+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Март 2018

Мулойим момо

Юз билан юзлашганлар

Олтинкўл тумани Қўштепа қишлоғи Топтиқ маҳалласида яшовчи Саодатхон момо Хайитова бу йил ўзининг 103 баҳорини қаршиламоқда. Фарзандлари, қўни-қўшниларининг айтишича, момо ҳаёти давомида ҳеч қачон, ҳеч кимга озор бермаган экан. Шу феъли учун уни маҳалла аҳли "Мулойим хола" деб аташади.

Саодатхон момо Қўштепа қишлоғида туғилиб ўсди, мактабни битиргач,  уни "Маман полвон" лақаби билан ном қозонган Мамадали Ҳайитовга турмушга узатдилар. Мамадали полвон курашчи эди. Бақувват, меҳнаткаш, кетмонни яхши кўрадиган асл деҳқон боласи бўлган экан. Полвон Саодатхон билан 46 йил бирга умргузаронлик қилди. 10 нафар фарзанд кўрдилар. Эр-хотин умр бўйи жамоа хўжалигида бирга меҳнат қилдилар. Ташкилотчилиги, меҳнатсеварлиги билан  Маман полвон жамоа хўжалиги раиси бўлиб ҳам ишлади.

- Дадам меҳрибон, аммо жуда қаттиққўл одам эдилар, - дея эслайди Комилжон Мамадалиев. - Аммо, онамнинг кенг феъли ва мулойим табиати ҳамиша уни босиб турарди. Дадам 71 ёшида қазо қилди. Аммо яратганга шукр, онажоним, бошимизга соябон бўлиб, бизларга дуолар қилиб ҳозиргача яшаб келяпти. 

Саодат момонинг 30 невара, 57 чевара ва 3 нафар эвараси бор. У бир асрдан зиёд умр кўраётган бўлса-да, ҳаётга чанқоқ, руҳи тетик, бардам-бақувват.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 38 йил бўлди, - дейди момонинг келини Муқаддасхон опа. - Бирон марта қайнонам билан орамизда можаро келиб чиққанини эслай олмайман. Мен бу жаннати аёлни  қайнонам эмас, онам дейман. Онам кўп овқат емайди, ёғли, ҳазми оғир таомлардан тийилади, кам ухлаб кўп ҳаракат қилади. Бир умр далада меҳнат қилиб, мол-қўй боқиб, ипак қурти парваришлаб яшаган. Балки меҳнатсеварлиги, соғлом ҳаёт кечирганлиги учун ҳам юз билан юзлашгандир.

Кенг феъл, хуштабиат, мулойим Саодат момо ёш болаларнинг ғалваю тўполонларига инжиқланмайди, ҳозир ҳам невара келинларининг боласини ўйнатиб ўтиради. Маман полвон билан кечган бахтли, саодатли кунларидан хотира сифатида эсдалик суратларни, полвоннинг белбоғи-ю, тўйлари куни бошига ташлаган ғижим рўмолини сандиғида авайлаб сақлайди.

- Маҳалламизда 2 нафар 100 ёшдан ошган табаррук онахон яшайди, - дейди "Топтиқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат, ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодирахон Юлдашева. - Биз бу нуронийларимиз билан чексиз фахрланамиз. Турли байрамларда уларни йўқлаб, дуоларини оламиз, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашамиз, суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.

Саодат момо ёшлигида қайнона-қайнотасининг юзига ҳеч тик қарамаган, уларнинг олдида фарзандларини суйиб-эркалашга ҳам уялган экан.          Фарзандларингизга айтган аллангиздан айтиб беринг, деганимда момо "уяламан, қўйинг" дея унамади. Узоқ умр кўриш сири ҳақида гап кетганда эса, момо ҳеч ким билан жанжаллашмагани, асабийлашмагани, бировнинг дилини оғритмагани, ғийбат ва маломатлардан узоқ яшаганини таъкидлади.

Барака нури ёғилиб турган хонадондан қайтаётганимда, Саодат момо қўлларини очиб, узоқ дуо қилди.

-Илойим ҳамма яхши инсонлар менинг ёшимга етсинлар, эркакларимиз боши омон, оиласи бахтига саломат юрсин, аёлларимиз бахтли-саодатли, серфарзанд-сердавлат бўлишсин, юртимиз тинч, хонадонларимиз осойишта, дастурхонларимиз тўкин бўлсин!

Муаззам ИБРОҲИМОВА