+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ФАРЗАНДИНГИЗНИ ҚЎРҚИТМАНГ

мутахассис мулоҳазаси

Йиғлаб хархаша қилаётган фарзандингизни алдаб ҳам  яхши гапириб ҳам кўрдингиз, лекин фойдаси бўлмаяпти. Нима қилишни билмай бошингиз қотиб, энг сўнгги чора - қўрқитишга ўтасиз. "Жим ёт, бўлмаса духтир чақираман", "Ана бобов келяпти" каби бола тасаввуридаги қўрқинчли манзаралар билан уни тинчлантирмоқчи бўласиз. Фарзанд  тарбиясининг "ажралмас қисми"га айланган бундай услуб ҳақиқатдан ҳам тўғрими?

Фаолиятим давомида турли табиатдаги ўқувчиларга сабоқ бераман. Дадил, фаол, ҳеч кимдан қўрқмайдиган ва аксинча, салгина нарсадан ҳам чўчийдиган, синфдошлари орасида овозини баланд қилиб гапиришга қўрқадиган, мактаб раҳбарларини кўрса худди уни жазолайдигандек хайиқадиган ўқувчиларга ҳам дуч келаман. Бу туйғу таълим-тарбия жараёнида кўпинча ҳалақит беради. Шунинг учун болалардаги қўрқув ва унинг омиллари борасида айрим фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Чунки, бола қўрқув ва ваҳима туйғуларидан қанчалик бегона бўлса, унинг билимларни ўзлаштириши ҳам, ўз ақлий салоҳиятини намоён этиши ҳам шунчалик осон бўлади. Бундай бола фикрини эркин ифодалай олади, муваффақият сари дадил қадам ташлайди, хато ва камчиликлардан чўчимайди.       

Янги туғилган гўдаклар қўрқувни ҳис қилмайдилар. Одатда, бу туйғу болада 2-3 ёшлардан шакллана бошлайди. Яъни, бу жараён ақлий қобилиятини ривожланиш вақтига тўғри келади.Тадқиқотлар натижасига кўра, фарзандларимизнинг қўрқишига қоронғулик ва ҳайвонлар, танадаги оғриқлар, турли хаёллар, жинлар, ташқаридан бостириб келадиган инсонлар, ёвуз эртак қаҳрамонлари, қўрқинчли тушлар, ёмон  хулқли инсонлар, ва бошқа ҳолатлар  сабаб бўлиши мумкин.

Болалардаги қўрқувнинг 90 фоиз сабаблари нотўғри тарбия натижаси экани кузатилган. Чунки, фарзанд туғилганида бирор-бир нарса ҳақида тушунчага эга бўлмайди. Унга биз - катталар, хусусан, ота-оналар йиллар давомида барча нарсалар ҳақида тушунча бериб борамиз. Мана шу тушунтиришимиз натижаси ўлароқ, болаларимиз биз тилга олган нарсалардан қўрқиб, безиб қолишлари мумкин.

Ота-оналар фарзандларига борлиқнинг асл моҳиятини етказа билиши, уларга яхшилик ва ёмонлик, айб ва жазо, тўғри ва нотўғри каби тушунчалар негизини тўғри талқин қилиб бериши керак. Унутмаслигимиз лозимки, болажонларимиз ота-оналаридан, аниқроғи, уларнинг жазоларидан қўрқишлари эмас, балки уларни севишлари даркор.

 

Дилдорахон МАТМУСАЕВА,

Булоқбоши туманидаги

14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ошланғич синф ўқитувчилари.

 

Бошланғич синф ўқитувчилари билим ва малакаларини бойитди

Вилоят семинари

Жалақудуқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 1-умумтаълим мактабида "Бошланғич таълим: хорижий давлатлар таълим тажрибасини миллий таълим тизимига мос жиҳатларини татбиқ қилиш усуллари" мавзусида вилоят кўргазмали семинари ўтказилди.

Мазкур мактаб 2020 йилда инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирдан чиққан бўлиб, бугунги кунда 1 минг 300 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади.

Семинар иштирокчилари дастлаб мактаб бошланғич синф ўқитувчиларининг она тили, ўқиш, математика, алифбе, ёзув фанларидан очиқ     дарсларини кузатдилар.

Дарсларда Конституция ва бошқа давлат рамзларига доир билимлар мустаҳкамланди, "Светофор", "Зеҳн чархи", "Тез топ" каби ўйин усуллари, мультимедиа воситаларидан, "Саҳна" дарслари, "Тарихий шахсларнинг дарсда иштироки" каби бир қатор иннновацион усуллардан фойдаланилди.

- Болалар билан ишлаш, дарсларнинг сифатини янада яхшилашда АКТ, "Устоз-шогирд", "Ўрган-ўргат" сингари маърифий лойиҳалардан фойдаланиб, илғор дарс услубларини амалиётга жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, -  дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилфуза Худойбердиева. - Ўқитувчиларнинг таълим-тарбияда янгиликлар яратиши - ўқувчилар томонидан мавзуларнинг пухта ўзлаштирилиши, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини оширишда муҳим омиллардан бири бўлмоқда.

Бошланғич синф ўқувчиларида ижодкорлик, меҳнатга, ҳаётга муҳаббат, Ватанни севиш, атроф оламга теран     фикрда бўлиш, саломатлик қадрига етиш, меҳнатсеварлик каби қатор фазилатларни шакллантиришда ўйинчоқларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис, мактабда "Қўғирчоқ театри" фаолияти йўлга қўйилган. Семинар куни бир гуруҳ бошланғич синфнинг ижодкор ўқитувчилари томонидан "Зумрад ва Қиммат" эртаги намойиш қилинди.

Собир Усмонов, Рухсора Исроилова, Дурдона Адаҳамжонова, Меҳриддин Маматёқубов, Сайёра Жумабоева каби 1-4 синф ўқувчиларининг дарслардаги фаоллиги, тадбирлардаги иштироки, ўз ишининг устаси бўлган жонкуяр педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати семинар қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. 

Семинар иштирокчилари мавзу доирасидаги билим ва малакаларини янада бойитди, ўзаро тажриба алмашди.

 

Насибахон АБДУВАЛИЕВА,

Гулнора АБДУВАЛИЕВА,

 

мазкур мактаб бошланғич синф ўқитувчилари.

Гўзалликка асло доғ тушмасин

Жиноят жазосиз қолмайди

Одатда, биз ўзбек аёлларини ор-номусли, тиниб-тинчимас, оиласи, фарзандлари учун заҳмат чекадиган, ҳам уй-рўзғор, ҳам кўча юмушларини ўрнига қўядиган, оила мустаҳкамлиги учун ўзида масъуллик ҳисси билан яшайдиган фидойи эканини яхши биламиз. Ҳақиқий шарқона тарбия устувор бўлган оилада ўсиб-улғайган қиз яхши оила бекаси бўлишни, пок ва нопокни, ҳалол ва ҳаромни фарқлашни яхши билади. Аёлнинг қадами етган жойда саришталик, орасталик ҳукмрон.

Ўзбек қиз-аёлларининг бирортасини нопок, ҳаёсиз ишга қўл уришини тасаввур қилиш қийин, бироқ миллатимизга ёт, шармандали ҳаёт кечиришни ўзига одат қилган, қабиҳ, жирканч ишларига бошқаларни ҳам тортишга уринган, бу йўлни тирикчилик манбаига айлантирган аёллар афсуски, орамизда учраб туради.

Маъмура Муродова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) аслида Марҳамат туманидан, у Андижон шаҳридаги Э.Ашуров кўчасидаги хонадонлардан бирида истиқомат қилади. Яқинда Андижон шаҳар, Мирпўстин маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Маъмуранинг ахлоқан бузуқлиги, бошқа аёлларни ҳам нопок ҳаёт кечиришга ундаб пул ишлаб топишдек қабиҳ ишга жалб этгани масаласи кўриб чиқилди. Жумладан, Шаҳноза Исаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу каби жирканч ишнинг қурбонларидан бирига айланган.

Нопокликнинг умри қисқа. Жирканч йўл билан топилган луқма эса ҳаром ҳисобланади. Қолаверса, номуссизлик миллатимиз қиз ва аёллари шаънига исноддир. Бу ҳолатни асло кечириб бўлмайди.

Суд Маъмуранинг қилмишига яраша жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, оиласининг ягона боқувчиси бўлиб, беш нафар вояга етмаган фарзандларнинг онаси эканлиги, муқаддам судланмаганини эътиборга олиб, унга енгил жазо тайинлади.

Аёлни жиноятчи деб атагинг келмайди. Бироқ, хотин-қизлар орасида ўзининг аёл, энг асосийси, она эканлигини,   фарзандлари тарбиясига масъуллигини унутиб, қабиҳ ишларга қўл ураётган аёлларнинг оз бўлса-да, учраб туриши жуда ачинарлидир.

Аёл нафақат тасаввуримизда, балки ҳаётимизда ҳам ҳамиша гўзаллик рамзи, хонадонларимизнинг ўчмас чироғи, фаришталари бўлиб қолишларини истаймиз.

 

Улуғбек ШЕРАЛИЕВ,

 

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг судьяси.

Битимнинг турлари ва улар қандай шаклларда тузилади?

Ҳуқуқшунос минбари

Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларга айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 101-112- моддаларида битим тушунчаси, унинг турлари ва шакллари ҳақида кенг тушунчалар берилган, шунингдек, битимларни тузиш, бу борадаги ҳаракатларнинг тартиблари белгиланган.

Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар шаклида) бўлиши мумкин. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.

Бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, битимлар шартли тарзда ҳам тузилиши мумкин. Яъни, агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг келиб чиқишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум бўлган ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим кечиктириш шарти билан тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар ҳуқуқ ва     бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим, агар шартнинг юз беришига унинг юз беришидан манфаатдор бўлмаган тараф инсофсизлик билан қаршилик кўрсатган бўлса, бу шарт юз берган деб ҳисобланади.

Битимлар оғзаки ёки ёзма шаклда тузилади.

Битимнинг оғзаки шакли - қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан, у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин.

Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.

Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераётган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан тузилиши мумкин.

Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки   субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш ЎР Фуқаролик Кодексининг 107-моддаси талабларига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади.

Дилдора ҚАДИРОВА,

Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.  

"Вақф" хайрия фонди томонидан эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Янги йил байрами арафасида "Вақф" хайрия фонди томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари   тарқатилди.

- Мамлакатимизда, хусусан, Андижонда "Вақф" хайрия фонди томонидан кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилмоқда, - дейди Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. -  Вилоятдаги 882 та маҳаллада яшовчи 8 минг 820 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилганлиги ҳам фикримизга яққол мисолдир.

Бундан ташқари, вилоятдаги 15 та зиёратгоҳларда Қуръон тиловат қилинди, қўйлар сўйилиб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди. Шунингдек, Мурувват ва Саховат уйларида яшовчилар учун эҳсонлар қилинди.

Ун, шакар, мол гўшти, товуқ гўшти, мош, ловия, нўхат, мош, чой ва ўсимлик ёғи жойланган қутилар рўйхат асосида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилди.

Мифтохиддин Рожиддинов,

Андижон шаҳридаги "Девонабой" жоме масжиди имоми.

 

 

Олтинкўллик аёлларнинг муаммолари ҳал этилмоқда

Олтинкўл туманида "Аёллар дафтари"ни шакллантириш бўйича ўтказилган хатлов жараёнида аёлларнинг турли масалаларга оид мингдан ортиқ муаммолари аниқланган. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ана шу муаммоларни ҳал этиш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда.

- "Аёллар дафтари"ни     шакллантириш жараёнида Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманимиздаги 38 минг нафарга яқин аёл билан суҳбатлашиб чиқилди, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Зилола Тоштемирова. - Ўрганишлар давомида турли муаммолари бўлган 1 минг 504 нафар аёл "Аёллар дафтари"га киритилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда. Аниқланган муаммолар бартараф этилмоқда.

 Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давомида "Аёллар дафтари"га киритилган опа-сингилларимиздан 10 нафарига тикув машинаси топширилди,   Шунингдек, ҳунармандлик, касаначилик йўналишларида иш олиб бораётган аёллар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдам сўраган 60 нафар аёлга 5 миллион сўмдан имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

- Мен миллий тўн тикиш ҳунарини эгаллаганман, - дейди Янгиравон маҳалласида яшовчи Дилфузахон Юсупова. - Лекин ушбу ҳунар билан шуғулланиб, даромад топишга молиявий имконим йўқ эди. Шу боис, молиявий кўмак олишимга ёрдам берилишини сўраган эдим.

Мурожаатимга асосан, менга имтиёзли кредит тариқасида 5 миллион сўм маблағ берилди. Бундан жуда хурсандман. Энди  материал ва бошқа зарур буюмларни олиб, тўн тикиш билан астойдил шуғулланиш, даромад топиш имконига эга бўлдим. 

Шунингдек, туман ҳокимининг ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган 15 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси берилди. Бундан  ташқари, эҳтиёжманд 502 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 50 тонна кўмир бепул тарқатилди.

Одамларни ҳаётидан рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бу каби хайрли ишлар туманда изчил давом эттирилмоқда.

 

Фахриддин 

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Энг фаол тадбиркорлар тақдирланди

Кўрик-танлов

Вилоят ҳокимлигида "Маҳалланинг ривожланиши ва      ободлигига ҳисса қўшган энг яхши тадбиркор" кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла   институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида ҳар бир туман ва шаҳардан  бир нафардан белгиланган йўналишда энг яхши фаолият олиб борган тадбиркорлар иштирок этди.

Танловнинг асосий мақсади, тадбиркорларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтириш, маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун бизнес муҳитини яратишга кўмаклашиш, шу билан бирга, тадбиркорларнинг ана шу соҳадаги маҳорати, молиявий ва ҳуқуқий билим ва тушунчаларини бойитиш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги билан боғлиқ илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилди.

Танлов Ишчи гуруҳининг хулосасига кўра, Олтинкўл тумани Миробод маҳалласида фаолият кўрсатаётган "Равон тараққиёт орзуси" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдухошим Исмоилов биринчи ўринга сазовор бўлди.

"Равон тараққиёт орзуси" масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда 1 минг 200 нафарга яқин киши, асосан, ёшлар ва аёллар иш билан таъминланди. Маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган оилалар холидан мунтазам хабар олиб турилди. Айниқса, пандемия даврида 100 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга ёрдам тариқасида  озиқ-овқат ва корхонада ишлаб чиқарилган пойабзал маҳсулотларидан берилди. Шунингдек, 56 та кам таъминланган, ёлғиз яшовчи ва боқувчисини йўқотган оилаларга янги йил совғалари улашилди.

Танловда иккинчи ўрин Шаҳрихон туманидаги Муллабой маҳалласида фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Отабек Саматовга, учинчи ўрин эса Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор маҳалласида иш олиб бораётган "Равон тараққиёт орзуси" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одинахон Fозиевага насиб этди.

Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тадбирда маҳаллалар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳалла тизимида ишлаб, хайрия, меҳр-саховат ишларини амалга ошираётган, мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этишда намуна бўлаётган бир гуруҳ фуқаролар ҳам рағбатлантирилди.

Оминахон ИБРАГИМОВА,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

 

бошқармаси бўлим бошлиғи.

Бўстон туманида киви кўчатлари етиштирилмоқда

Оилавий тадбиркорлик

Бўстон туманида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида амалга оширилаётган ибратли ишларни тарғиб этиш, томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича "Намунали томорқачи" деб номланган тадбир ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда партиянинг Хотин-қизлар қаноти томонидан ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ўз томорқасида иссиқхона ташкил этган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар Нафисахон ва Тоҳиржон Ортиқов томонидан ташкил этилган "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти иссиқхонасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан танишди.

Нафисахон ва Тоҳиржон Ортиқов бу иш билан аввал ўз томорқасида шуғулланган бўлса, 2019  йилда 1 гектар майдонда иссиқхона барпо этиб, киви, пальма кўчатлари етиштириш билан шуғуллана бошлаган. Айни пайтда иссиқхонада 10 минг туп пальма гули, 10 минг туп киви кўчатлари парваришланмоқда. Бундан ташқари, 5 сотих майдонга  чеснок, пиёз, шолғом, сабзи каби экинлар экилган.

- Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, хотин-қизларнинг ишбилармонлик салоҳиятини юксалтириш, томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш борасидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат, - дейди O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти раҳбари Умидахон Исаева. - Қолаверса, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, оилаларнинг даромад манбаини шакллантириш кўзда тутилган.

"Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятида айни кунда 50 бош эчки, 100 дан ортиқ қуён ҳам парваришланмоқда. Бундан ташқари, жамият иссиқхонасида етиштирилаётган маҳсулотларни сотиш учун катта йўл бўйига дўкон қурилмоқда.

Ноанъанавий тарзда ўтказилган тадбир давомида        томорқа хўжалигидан фойдаланишда намунали иш олиб бораётган хонадон эгалари иштирокчилар учун маҳорат сабоқлари ўтказди. Томорқадан унумли фойдаланиш, цитрус мевалари кўчатларини етиштириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

- Келгусида 1 гектар майдонда иссиқхоналар учун мандарин, апельсин, лимон ҳамда манзарали дарахт кўчатларини етиштиришни мақсад қилганмиз, - дейди  илғор томорқачи Тоҳиржон Ортиқов. - Бу борада ҳам  зарур тайёргарлик ишларини бошлаганмиз.   

 

Тадбир иштирокчиларнинг томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги назарий, амалий билим ва малакаларини янада бойитди.

Ёшлар билан ишлаш бўйича Андижон тажрибаси яратилди

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Ёшлар фестивали" форуми доирасида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшлар билан мулоқот ўтказди.

Олий ўқув юртлари талабалари, коллежнинг ҳамда умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, шунингдек, уюшмаган ёшлар вакиллари, турли жабҳаларда фаолият юритаётган илғор ва фаол ёшлар иштирокидаги мулоқотда вилоят ҳокими жорий йилда ёшлар билан ишлаш борасида "Андижон намунаси" сифатида икки йўналишда ишлар ташкил этилганлигини таъкидлаб, амалга оширилган ишлар хусусида тўхталди. 

Биринчи йўналиш уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўлиб, бу борада йил бошида хатлов ўтказилди. Хатлов якунига кўра, вилоятда жами 43 минг 221 нафар  ёш бирор бир фаолият билан шуғулланмасдан келаётганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг улар билан аниқ режа асосида, манзилли ишлар олиб борилди. Натижада бугунги кунга келиб, 41 минг 819 нафар ёки уюшмаган ёшларни 97 фоизининг бандлиги таъминланди.

Иккинчи йўналиш, яъни уюшган ёшлар билан ишлаш бўйича Президентимиз томонидан 11-синф битирувчиларининг бандлигини таъминлаш юзасидан "Андижон тажрибаси"ни яратиш хусусида берилган топшириқ ижросига қаратилган тизимли ишлар олиб борилганлиги айтиб ўтилди.

Мулоқотда вилоят ҳокими ёшларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитди. Ёшларнинг илғор ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, ёшлар билан ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайишини таъкидлади.

Мулоқотдан сўнг таниқли санъаткор ва хонандалар иштирокида гала концерт намойиш этилди.

Жавоҳир АбубакиРов,

 

Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши матбуот котиби.

"НАФОСАТ - 2020" ЗАМОНАВИЙ ЛИБОСЛАР ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Нафосат - 2020" замонавий либослар фестивали доирасида дизайнер-тикувчи, стилист ва имиджмейкерлар ўртасида  кўрик-танлов ўтказилди.

Фестивалда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хусусан, ҳунармандчилик, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар, айниқса, дизайнерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш   бошқармаси, "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда вилоятда самарали иш юритаётган, фаолиятида муайян ютуқларга эришган 13 нафар дизайнер-тикувчи, стилист ва имиджмейкерлар ўз коллекциялари билан иштирок этдилар.

Иштирокчилар дизайнерлик фаолияти, миллий кўринишдаги либослар тайёрлашга замонавий ёндашиш бўйича либослари эзкизлари, соҳани ривожлантириш бўйича илғор тажриба ва таклифлари, шунингдек, "Ишбилармон ва етакчи аёл",  "Талаба қиз", "Ижодкор аёл" тимсоллари ҳамда "Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати" номинациялари ҳамда эркин мавзу шартлари бўйича ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Якуний натижаларга кўра, Андижон шаҳар вакиласи, стилист-имиджмейкер Мавжудахон Қурбонова ғолиб деб топилди. Андижон тумани вакиласи, дизайнер Нозимабону Абдуолимовага иккинчи, Андижон шаҳрида фаолият юритаётган дизайнер Моҳларой Салоҳиддиновага эса учинчи ўрин насиб этди.

Шунингдек, танловда "Ишбилармон ва етакчи аёл", "Талаба қиз", "Ижодкор аёл", "Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати"  номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари вилоят ҳокимининг дипломи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА