(14-сон)
2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Андижон давлат университетида "Мулоқот маданияти - оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида" мавзусидаги ўқув семинари бўлиб ўтди.
Юртимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, фуқаролар ўзини ўзи бош-қариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да белгиланган вазифалар ҳамда юқоридаги фармон ижросини таъминлаш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш хусусида атрофлича сўз юритдилар.
Семинарда "Халқ билан мулоқот", "Инсон манфаатлари" тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти", "Оилалар билан самарали иш олиб боришда фуқаролар йиғини маслаҳатчиси мулоқот маданиятининг аҳамияти", "Фуқаролар йиғини маслаҳатчисининг мулоқот маданияти кўникмаларини шакллантириш" мавзуларида маърузалар тингланди ҳамда оилалар билан иш олиб бориш бўйича тўпланган илғор иш тажрибалар Андижон шаҳридаги "Fайрат" маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мисолида оммалаштирилди.
Семинар ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этиб, маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари олдида турган муҳим вазифалар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Семинарда мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш, самарадорлигини ошириш, маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, отинойилар, ички ишлар бўлими профилактика инспекторларининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борадаги илғор иш тажрибаларини кенг оммалаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
- Семинарда фаолиятимизни самарали ташкил этиш, оилалар билан иш олиб бориш, мулоқот маданияти борасидаги билим ва тушунчаларимизни янада бойитдик, - дейди Андижон шаҳридаги Саноат маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Орзихон Эгамбердиева. - Айниқса, маслаҳатчиларнинг давлат, жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича билдирилган таклифлар жуда ўринли бўлди. Ишонаманки, семинардан олган билимларимиз келгусида фаолиятимизни янада яхшилашга ёрдам беради.
Ўқув семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ