+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

СЕН ҲАМ АЛБАТТА, БАХТЛИ БЎЛАСАН, ГУЛНОЗ!

Ҳикоя

Тонг... Ҳар кунгидай бу кун ҳам атиргулларнинг ажиб ифори димоғини қитиқлаб, ҳўрознинг қичқириғи ила тонгнинг илиқ шабодаси Гулнознинг юзидан бўса олиб уйғотди. Кўзини очиб, бироз ётди. Гулнознинг хаёлида негадир бундан бир неча йиллар аввал бўлиб ўтган воқеалар гавдаланди.

.... Ўшанда ҳам тонг эди. Ҳовлини супираётган Гулноз қайнонасининг қадами овозидан сергакланди, унга пешвоз чиқиб, тонг билан қутлади. Бироқ қайнонаси унинг саломига совуққина алик олиб, нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин гапирмасдан ёнидан ўтиб кетди.

Гулноз ишларни саранжом қилиб, нонуштани тайёрлаб, қайнота ва қайнонасини чақириш учун улар ўтирган хонага кираётиб, қайнонасининг гапларини эшитди-ю, остонада қотиб қолди.

-      Дадаси, бугун синглим Салиманикига бўлғуси келиннинг сеп-сидирғаларини олиб келиб, илишар экан, - дея қайнонаси қайнотасига гапирарди. - Бугун уларникида бўламан, қизларни ҳам олиб бораман.

-      Келин ҳам борадиган бўлса, ўғлингни огоҳлантириб қўйинглар, - деди қайнотаси.

-      Вой дадаси, "гапирманг". Салима алоҳида огоҳлантирган, келинингизни олиб келманг, деган. Мана неча йилдирки, келинингиз фарзанд кўрмаяпти. Шунинг учун ирим қилиб, олиб келманг, деди. Бефарзанд аёл чиллали уйга келиндан олдин кириши бехосиятмиш, - дея  қайнонаси  эшик томон юра бошлади.

  Буни эшитиб турган Гулноз шошиб ошхонага кириб кетди. Хаёлидан "қайнонам эрталаб нимадир демоқчи бўлганида шу гапни айтолмаган экан-да", - деган  фикр ўтди.

Қўшни маҳаллага келин бўлиб тушган қайнопаси Наргизахон фарзандлари билан кириб келганида Гулноз қатлама пишираётган эди. 

Наргиза онаси билан сўрашиб, ҳол-аҳвол сўрагач, чор атрофга разм солди. Ҳаммаёқ покиза, саранжом саришта эди.

- Ая, анови туғмас келиниз ишга кетдими ёки биздан олдин меҳмонга кетдими? - деди.

Ҳайрихон ая келини эшитиб қолишидан хижолат бўлиб, "қўй шунақа гапларни" дея қизига танбеҳ берди.

Шу пайт Гулноз саватга солинган қатламаларни кўтарганча, табассум билан қайнопасига пешвоз чиқиб, сўрашди.

   Наргиза онасининг гапларига парво қилмасдан Гулнознинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, "Бу келиниз ҳали бери таслим бўлмайди. Бетимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури,  деб акамнинг топганини еб юраверади" - дея гапида давом этди. Гулноз она ва бола ўртасида бўлаётган гапни эшитмагандай ичкари уйга кириб кетди. Ўзига бир оз оро бериб, дили оғриб турган бўлса-да, табассум билан айвонга қайнопасининг болаларига қанд олиб чиқди. Болалар "келинойи менга беринг, менга беринг" деб уни ўраб олишди.

- Аяжон, - қувноқ овоз билан Гулноз қайнонасига юзланди. - Бугун уйимизга бориб келсам, майлими?

- Майли қизим, бориб келинг, кечки пайт қайтарсиз, - деб қайнонаси жавоб  қайтарди.

  … Гулноз ўзининг болалиги ўтган кўчадан кетар экан, ёшлигининг ширин дамлари кино лентасидай кўз ўнгидан ўтарди. Рўпарасида фарзандини эркалатиб келаётган аёлга кўзи тушдию ширин хаёллари тарқаб кетди. Эрталаб уйида бўлиб ўтган гап-сўзлар, айниқса, қайнопасининг гапларини эслаб, қаттиқ сиқилди. Келин бўлиб тушган хонадонида ўзини ортиқчадай ҳис қилди.

Гулноз шу кетганча ўша хонадонга қайтиб келмади...   Ота-онаси, яқинлари ҳам буни тўғри тушуниб, унга бирор оғиз гап айтишмади.

… Иш билан андармон бўлиб, бироз қайғуларни унутгандай бўлди.

Кунлардан бир куни унга соғлиқни сақлаш бошқармаси топшириғи билан туман туғруқ комплексига зудлик билан бориш, у ерга келтирилган оғир аҳволдаги ҳомиладор аёлга тиббий ёрдам кўрсатишда кўмак бериши кераклигини айтишди.

Гулноз зудлик билан айтилган жойга етиб борди. Туғруқ бўлимига кириш эшиги олдида қайнонаси ва қайнопасини кўриб, бироз ғалати бўлди. Лекин, улар билан ҳеч бир гинасиз кўришиб, ҳол-аҳвол сўради.

- Қизим, келинимни олиб келгандик, аҳволи оғир дейишяпти, туғишига бироз эрта эди ҳали, - деб қайнонаси ундан нажот кутгандай гап бошлади.

- Аяжон ҳаммаси яхши бўлади, - дея Гулноз ичкарига кириб кетди.

  Ҳайрихон ая тез-тез соатга қарар, соат миллари шу даражада секин ҳаракатланардики, вақтнинг секин ўтишидан асабийлашар, қўлидаги тасбеҳни айлантириб, пичирлаб дуолар қиларди.

Туғруқ залида шифокорлар томонидан оналик бахтига эришиш учун курашаётган аёлга зарур ёрдам кўрсатилди. Айниқса, Гулноз бутун меҳрини, билим ва малакасини ишга солиб, астойдил ҳаракат қилди. Аёлнинг тўлғоқдан қийналиб, ҳорғин-дардли овози бир зум тинди. Шу дамда ёруғ оламнинг илк ҳавосидан нафас олган чақалоқнинг жарангдор овози янгради. Ўғил дунёга келди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан ҳам она, ҳам боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Гулноз "худога шукр, Азиз акам фарзандли бўлди" дея чақалоқни онасининг бағрига қўйди.

Туғруқ залининг эшиклари олдида нажот кутиб турган онасининг олдига Азизбек ҳам келди.

 - Ая,  шифокорлар ишқилиб тажрибалимикин, - деди. Ҳайрихон ая бошини қимирлатиб қўйиб, унсиз йиғларди.

Эшик очилиб, ичкаридан Гулноз табассум билан чиқиб, қайнонасини набира билан қутлади, Азизбекка "Ўғил муборак" дея  юзланди. Бироқ, бу инсонлар олдида кулиб турган Гулнознинг қалбини изтироб тирнар эди.  

Гулноз кундошининг фарзанди дунёга келишида доялик қилганлиги, ҳали ҳам собиқ эрида кўнгли борлиги учун юрагидан қон йиғлаётган бўлса-да, буни билинтирмай унинг авлоди давомчиси дунёга келгани билан табриклагани, ҳурсандлигидан ҳамкасблари хайрону лол эдилар.

Шу воқеани эшитганимда ўз севган инсони билан нафақат бирга яшаб, балки айро яшаганда ҳам унинг бахти ва ютуқларидан севиниб, ундан меҳр олиб яшаш мумкинлигини Гулноз мисолида кўрдим.

Бир кам дунё. Яратганнинг турли синовлари бор. Лекин қалбида меҳр, эзгулик, сабр ин қурган инсон албатта, бахтли бўлади.

Сен ҳам ўз бахтингни топасан Гулноз. Аллоҳ сенга ҳам оналик бахтини албатта, насиб этади…

Ирода ТУРДИБОЙ қизи