(14-сон) фикр
Китоб ёшлар маънавиятини юксалтирадиган муҳим воситадир. Афсуски, бугун кўплаб тенгдошларимнинг китоб ўқиш, китоб мутолаасидан узоқлашиб кетганлиги жуда ачинарлидир.
Тан олишимиз керак. Турли телефон ўйинлари, интернет ёшларимизнинг саводхонлиги ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Улардан ўринли фойдалана олмаётган ёшлар маънавиятига салбий таъсир этаётган ана шу воситалар уларнинг бўш вақтини, қолаверса, саломатлигини ўғирлаётганлигини кўпчилик англаб етмаяпти. Айрим ота-оналар фарзандларининг уларга хаддан ортиқ берилиб кетишларига, тарбиясига у қадар эътибор қаратмаётганлиги мени таажжубга солади.
Мен ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани баён этиб ўтмоқчиман: Бекатда автобус кутиб кекса ёшдаги онахонлар ўтирар эди. Ёшроқ бола келиб улар орасига қўшилди. На кексаларга салом, на ҳурмат бор. Келиб, бўш жойга ўтирди. Қулоғида "наушник", кўзини телефондан узмайди. Шу орада автобус келиб бекатга тўхтади. Бола автобус келиб тўхтаганини ҳам сезмасдан телефонга термулиб ўтирарди. Шу орада автобус юриб кетди. Ҳатто, автобус келиб-кетганини билмаган бу бола олтиндан қиммат вақтнинг қадрини қаердан билсин? Наҳотки, унинг яқинлари уни шу ҳолга келгунига қадар эътибор беришмаса, унинг юриш-туриши билан қизиқмаса?
Бу каби ёшлар китоб ўқиганида, мулоҳаза юритадиган бўлганида эди, бундай ҳолатда ўтирмас, телефонга михланиб қолмаган бўларди. Ахир китоб бизнинг билим калитимиз, маънан бой, билимли, интеллектуал салоҳиятли бўлиб камол топишимизга ёрдам бергувчи беминнат дўстимиздир.
Буюк боболаримиз қолдирган бебаҳо маънавий мерос бутун дунёни лол қолдирса-ю, улуғ аждодларнинг авлодлари бўлган биз ёшлар ўша китоб-ларни ўқиб, ўрганишдан кўра, интернет тармоғидаги маънавиятимизга, тарбиямизга зид ўйинларни ўйнаб, вақтимизни зоя кетказишимиз тубанликдан ўзга нарса эмас.
Азиз тенгдош! Жаҳон ёшлари билан тиллашиб, беллашиб, юртимиз довруғини ошираётган дўстларимиздан сабоқ олайлик, аъло баҳоларга ўқишимиз, одоб-аҳлоқимиз билан ота-онамизга, юртимизга муносиб фарзанд бўлишга интилайлик. Шунда ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз.
Садоқат СОЛИЖОНОВА,
АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси.