+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ИЙМОН БУТЛИГИ ЖАННАТГА ЙЎЛДИР

(47- сон, 2016 й.)

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) инсониятни жаҳолат   ботқоғидан халос этиб, инсонларни нотўғри ақидалардан қайтарганлар. Аммо муқаддас динимизга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақида ва ирмлар шаклланганлиги айрим кишилар эътиқодига раҳна солаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шариатда қазо-ю қадарга, яъни Аллоҳга, унинг пайғамбарлари ва охират кунига, муқаддас китобларга имон келтириш Ислом дини асосларидан ҳисобланади. Шундай экан, инсон ўз бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан, деб билиши керак ва ўзининг эзгу амаллари билан Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўлиш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Бу хусусда, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки имон келтирса, У унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир", деб марҳамат қилади. ("Тағобун" сураси, 11-оят).

Айни кунларда ҳам халқимиз орасида турли бемаъни ақида ва ирим-сиримларга ишонувчилар учраб турибди. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан тўсатдан қора мушук ўтиб қолгудай бўлса, бирор нохушлик юз беришига йўйилиши бор гап. Ҳатто, айрим инсонлар аср вақтида қичқирган хўроз беҳосиятдир, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Сарвари коинот (с.а.в.) бу каби иллат ва иримларнинг ҳар қандай кўринишини рад этганлар. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уч нарсадан умматим ҳануз қутила олмайдилар. Бу - ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Улардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулумга ўтманг. Гумону   шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!" деганлар. (Абу Яъло ривояти).

Муборак Ҳадиси Шарифда рад этилган ақидалардан яна бири сафар ойидан шумланишдир. Исломдан аввалги жоҳилият замонида одамлар бу ой ҳақида турли хил ёмон     фикрда бўлганлар. Улар сафар ойида никоҳ боғламас, бирор эзгу, яхши ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда ҳам сафарга чиқмас эдилар. Афсуски, баъзи бир илмсиз кишилар ҳозиргача юқоридаги каби иш тутадилар. Ҳеч бир инсон сафар ойидан соғ-саломат ўтиб,       кейинги ойда тўй-маросим қилишини, сафарга чиқишини ёки шу каби амалларни адо қиламан, деб аниқ айта олмайди. Шунинг учун ҳам Сарвари коинот (с.а.в.) яхши амалларни кечиктирмасдан ўз вақтида ва эртароқ бажаришга буюрганлар, ҳатто қизлари Фотима (р.а.)ни сафар ойида турмушга узатганлар, деб улуғларимиз баён қиладилар.

Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда: "Эътиқод юзасидан бир касалликнинг иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Ислом шаъриатида ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқ. Чунки, одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда ҳудди ана шу ерларда бўлади. (Муттафақун алайҳ).

Сарвари  коинот (с.а.в.) ирим қилиш ва шумланиш одатидан жуда қаттиқ огоҳлантириб: "Шумланиш   ширкдир!" (Абу Довуд, Ибн Можа Термизий ривояти) деб уч маротаба такрор айтдилар. Мўмин мусулмон киши ўз Парвардигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкам сақлаши лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳга таваккал этиши зарур. Зеро, меҳрибон Роббимиз: "... Кимки Аллоҳга таваккал қилса бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир" ("Талоқ" сураси, 3-оят) деб марҳамат қилинган.

Муҳтасар айтганда, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофат ва иримларга берилиб,  қилинадиган хайрли, яхши ишларни ва амалларни бошқа ойларга кўчирадиган, ўзгаларнинг ҳам фикрини  чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган оят ва ҳадислардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

Дунёдаги жамики мавжудотларни яратган зот барчаларимизни ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва ҳурофатларга берилишдан, ўзи рози бўладиган солиҳ ва яхши амалларда бардавом бўлишимизни насиб этсин!

 Сайфиддин ЮлдашевАндижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.