+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Қор ёққанди ўша кун...

(Ҳикоя)

Уйқудан эринибгина кўзини очди. Болалари совуқдан онасининг пинжида паноҳ истаган мушук болачаларидек букчайиб ёпинчиққа ўралганча пишиллаб ухлашарди. Устига халатини илиб ювиниш хонасига ўтди. Уй совуб қолибди. Электр печкани улади. Чой қўйиш учун ошхонага ўтганди, дераза оша кўзи атрофни буркаган қорга тушди. Борлиқ оқ чойшаб ёпинган кекса кишидек сукунат ичида ўйчан хаёл сурмоқда. Дераза табақасини очган эди хонага муздек мусаффо ҳаво тўлди. Юраги ҳапқириб кетиб, телефонидан шоша-пиша хабар ёза бошлади: "Ассалому алайкум! Хайрли тонг! Уйғондингизми? Ташқарига бир қаранг, атроф шунчалик гўзал-ки..." Хабарни юборди. Ошхона бўйлаб айланган тиниқ қор ҳавоси болалари ётган хонага ҳам кирди чоғи, қизининг ғингшиб йиғлагани эшитилди. 

"Бу қорли изғиринда болалар билан қандай қилиб ишга етиб оларкинман?.."  Миясини ўқдай ялаб ўтган бу ўй бояги кайфиятини бир зумда йўқ қилди.

- Болалар, қани, уйғондик! Бўлинглар, кеч қоляпмиз, қани, Ситора, Анваржон, туринглар!..

Болалар иссиқ ўриндан қўзғалгиси келмай инжиқлана-инжиқлана туришди.

- Ойижон, бугун шанба-ку, мактабга бормайлик... - Ўғлининг илтижоли нигоҳларига раҳми келдию, гапни қисқа қилди:

- Эсинг жойидами?! Кўп гапирмагин-да, қўл-юзингни ювиб чиқ. Ҳозир нонушта қиламиз. Болалари ювиниб чиққунича дастурхонга сариёқ, бўтқа, қайнатилган тухум қўйиб, чой дамлаб келди.

- Яхшилаб қоринларингни тўйдиринглар, кун совуқ, қор ёғаяпти, қорнингиз оч бўлса тез совқотасиз....

- Қор ёғяптими, ойижон? Яшасин!!! Нега айтмайсиз? - Ўғли осмонга сакрагудай бўлиб қийқирди.

- Ойи, қорбўрон ўйнаймиз-а бугун? - Акасининг қувонганини кўриб қизалоқ ҳам уйқусираган овозда ўзини қувонгандек қилиб кўрсатди.

Ширин сўзлар билан болаларини эркалатиб овқатлантирди. Кийинтирди. Енгил пардоз қилиб, ўзи ҳам кийинди ва кўчага чиқди.

Қор яхшигина ёққан экан. Бунинг устига изғирин бурунни ачитиб, кўзни ёшлантиради. Бекатга етмасларидан қизчаси совқотиб йиғлай бошлади:

- Ойижон, таксида борайлик, совқотиб кетдим...

- Таксида бориш учун пулимиз йўқ қизим, ҳозир маршрут такси келади, бир пасда етиб борамиз.

Анча ўтиб, йўналишли такси келиб тўхтади. Болалар билан амаллаб чиқиб олди-ю, томоғини алам ва хўрлик ғиппа бўғиб олди.

....Севишиб турмуш қурганди. Ёш эди, гўзал эди, ғўр эди. Аслида ундаги туйғуни муҳаббат деб бўлмасди. "Ўлдим-куйдим"ига маҳлиё бўлди. "Ҳей, кўзингни оч, у сенга лойиқ эмас!" деганлар кўзига душман кўринди. "Онаси суюқоёқ эди, боласи ким бўларди?!" деганлар унга ҳасад қилгандек бўлди. Дунёни остин-устин қилди, дод-вой қилди, севганига тегди. Тўйнинг эртаси куниёқ гапирганлар ҳақлигини-ю, ўзининг гўллигини англади. Аммо энди кеч эди. Отаси "Ҳатто ўлимингни ҳам уйимга қабул қилмайман!" деб узатганди уни. Онаси "Бизни тенгсизга тенг қилдингми, қон ютсанг ҳам ўшанинг билан бўласан!" деб уқтирганди. Биргина чора - ҳаммасига кўз юмиб, чидаб яшаш эди холос.

Эри неча йиллаб топган-тутганларини жамлаб, етмаганига таниш-билишдан қарз-ҳавола қилиб шаҳардан бир хонали уй сотиб олди-ю, кўчиб келишди. Ўн йилдан бери бир хонали уйни икки-уч хоналига алмаштириш тугул, кўчган деворини таъмирлашга ҳам пул орттиришолмайди. Шундан буён "Мана, уй қилдим-ку!" деган иддао билан топган-тутганини онаси, укаларидан орттирмайди. Ўзининг ўқитувчилик қилиб топадиган маоши болаларнинг сарф-харажати, рўзғор, уй тўловларидан ортиб орзу-ҳавасга ярамайди. Бунинг устига эри хорижда ишлаш баҳонаси билан жонининг ҳузурини топган. Қулоғи тинч. Йўқчилик, етишмовчилик важидан жанжаллар, болаларнинг ташвишидан узоқ, яйраб юрибди. Телефонда гап талашиб қолишса:

- Нима қилай, ишлаяпман-ку! Иссиқда, совуқда сенларни деб юрибман-ку шу ерларда, - деб миннату иддао қилади, лекин тайинли пул юбормайди. Балки... У билан танишишига эрининг эътиборсизлиги, дағаллиги сабаб бўлгандир?..

... Болаликдаги ўртоғининг туғилган кунида у билан танишиб қолди. Гап-сўзлари     маъқул  келди, дўстлашиб қолишди. Дўстлашишди-ю, аслида уни эркак сифатида ҳурмат қиларди. Оиласини қадрлаши, фарзандларини яхши кўриши... Бу ҳурмат ва ҳавас замирида аламли туйғу ётарди. Бир туй-ғуки, иқрор бўлишликдан ҳатто ўзи ҳам уяларди. У ҳақида ўйлаш, унинг қўнғироқларини, хабарларини кутиш ширин изтироб ва шармандалик қоришиқ азобли ҳиссиётлар гирдобига ташларди уни. Уят ва хижолатдан юзлари ловуллаганда "Мен ёмон иш қилмаяпман-ку! У билан хуфя учрашмасам, зино қилмасам..." Аммо босаётган қадами, уни соғиниш, ундан хабар кутиш, қўнғироқ қилганида юраги ҳапқириб, қафасдан чиқишга уринаётган қушдай тепишининг ўзи зино сари чорлаётган йўл эканини ўйлаганида... ҳамма айбни эрига тўнкашга уринарди: "Шу номард ҳам бошқа эркаклардай уйим-жойим деганида, болаларини ўйлаганида, хотинимга меҳр берай, эътиборли бўлай, буям аёл, ўзига яраша ҳусни, гўзаллиги бор, қизғонай, деганида мен бегона эркакнинг лутфига парвона бўлмасдим.

Мактабга нақ бир соатда етиб келдилар. Биринчи дарсга кириш қўнғироғи чалинган экан. Болаларини синф хонасига кузатиб, дарсга кирадиган синфининг журналини олиш учун ўқитувчилар хонасига югурди. Хонада ўқув ишлари бўйича директор ўринбосаридан бошқа ҳеч ким кўринмасди.

- Йўқлигингизни билинтирмай деб, ўқувчиларни чақириб журнални бериб юборгандим,- деди ўринбосар.- Болалар билан қийналмай келдингизми?.. Жавоб бермоқчи эди, овози чиқмади.

- Раҳмат, опа,- деган овози инграган товушга ўхшаб чиқди. Кўзларидан тирқираб чиққан ёшни билинтирмаслик учун хонадан тезгина чиқди. Нега ҳамма унга чорасиз одамга қарагандай ачиниб, раҳми келиб қарайди? Нега ҳар доим нотавон, имконсиз одамга  шафқат қилгандай уни аяшади? Нега? Ҳозир унинг ўрнида   бошқа ўқитувчи бўлганида ўринбосардан эшитадиганини эшитар, камига директор бир неча мажлисда унга таъна-маломатлар қиларди. У қишнинг қорли-қировли кунлари кеч борса ҳам, ҳатто ишга чиқолмай қолса ҳам раҳбарлар индамайди. "Эри бетайин, рўзғор, болаларнинг ташвиши ўзининг бўйнида, яна бирор муаммога ўралашгандир-да" деб ўйлагани учун ҳам унга бошқа ҳамкасбларига қилган муомалани қилишмайди. Бу ҳолат уни юрак-бағрини ўртайди, эзади.

Кун бўйи эзғин кайфиятда дарс ўтди. Дарси тугаган болалари онасининг иш вақти тугагунича мактабда оч-наҳор, изиллаб ўтиришади. Бошқа чораси ҳам йўқ-да. Қизчасининг овози хириллаб, бурни оқаверганидан юраги увишди. Шамоллаб қолибди. Қишнинг бир тутам куни ишдан қайтаверишда дўкону дорихоналарга кириб-чиқиб уйга келгунларича қоронғу тушди. Апил-тапил болаларининг кийимини алмаштириб иссиқ чой ичириш учун ошхонага кирган эди, қувур ёрилиб, сув томаётганини кўриб, алам ва хўрликдан дод солиб йиғлади.

Уйига яқин хўжалик моллари дўконидан қувур олиб келиб, ёрилган қувурларни қўшни подъездда яшайдиган сантехникни чақириб чиқиб, алмаштирди. Икки соатлардан кейин овқатга уннаб қозон осди...

"Баъзи эркаклар эплолмайдиган ишни ҳам уддалайдиган бўлибман, истеҳзо билан кулди. - Аёл киши эпламайдиган иш йўқ экан бу дунёда. Ҳар қандай иш аёлнинг қўлидан келар экан. Фақат бунинг учун номард эркак ва омадсиз турмуш бўлса бўлди!" Алам билан ўзига ўзи гапирар, кўз ёшларини бармоқлари билан сидириб картошка-пиёз арчарди...

"... Кунингиз қандай ўтди?" Болаларини овқатлантириб, ухлатиб, телевизорга кўз тикиб хаёлга берилиб қолган экан, телефонининг СМС хабари келганини билдириб жиринглаганидан бир чўчиб тушди. Энди жавоб ёзмоқчи бўлиб турган эди яна бир хабар келди "Уйғоқмисиз? Қўнғироқ қилайми?"  "Ҳа..." Қўнғироқ бўлди. Болаларини уйғотиб юбормаслик учун балконга чиқди. Узоқ гаплашдилар. Суҳбатлари севги-муҳаббат мавзуида бўлмаса-да негадир у билан гаплашаётгани учун ўзини айбдор ҳис этарди. Ҳар гал у билан гаплашганидан сўнг юрагида оғриқ ҳис қиларди. Ўзидан, виждонидан, болаларидан, Аллоҳдан уяларди... Аммо барибир "Мен хиёнат қилмаяпман-ку! Ёмон иш қилмаяпман-ку!" деб ўзини овутишга, виждонидан юзини яширишга уринарди.  Ҳал гал виждони билан савол-жавобдан қийналиб кетганида у билан муносабатларига чек қўйишга, гаплашмасликка аҳд қиларди. Бироқ... иродаси ожизлик қилармиди ёки эътиборга муҳтожлигиданми ундан хабар келса аҳди хаёлидан буткул кўтарилар эди...

- Яхши дам олинг. Хайрли тун...

- Сиз ҳам яхши дам олинг. Тунингиз хайрли бўлсин. Алоқа узилди. Суҳбат давомийлигига қаради, 48 дақиқа гаплашишибди. Кундузи иккови ҳам ишда бўлади. Кечаси уйида хотини, болалари бўлади... Дарвоқе, хотини... Аёл киши жуда сезгир бўлади, айниқса, эридаги ўзгаришни дарров сезади, дейишади. Хотини сезиб қолган бўлсачи!?

Унинг кўз олди хиралашиб кетди. Хаёлида унинг хотини мактабига жанжал қилиб боргани, ҳамкасблари, ўқувчилари олдида уни шарманда қилган тасвирлар жонланди. Йўқ. Эси борида этагини йиғиштириши керак. Вақтида бундай суҳбатларни тўхтатмаса охири вой бўлади. Аёлнинг айбланиши, айниқса, эри узоқда бўлган аёлнинг номига доғ тушиши осон. Шармандалик юкини осонгина кўтаради. Хотинининг ўрнида ўзи бўлганида нима қиларди? Эри бегона аёл билан соатлаб гаплашса... Ўзи чидаёлмаган тиғни бошқанинг кўксига санчадими?! Шунчалик иродасиз, тийиқсиз аёлга айланиб қолдими? Аллоҳ қайси бандасига гуноҳни тақдир қилса, ўша гуноҳга борадиган йўлни осонлаштириб қўяр экан. Наҳотки тақдирида гуноҳ қилиш битилган бўлса? Йўқ, бундай бўлишидан Аллоҳ асрасин. Эртагаёқ телефон рақамини алмаштиради. Унга ҳаётидан ҳам, хаёлидан ҳам жой бермайди. Шахд билан телефонини очиб сим картани олди-да синдириб ахлат челакка ташлаб юборди. Сўнг елкалари силкиниб-силкиниб, хўрсиниб-хўрсиниб узоқ йиғлади. Кўзларидан оқаётган тавба ёшлари қалбидаги хираликни ювгани сари руҳи енгил тортиб йиғлайверарди. Ташқари эса изғирин, осмондан қор учқунлари учиб тушар, заминга бир-бир бош қўярди.

 

Умида АДИЗОВА