ҲАЁТИГА ҚАСД ҚИЛИШГА УНДАЙДИ

Қандай қилиб ўйин инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин? Бир қараганда бунга кўпчиликнинг ишонгиси келмайди. Лекин, кейинги пайтларда  интернет тармоғида тарқалаётган айрим видео ва аудио материалларни кўриб, таҳлил қилиб,  шундай ўйин борлиги, кўплаб болалар ушбу ўйин иштирокчисига айланаётганлигидан кенг жамоатчилик ташвишга тушмоқда.

Болаларни бу каби қабиҳ ўйинлар домига тушиб қолишдан сақлаш, бу борада тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш айни кундаги муҳим вазифадир.

Бугунги интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиб, кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришаётган ёшларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Лекин, интернетдаги маълумотлардан ўринли фойдалана олмаётган, интернет тармоғидаги вахшийлик, зўравонлик, порнография ва киши руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа иллатлар таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Буни интернет тармоғидаги "Кўк кит" деб номланган ўйин мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу ўйин охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш билан якун топишини била туриб, бу йўлга кираётган ёшларнинг борлиги ачинарли ва ташвишлидир.

Ушбу ўйинни уяли алоқа телефонларига тўғридан-тўғри юклаб бўлмайди. Бу шундай ўйинки, интернетда ташкил этиладиган, бир киши томонидан бошқариладиган гуруҳ ўйини ҳисобланади. Иштирокчига ўйин давомида 50 та топшириқ берилади. Уларнинг барчасини бажарганингиздан сўнг, мукофот ўз ўлимингиз бўлади. Яъни ўйинга кирган ҳар бир одам ўз жонига қасд қилиб, ўйинни якунлаши керак.

Ўйинни бошлаш учун тармоқдаги "кўк кит" гуруҳига қўшилиш лозим. Бу ёпиқ гуруҳ. Унга ҳар ким ҳам қўшила олмайди. Ўспиринлик ёшидан ўтганларга рад жавоби берилади. Чунки гуруҳ аъзолари асосан ўтиш давридаги 14-15 ёшли мактаб ўқувчиларидир.

"Соат тонги  4.20 да мени уйғот ва ўйинни ўйнашга таклиф қил", "Тинч уй. Мени фақат ўша ерда кутишади", "Китлар уйи. Мен фақат у ерда бошпана топаман", "Тез орада ўзим томонимдан ўлдириламан" - каби хитоблар ўйин буйруқ ва топшириқлари ҳисобланади.

Берилаётган топшириқларда ҳаётнинг адолатсизлиги, яшашнинг бешавқат ва қийинлиги каби мавзулар муҳокама этилади. Гуруҳдаги аудио, видео ва фото материаллар гуруҳ аъзосини тушкун кайфиятга, умидсизликка солишга хизмат қилади.

Ўйин иштирокчисига тақдим этиладиган лавҳалар, бериладиган вазифалар боланинг руҳиятига фақат салбий таъсир кўрсатади. У ўзгачалиги, лекин атрофдагилар уни қадрламаслиги ва у ҳеч кимга керак эмаслигини тушунтиришга қаратилган. Шунингдек, бу дунё яшашга арзимаслиги, агарда кўк кит у дунёга олиб кетса, у жаннатда абадий халоват топишини уқтириш топшириқларнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига гуруҳ бошқарувчиси томонидан мураббийлар тайинланади. Мураббий болага мавжуд тартиб-қоидаларни тушунтириб, ҳар куни эрталаб соат 4.20 да янги-янги топшириқлар бериб боради. Одатда биринчи топшириқ қўлни тиғли восита билан тилиб, кит расмини чизиш, буни       расмга ёки видео тасвирга олиб, гуруҳ сайтига жойлаш ҳисобланади. Бу билан иштирокчи ўйинга кирганини исботлайди. Агар бажаришдан бош тортса, ўйиндан четлатилади ва қора рўйҳатга тушади.

Ўйиндаги 50 топшириқ эса ўз жонига қасд қилиш бўлади. Агар иштирокчи бу топшириқни рад этса, гуруҳ томонидан унинг компьютери ёки телефонига махсус вирус туширилади. Бу билан фойдаланувчи ҳақидаги, жумладан, унинг исм-шарифи, манзили ҳақидаги маълумотлар билиб олинади ва шахсий мураббий томонидан гуруҳ аъзосига етказилади. "Агар 10-15 дақиқада ўз жонингга қасд қилмасанг, яқинларинг ўлади, биз сен ҳақингда ҳамма нарсани биламиз" каби таҳдидли хабарлар келади.

Тибиийки бундай ҳолатдан ўспирин ваҳимага тушади. Улар жиддий одамлар эканлигини таҳмин қилади. Ўйиннинг иккинчи томонида оддий бир киши ўтирганлигини, у уйига, у яшаётган шаҳарга асло кела олмаслигини,  яқинларига зарар етказиш тугул уларни топишга ҳам ҳаракат қилмаслигини вахимага тушган ўспирин ўйлаб ҳам кўрмайди. Натижада, яқинларини ҳимоя қилиш учун ўз жонига қасд қилади.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда "кўк кит" номли гуруҳлар жуда кўп. Дастлабки   фожеага чорловчи ва 300 минг обуначига эга бўлган ҳақиқий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Гуруҳнинг яратувчиси Филипп Лис ҳибсга олинган. Қабиҳ ўйин натижасида 230 дан зиёд бола ва ўсмирни ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган бу шахс озодликдан маҳрум этилган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интернет тармоқларида кенг тарқалаётган бу каби хатарли "ўйин"лардан, турли иллатлардан ёшларимизни асрашимиз керак. Виртуал кенгликни назорат қилиш жуда қийин масала эканлиги учун ҳам бу борада айниқса, таълим муассасаларида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришимиз лозим. Зеро ёшларимиз интернет маълумотларидан оқилона фойдалана олсин. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ота-оналар, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришимиз, ёшларимизни назоратдан четда қолдирмаслигимиз муҳимдир.

 

Фарҳод ОТАХОНОВ,

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи

мутахассиси.

 

 

Прочитано 4234 раз
Super User

Последнее от Super User