+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Юр, ланка тепамиз!

(Болаликни соғиниб)

Бир куни 11 ёшли жияним Одилжонга "Бор, томдаги қўйнинг пўстагидан кесиб туш!" деб буюрдим.

-Уни нима қиласиз?-сўради у қизиқиб.

-Нима қилардим, ланка ясайман, тепамиз!

-Вой, хола, сиз ҳам ланка ўйнашни биласизми?

-Аввал ясайлик, кейин кўрасан билишимни!

Ланка ўйинини билсангиз керак-а?! Қўй ёки эчки пўстагидан бир парча  қирқиб, остига танга ёпиштирилади. Бизнинг болалигимизда шишанинг қопқоғи (шишка)ни маҳкамлардик.

Хуллас, жияним иккимиз қора терга ботгунча ланка тепдик. Лекин рости, мазза қилдим. Биринчидан, оёғимдаги оғриқлар йўқолди, иккинчидан, дилимдаги ғуборлар тарқаб кетди. Учинчидан, соғинган болалигим хуморини босгандай эдим.

"Жамила" деган ўйинимиз бўларди. Нимага шундай номланишини билмайман. Аммо, бу бизнинг энг севимли ўйинларимиздан бири эди. Япалоқ тошларни устма-уст териб, уч-тўрт метр наридан тўп билан урамиз ва қочиб қоламиз. Рақиб гуруҳ аъзолари эса тошларни қайта тиклашимизга ҳалақит бериши керак. Эҳ-ҳе, бунақа ўйинларимиз жуда кўп бўлган экан эсласам. "Лопта", "Эшак минди", "Кўз бойлаш", "Ўртада қуён", "Бойланди-бойланди", "Оқ теракми-кўк терак", "Бекинмачоқ", "Черта", "Тўптош", "Арғамчи", "Арқон тортиш" ва ҳоказо...

Ҳар куни ишдан қайтаётиб кўчамиздаги болаларнинг ўйинларини кузатаман. Ва қизиғи, улар бу ўйинларнинг биронтасини ҳам ўйнашмайди.

- Нимага "Лопта" ўйнамайсизлар? - деб сўрайман қўшнимнинг қизидан.

- У қанақа ўйин? - саволга савол билан жавоб беради у.

- Билмайсанларми? Унда "тўптош"чи, уни биларсизлар?

- Биламиз. Ўртоқларим унашмайди-да.

- Нимага?

- Э-э, билмадим!

Қадимда ўйинларнинг турлари жуда кўп бўлган. "Ўзбек халқ удумлари" китобида "Отўйин", "Ҳаммомпиш", "Қушимбоши", "Чиллак", "Варрак", "Ёнғоқ ўйини", "Қурматаёқ" каби болалар ўйинлари ҳақида таъриф бериб ўтилган. Қадимий болалар ўйинлари қайси шакл, мавзу йўналишига эга бўлмасин, лой-тупроқ биланми, ёғоч-у чўп биланми, ипу арқон биланми, болани ҳаётга, турмуш икир-чикирларига, рўзғор ишларига тайёрлашда ўзига хос ҳунар мактабини ўтаган.

Хўш, ҳозирги болалар қандай ўйинларни ўйнашаяпти? Қадим ота-боболаримиздан мерос миллий ўйинларимиздан лоақал биронтасини билишадими?

Шу савол билан кўчада ўйнаётган бир тўп болаларга мурожаат этдим.

- Футбол ўйнаймиз, велосипедда пойга ўйнаймиз, отишмачоқ ўйнаймиз. Плестейшн... - деб жавоб беришди болалар чувиллашиб.

Мен санаб берган ўйинлардан биронтасини ўйнамасликлари, ҳатто айримлари ҳақида умуман билмасликларини айтишди. Компьютер ўйинларини бирма-бир санаб беришганида эса очиғи, лол қолдим.

Тан олиш керак, компьютер ўйинлари эндигина урфга кира бошлаганда, оналарнинг бир ташвиши камайгандек бўлганди. Негаки, болаларининг ўйинда жароҳат олиш эҳтимоли пасайган, кийим-бошига гард юқмаган. Тағин ўйинлар махсус жойларда ўтади, кўчадаги шовқин-сурон безовта қилмайди. Аммо вақт ўтиб шуни тушуниб етдикки, ўша компьютер ўйинлари болаларимизни жисмоний жароҳатлардан суғурталагани билан руҳий ва ақлий зарар етказар экан.

Шу боис бугун компьютер ўйинлари қаршисида соатлаб ўтириб, ҳам саломатлиги, ҳам вақтини беҳуда сарфлаётган айрим болаларнинг заҳил юзи, нимжонгина қўлларига қараб миллий ўйинларимизнинг афзаллигига яна бир бор тан берамиз.

Доимий ўсишда, ривожланишда бўлган ёш тана янги ниҳолдек эгилувчан ва ниҳоятда таъсирчан бўлиши ҳаммага маълум. Шундай экан, болалар компьютер ёки телевизор олдида бир кунда қанча вақт ўтиришлари мумкин, деган савол эсли-ҳушли ота-онанинг дилидан ўтмаслиги мумкин эмас. Боланинг компьютерда неча ёшда, неча соат ва қандай тартибда ўйнашига рухсат этган маъқул? У неча соат ухлаши керак? Фарзандининг соғлиғи ва келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир ота-она бу масалада психологлар ва врачларнинг фикр ва муносабатлари қандай эканини сўраб билиши ва шунга амал қилиши лозим. Аммо афсуски, назаримизда кўп ота-оналар ўзларида бунга эҳтиёж сезмайдилар. Компьютер олдида кўп ўтириш боланинг кўзи, қулоғи, мияси ва бошқа аъзоларига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор бермайдилар.

Негадир ота-оналар фарзандларининг қандай ўйинларни ўйнаши билан кам қизиқадилар. Ушбу мақолани ўқиётган азиз газетхон, мақолани ўқиб бўлгач, ўғлингиз ёки қизингиздан сўраб кўринг! Улар ҳар куни ўртоқлари билан қандай ўйинларни ўйнайди? Ёки сўраб кўрингчи, фарзандингиз сизнинг болалигингиздаги ўйинларни билармикин? Ҳозирги болалар мен юқорида санаб ўтган ўйинларнинг кўпини билмаслигига мен кафил. Чунки, йиллар ўтиб бундай ўйинлар борлигини ҳатто ўзимиз ҳам унутганмиз.

Ўйинлар қадимдан ёш авлоднинг ақлий, ахлоқий, меҳнат тарбиясида катта аҳамият касб этиб келган. Чунки, бола учун ўйин ҳаётий эҳтиёждир. Катталар ўртасида: "Сен менга дўстинг кимлигини айт, мен сенга сенинг кимлигингни айтиб бераман", деган гап бор. Бу ҳикматни болаларга нисбатан қўллайдиган бўлсак, "Сен менга қандай ўйин ўйнашингни айт, мен сенинг ким бўлиб етишишингни айтиб бераман!" дея ўзгартириш мумкин.

Болалигимда қўшнимизнинг дарвозаси ёнида бир туп тол дарахти бўларди. Ҳар баҳор келганда албатта ўша дарахт новдаларидан сочпопук тақардик. Узун-узун новдаларни олишда эса бизга акаларимиз ёрдамлашарди. Ўша даврларни соғиниб эслайман. Бир гал ота-онамни кўргани борганда ўша толнинг кесилиб кетганини кўриб юрагим увишди. Болаликни қўмсамайдиган одам бу ёруғ дунёда топилмаса керак. Аммо бугунги болалар эртага болалигини эслаганда фақат компьютер экрани-ю, "уруш-уруш" ўйинларини эслашадими? Уларнинг болалик хотиралари шу қадар саёз ва қисқа бўлишини ўйласам, ота-оналарга ҳайқиргим келади:

-Бу ёзганларимни журналист мулоҳазаси деб эмас, хотиралари бой, беғубор давр ўйинларини соғинган ва бугуннинг ўғил-қизларига ўша ўйинларни илинган онанинг кечинмалари деб қабул қилинг! Болангизнинг ўртоқлари билан ўйнайдиган беғубор ва фойдали ўйинлари бўлсин. Бундай ўйинларни у билмаса, сиз ўргатинг! Вақти келиб фарзандингиз сизга раҳмат айтади. Чунки, бугунги бола-эртанги куннинг ижодкор яратувчисидир. Ўйин бу - ижод, ўйин бу ҳаётдир!

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

ЖАСУРБЕК ЛАТИПОВ: "АНЧАДАН БУЁН БУНАҚА ТАЪСИРЛИ КИТОБ ЎҚИМАГАН ЭДИМ"

Спортчиларда бўш вақт бўлиши жуда қийин масала. Доимий равишда машғулотларда, мусобақаларда бўламиз. Яқин йиллар давомида ҳатто оилам даврасида ҳам узоқ муддат бўла олмаганман.

 

Нафақат юртимиз, бутун   дунёни жиддий ташвишга       солган коронавирус пандемияси туфайли бир неча ой уйимизда, оиламиз бағрида бўлдик. Ана шу даврда бўш вақтимиз ҳам кўп бўлди. Очиғини айтсам, машғулотлар билан бўлиб анча йиллардан буён  бирорта китоб ўқимаган эдим.

Карантин даврида бир эмас, иккита китобни ўқиб чиқдим. 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинлари финалида филиппинлик боксчи Роген Ладонни мағлуб этиб, ўз вазн тоифамда Осиё ўйинлари чемпионлигини қўлга киритгандим. Ўшанда рингда қувончдан кўз олдимда нимагадир онажонимнинг меҳрли сиймоси гавдаланган эди. Балки мендан олис-олисда бўлса-да, ўшанда поёнсиз меҳри, дуолари билан ғалаба қозонишимга кўмаклашгандир. Уйга қайтганимда шуни ўйлаб, онамни бағримга босиб узоқ тургандим, кўзларимдан беихтиёр ёш оққанди. Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бўлганимда ҳам бундай туйғуни ҳис этмаган эдим.

Мана, орадан икки йил ўтди. Бугун онажоним орамизда йўқ, онажонимдан айрилиб қолганман. Онамни соғинганим сари, нимагадир ўша, чемпионликни қўлга киритган пайтимдаги,   рингдаги унинг меҳрли сиймоси хаёлимга келаверади. Шуларни ўйлаб, онадан азиз, меҳрибон ва яқин инсон бўлмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Карантин сабаб уйимдаги китоблар орасида турган, анча аввал бир  журналист акамиз совға қилган Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" китобини ўқиб чиқдим.  Очиғи, асардан шунчалар таъсирландимки, хонамни ичидан қулфлаб олиб ўқидим. Ўқиб бўлгач ҳам анчагача унинг таъсиридан чиқолмадим. Оналар борлигига шукр қилдим. Адиб айтганидай: "Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилсаю, оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми - барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади.".

 Адиб китобдаги ҳикояларида оналарни шундай тасвирлаб берган-ки, ўқиб фақат мароқ топасиз, оналарнинг буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Онангизни ўйлайсиз. Сизнинг Онангиз билан ёзувчи Онасининг гапиришлари, меҳри, жон куйдириши бир хил эканлигини ҳис этасиз. Китобни ўқиб, худди онам билан ён-ён тургандай ҳис қилдим, ўзимни. Чунки бу китоб оналар, менинг онам ҳақида ёзилган. Шу боис китоб кўнглимдан мустаҳкам жой олди. Мен учун энг қадрли китобга айланди. Билмадим, балки оналар ҳақида ёзилган яхши    китоблар кўпдир. Бироқ, айнан мана шу китобни ўқишдан чиқарган хулосам шу бўлдики, "Дунёнинг ишлари" мен учун оналар ҳақида ёзилган дунёдаги энг яхши асардир. Агар кимки ушбу китобни ўқимаган булса, албатта ўқиб чиқишларини маслаҳат бераман. Оналари тирик бўлса, уларни янада қадрлашга интилади, агар ўтиб кетган бўлса, онасининг тафтини, меҳрини ҳис қилади.Мен ҳам онамни соғинганимда шу асарни ўқийдиган бўлдим.

Болалигимда "Қайсар чумчуқча" деган эртак китоб ўқиганман. Муаллифи ким эканлиги ҳам ёдимда йўқ. Айнан мана шу китоб воқеалари узоқ йиллар хотирамдан ўчмай келади. Умуман, ҳаётда бирор бир муҳим иш қилмоқчи бўлсам, ўқиган         китобларимдаги воқеаларни кўз олдимга келтираман. Улардан сабоқ олишга ҳаракат қиламан. Назаримда китоб инсонни улғайтиради, мулоҳаза, мушоҳадага чорлайди.  Китоб ўқиган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шундай экан, китоб ўқишни канда қилмаслигимиз,  китоб ҳар биримизнинг яқин дўстимизга айланиши керак.

 

Жасурбек ЛАТИПОВ,

 

Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионатлари совриндори.

НИҚОБ - БЎЙИНБОF ЭМАС!

Кейинги пайтларда, аниқроғи карантин талаблари бироз юмшатилгандан сўнг одамларда бепарволик, ўзи ва бошқалар саломатлигига лоқайдлик кузатилмоқда. Айрим юртдошларимизни жамоат жойлари ва йўлларда тиббий ниқобсиз, бемалол юрган ҳолда кўряпмиз. Айримлар эса ниқобни номигагина, "ниқобинг борми?"  деса, "ҳа, бор!" дейиш учунгина тақиб оляптилар.

Баъзилар юзнинг оғиз, бурун қисмини беркитиш ва шу орқали нафас органларига вирус тушишининг олдини олиш мақсадида тақиладиган ниқобдан ияк ҳамда бўйин қисмини ёпиш учун фойдаланмоқда.  Бироз кулгили, лекин ростдан ҳам шундай. Ниқоб гўё аёллар учун шарф, эркаклар учун бўйинбоғ вазифасини ўтамоқда. Йўлдан бирор ИИБ ходими ўтиб қолса, усталик билан ниқобни тақиб олишади. Боиси, карантин қоидаларини бузганлик учун жаримага тортилишини жуда яхши билишади.  Шу ўринда бир савол туғилади, наҳотки инсонларга ўз соғлигидан кўра пул муҳимроқ  бўлса?!

Тинчлигимиз, саломатлигимиз ким учун керак?  Наҳот фақат давлат буюргани учун уйда қолиб, жарима тўламаслик учун ниқоб тақсак?  Ахир, ҳамманинг соғлиги ўзи  ва яқинлари учун керак-ку! Ачинарлиси, бундай қоидабузарликни 4-5 яшар болакай  эмас, ҳаётнинг баланд-пастини кўрган  кап-катта одамлар қилмоқдалар.

Хўп, мутасаддилар  кўрмаса, жавобгарликдан қутулиб қолар, аммо, вирус юқтириб олса, кимга фойда, кимга зарар? 

Тўғри, ҳозир ёз фасли. Кун жуда иссиқ. Ниқоб одамга бироз ноқулайлик туғдириши, иссиқда беҳаловат қилиши мумкин. Бироқ, бошимизга келган бу балони фақат сабр-қаноат билан, вақти келса эркинликларимизни бироз чеклаш билангина енгиб ўтамиз. 

Яна бир гап: аҳолининг тиббий маданияти, саводхонлигини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши керакка ўхшайди. Чунки, баъзи бировларнинг фойдаланиб бўлган ниқобни рўпара келган жойга ташлаб кетаверишлари маданиятсизликдан бошқа нарса эмас. Улар нафақат ўзлари ва яқинлари соғлигига хавф солмоқда, балки экологиянинг бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Авваллари кўчалар баклашка, целлофан пакетлардан ифлосланган бўлса, энди ниқоблар атрофни безамоқда.

Фойдаланилган ниқоб касаллик тарқалишига омил бўлиши мумкин.  Шу боис, соғлигингиз учун эринманг, ишлатилган ниқобларни чиқинди идишларига ташланг. Касаллик ҳали чекингани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан огоҳликни, эҳтиёткорликни, янада масъулиятлироқ бўлишни талаб этади. Зеро,  соғлик сотиб олиб бўлмас улуғ неъматдир.

 

Каримжон ИКРОМОВ,

 

Андижон тумани.  

Карантинда бахт топганлар

Мулоҳаза 

Халқимиз азалдан тўйни дабдабали, ҳашамдор қилиб ўтказишни яхши кўради. Аёллар эса, тўй бошлади дегунча саросимага туша бошлайдилар. "Фалончи ўртоғим 40 та сават қилган, мен ҳам қилмасам, уят бўлади. Ҳозир кўрманага телевизор ёки кир мошина олиб бориш урф бўлган. Бизда эса ҳали олингани йўқ. Сарпода камчиликлар бир талай..." ва ҳоказо. Тўй ўтказишга кетадиган маблағ, тўйдан кейин бўладиган таши-ташиларга отанинг қаердан пул топишини эса қизиғи йўқ.

Пандемия сабаб карантин эълон қилингач, тўйлар тўхтатилди. Кейинроқ зарур ҳолатларда ва тўй кунини белгилаб қўйган фуқаролар учун ҳукуматимиз томонидан 30 кишилик маросимларга рухсат берилди. Ана сизга тўй-у, мана сизга таши-таши мазарлар!

Карантин вақтида бир дугонамнинг тўйи бўлди ва биз синфдошларни ҳам тўйга айтди. Бордик. Синфдошлардан 15 нафар, маҳалладаги қўшнилардан яна 3-4 нафар қизлар ва қариндошлардан ошиб кетса 10 нафаргина одам йиғилди. Битта стол чиройли, соддагина қилиб безатилган, хонанданинг ўрнига кичик калонка тинмай қўшиқ куйлаябди. Дабдаба ҳам, ортиқча чиқим ҳам йўқ. Хуллас, тўй жуда ихчам, осуда ўтди.

Мана, ҳозир келин-куёв бахтли яшашяпти. Биров улардан "нега бунақа кичкина тўй қилдинг, фалон нарсани қилмадинг, фалончини айтмадинг?", дегани ҳам йўқ. Шундай камчиқим тўй ўтказса ҳам бўларкан-ку.

Одамларга ихчам, дабдабаларсиз тўй қилиб ҳам бахт топиш мумкинлигини англатиш учун албатта карантин бўлиши шартми? Нега биз инсонлар ўз ҳаётимизни ўзимиз оғирлаштирамиз? Тўй бўлади дегани - бор-будини сарфлаб, тўйдан кейин қийинчиликда қолиш, дегани эмас-ку!

Ҳаммада ҳам орзу-ҳавас бор, бироқ ҳар нарсанинг меъёри яхши. Камчиқим тўй қилиб бахт топганлар орамизда жуда кўп! Шундай экан, бекорчи ҳою ҳавасларга пул сарфлаш ўрнига, ўша пулни икки ёшга берган, ёки уларнинг эҳтиёжи учун керак бўладиган нарсалар олиб берган маъқул. Менимча, карантин тугагандан сўнг ҳам шу анъана сақлаб қолинса, тўйлар ихчамлигини йўқотмаса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Мунира МУҲАММАДЖОНОВА

АСАКАЛИК "ТЕМИР ХОТИН"

Асакалик Хайрихон Азизовани қишлоқдошлари саховатли,  мурувватли аёл,  дейишади.  Ҳақиқатан ҳам, у тепаликка насос билан сув чиқариб, мингдан ошиқ хонадонга сув келтириб, файзу барокат улашган меҳрибон аёл.

"Қадим" маҳалласига ташриф буюрган кунимиз  Хайрихон опани яна бир хайрли иш устида учратдик. Тиниб-тинчимас фермер маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқни экскаватор ёрдамида ковлатаётган экан. 

-Қадим ариғининг узунлиги салкам 7 километрни ташкил этади, - дейди Хайрихон опа. - Ариқни ковлатиб, сув йўлини очиб турмасак, массивнинг охирига сув етиб бормайди. Қишлоқ хўжалик экинлари сувсиз қолади. Шу боис, вилоят сув хўжалиги бошқармасидан ёрдам сўрадим. Мана, кўриб турганингиздек, сув йўлини очаяпмиз.

Хайрихон Азизова Асакага Фарғонанинг Қува шаҳридан келин бўлиб тушган. Деҳқон оиласида туғилиб ўсган ёш келинчак бекор ўтиролмай, далага ишга чиқиб кетади. Ишни теримчиликдан бошлаган Хайрихон барчани ҳайратга солиб кунига 200 кг дан пахта теради. Пилла мавсумида 4-5 қути ипак қурти боқиб, пилладан мўл ҳосил олади. Тез орада унинг довруғи ёйилиб, бригадирликка кўтарилади.

-Деҳқончилик қонимда бор, - сўзлайди Хайрихон опа. - Отам колхоз раиси бўлган, оиламиздаги ҳамма деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳатто, ишонасизми, онам мени далада, қовун чопиғида туғиб қўйган экан. (кулади) Шу боис, ерсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Мана, қирқ йилдан ошибдики, даладаман. Қишлоқдошларим мени "темир хотин" деб аташади.

Хайрихон опа 2006 йили фермер хўжалиги ташкил этди. 20 га ер олиб, буғдой сепди, бошланишига 10 туп ўрик кўчати ўтқазди. Ҳозир хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айланган.Мавжуд 46 гектар ер майдонининг 33 гектарида ғалла, 7 гектарида соя, 6 гектар интенсив боғда олма, ўрик, шафтоли каби мевалар етиштирилади. 30 бош қорамол, 50 бош товуқ, 10 та оила асалари парваришланяпти. Хайрихон опа олаётган даромадининг бир қисмини қишлоқдошлари билан баҳам кўради. Ким ёрдам сўраса, ёрдамини аямайди.

-Хайрихон билан тенгқурмиз, - дейди Қадим маҳалласида яшовчи Муборакхон Ашурова. - Пиллага, пахтага бригадир бўлган кезлари қўл остида ишлаганман. Пенсияга чиққач, уйдан чиқолмай қолдим. Хайрихон кўз тегмасин мана, ҳалиям ғайрат билан ишлаяпти.

Асакалик "темир хотин" ҳозир 68 ёшда. "Минг ўрик азизи" фермер хўжалигини бошқаряпти. 20 дан зиёд маҳалла одамларини иш билан банд қилган.

- Ҳар куни "бугун қандай хайрли иш қилдим, оиламга, одамларга нима нафим тегди?" деб ўзимга-ўзим савол бераман, - дейди фермер. - Озгина бўлсада, эзгу амал қилган бўлсам, тинч ухлайман. Акс ҳолда, уйқум қочади. Ҳар бир инсон ўтаётган кунини     сарҳисоб қилиб яшаши керак.

Хайрихон Азизова қилган меҳнатлари, юртимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси  учун "Шуҳрат" медали билан мукофотланган.

Fайратли фермер ҳалиям тингани йўқ. Буғдойдан бўшаган майдонларига сояни такрорий экишни мўлжаллаб турибди. Биз ҳам унинг хайрли ишларига ривож, ўзига эса куч-қувват тилаб қоламиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ВИЛОЯТИМИЗДА 26 МИНГ НАФАР УЮШМАГАН ЁШЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшларига йўллаган байрам табригини катта ҳаяжон билан тингладим. Очиғи, табрикни эшитиб, Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга кўрсатаётган эътибор ва эътирофидан  кўнглим тоғдай кўтарилди. Ёшлари ардоқланаётган шу муқаддас юртнинг фарзанди эканлигимдан фахрландим.

Бугун ёшларимизнинг аксарияти давлатимизнинг ёшлар борасидаги сиёсати самарасини, юртбошимизнинг эътиборини ҳис этиб яшамоқда. Илм-фан, тадбиркорлик, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар уларга ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш, юксак марраларга эришиш эшикларини очиб бермоқда. Қолаверса, ёшларни қийнаётган кўплаб муаммоларни бартараф этилишига ёрдам бермоқда.

Президентимиз ўз табригида: ""Ҳар бир ёшга - бир гектар" лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди. Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда 560 минг 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди" деди.

Бугун Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 1 миллион нафари 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлса, шундан 43 минг нафардан зиёди уюшмаган, яъни бирор жойда ўқимайдиган, ишламайдиган ёшлардир. Уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, жамиятдаги жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланишларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг бошида 4 минг 877 нафар уюшмаган ёшлар вакилларига боғ қилиш учун 15 сотихдан 50 сотихгача, жами 658,5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу ерларга турли мевали кўчатлар экилиб, боғлар барпо этилди. Боғ ораларига эса қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, деҳқончилик қилинмоқда.

Бундан ташқари, буғдойдан бўшаган ерлардан 12 минг 680 нафар ёшларга деҳқончилик қилиш учун 20 сотихдан, жами 2 минг 283 гектар ер майдони ажратиб берилди. Деҳқончиликка жалб этиш орқали      қарийб 18 минг нафар уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъминланган бўлса, яна 8 минг нафар ёшлар бошқа йўналишларда меҳнат қилиб, даромад топмоқда.

Амалга оширилаётган бу ишлар ёшлар бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ҳамда ёшларимиз даромадини, ёш оилалар турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳаётимизнинг барча соҳаларида кўрсатилаётган юқоридаги каби эътибор, берилаётган кенг имкониятларга жавобан биз ёшлар сидқидилдан меҳнат қилишимиз, юртимиз ривожи йўлида янада фидойи бўлишимиз керак.

 

Мансуржон МАТИСАЕВ,

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи  вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.

Сен билан тирик-ку ахир, муҳаббат!

Табиатнинг ўзи мусаввир бўлиб,

Ўсмадан ёй тортмиш қошингга сенинг.

Сўнгра чиройингдан ҳайратга тўлиб,

Майсани ўрамиш бошингга сенинг.

 

Меҳрни жо этмиш муштдек қалбингга,

Тоғлар бардошини жо этмиш яна.

Вафони фазл этиб турмуш тарзингга,

Атамиш аввало мўътабар она.

 

Сўнг мардлар юраги бўлмасин деб тунд,

Бир ҳамроҳ яратмиш, ҳамроз айламиш.

Шундан йигитлардир васлингдан хушнуд,

Ота унвони-ла довруғ таратмиш.

 

Гул бўлолмас балки, сенга бу сатрим,

Аммо, унда меҳрим, розларим қат-қат.

Аёл,  сен билан-ку  ҳурматим, қадрим,

Сен билан тирик-ку ахир, муҳаббат.

 

 

  Икромжон АСЛИЙ

МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРГА ОЛТИН ВА КУМУШ МЕДАЛЛАР ТОПШИРИЛДИ

Олтинкўлда умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медалларга тамомлаган ўқувчиларга медаллар топширилди. Тадбирни Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев очиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга касб-ҳунар сирларини эгаллашлари йўлида муваффақиятлар, юксак парвозлар тилади. Битирувчилар медаль билан бирга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Уларнинг ота-оналарига эса туман ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.

Маълумот учун: жорий йил тумандаги 55 та умумтаълим мактабини жами 2638 нафар ўқувчилар тамомлади.Шулардан 54 таси олтин ва кумуш медаллари соҳиби бўлди.

 

Моҳидил ЙЎЛДАШЕВА

АСАКАДА БАЛИҚЧИЛИК РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

Ҳозирда жами 4 гектар ер майдонида интенсив усулда балиқ етиштириш режалаштирилмоқда. Ушбу усул билан 1 гектар майдондан 100 тоннагача балиқ олиш мумкин.

Туман ҳокими Иномжон Мамадалиев балиқчиликни ривожлантириш мақсадида танлаб олинган ер майдонини бориб кўрди.

Бу ерда балиқ етиштириш учун барча шароитлар мавжуд. Туман раҳбари лойиҳани сифатли ва тез фурсатларда ишга тушириш учун мутасадди раҳбарларга керакли кўрсатмалар берди.

 

Феруза ЗУХРИДДИНОВА

МАРҲАМАТДА ШАХМАТ МАКТАБИ ОЧИЛДИ

Марҳамат туманида республикамизда ягона бўлган шахмат мактаби очилди. Тадбиркор Қобилжон Обидов томонидан бунёд этилган мактабда айни кунларда шахмат ва волейбол бўйича 100 нафарга яқин ўқувчилар билим олишни бошладилар. Шахмат мактабининг очилиш маросимида вилоятимиз ҳокими Ш.Абдураҳмонов иштирок этди.

 

300 ўриндан иборат волейбол зали жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Волейбол музейида эса хизмат кўрсатган волейбол усталари, жаҳон чемпионатларида иштирок этган марҳаматлик волейболчилар ҳақида маълумотлар, устозлар ҳақида китоблар, суратлар, орден ва медаллар жой олган.

Мактабга ўқувчилар 5 ёшдан қабул қилиниб, ҳар куни 2 соатлик машғулотлар олиб борилади. Тажрибали мураббийлар ёрдамида ўтказилаётган дарслар болаларнинг шахматга бўлган қизиқишини кундан кунга оширмоқда.

- Шахмат залида бир вақтнинг ўзида 100 нафар иштирокчи машғулотларда қатнашиши мумкин, - дейди шахмат мактаби директори ва мураббий   Нажмиддин Умаров. - Мактабимизнинг қалби ҳисобланмиш шахмат музейида эса ўқувчиларга шахматнинг тарихи, Ўзбекистондан чиққан буюк шахмат усталарининг ҳаётидан сўзловчи мингга яқин китоблар ўрин олган. Шахмат мактаби айнан бизнинг Марҳамат туманида очилганидан фахрланамиз. Мактабга нафақат туманимиз, балки вилоятимиз бўйича ўқувчиларни қабул қилишни кўзда тутганмиз.

Энг асосийси, мактаб       маъмурияти ўқувчиларнинг    карантин қоидаларига амал қилишларини қатъий назоратга олган. Машғулотларга қабул қилинаётган болаларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги маълумотномалар биринчи ўринда текшириб чиқилмоқда.

 

Сожида САИДОВА