+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Март 2018

АҲИЛ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛА - ЮРТ ТАЯНЧИ

Туманимизда ўтган йили "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси ташкил этилган. Тузилма фаолиятининг дастлабки давридан бошлаб унга раҳбарлик қилиб келаман. Аслида мен қайноналар билан ишлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш борасида қарийб 35 йиллик тажрибага эгаман.

Бу борадаги ишларни ўрганишимда менга онамнинг олиб борган ишлари, ўгиту насиҳатлари ибрат мактаби бўлган.

Айни кунда туманимиздаги 74 маҳалланинг барчасида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси самарали фаолият олиб бормоқда. Тузилма аъзоларининг маҳалла фаоллари, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари самараси ўлароқ, фаолиятимизнинг барча йўналишларида ижобий натижаларга эришиб келяпмиз.

Ўзбек миллатида, биз яшаётган жаннатмакон заминда қадим-қадимдан меҳр ва оқибат биринчи ўринга қўйилган. Маҳалла аҳли ҳамма давр-ларда ҳам иноқ ва аҳилликда яшаганлар, оилалар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда бартараф этганлар. Онахонларимиз келинларига қайнона бўлиб эмас, ўз онасидай "фарзандим" деб меҳр кўрсатиб келган. Ўзининг келинлари қолиб, бутун маҳалла келинларга бош бўлиб, уларни ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишларига, янги оилада ўз ўринларини топишларига яқиндан ёрдам берганлар.  Халқимизнинг бу борада шаклланган юксак маданияти, анъана, урф-одат, тарбия мезонлари дунёнинг бирор бир халқида бўлмаса керак.

Лекин бугунги давр ўта шиддат билан ривожланмоқда. Айниқса, қизиққон ёшларимиз кундан-кунга фаровон ҳаёт сари интилар экан, юқоридаги каби қадим оилавий қадриятларимизни бироз унутгандай, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини баъзи ҳолларда бошқача талқин этаётганликлари биз кексаларни ташвишга солмоқда. Фарзандларимиз тақдири, келажаги, албатта, биз учун муҳим. Шу боис ҳам мазкур жараёнда уларга имкон қадар кўмак беришимиз, уларни тўғри йўлга солишимиз лозим.

 Очиғини айтганда, баъзи бир янги ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйган тажрибасиз ёшлар кекса оналаримиз бермоқчи бўлган панд-насиҳатни гўёки эркинликларига қўйилаётган чекловдай қабул қиладилар. Мана шундай узоқни кўра билмаслик, уқувсизлик ва    шошқалоқлик оқибатида айрим ёш келинчаклар тушган хонадонига мослаша олмай айрим кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Таҳлиллардан кўриш мумкинки, пароканда бўлаётган оилаларда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда. Бундан кўринадики, бу борада қилишимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп. Қайнона ва келинлар бир-бирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар ана шу оилада албатта, бахтли ҳаёт   барқарор бўлади.

Ҳар бир она, келин яхши билиб олсинки, меҳр ва эътибор, ширинсўзлик ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади. Ўзга хонадонга яхши ниятлар билан кириб борган келин оиланинг қонун-қоидалари, ўзига хос анъаналарини албатта, қайнонасидан ўрганади. Агар оилавий муносабатларда қайнона одилона иш тутса, келин ҳам шундай тарбия топади. Қайноналик ҳам масъулият, ўзга бир оила муҳитида тарбия топган қизни ўз қизидек қабул қилиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш ҳам катта фидойилик талаб қилади.

Тузилмамизнинг саъйи-ҳаракати билан юзлаб ажрашиш арафасида турган оилалар яраштирилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида "Қайноналар кенгаши"га тушган оилавий низолар билан боғлиқ 10 мурожаатнинг 9 таси ижобий ҳал этилди. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Маҳалла, қайноналар, айниқса, ҳозирги ёшлар билан ишлаш осон эмас. Бу йўналишда биз "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими, Яраштириш комиссиялари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, имом-хатиблар, отин-ойилар, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бораяпмиз. Бунга ҳам дунёвий, ҳам диний томондан сабоқлар бериш, оилаларда суҳбатлар уюштириш, тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш орқали эришилмоқда.

 Шунингдек, Кенгашимиз аъзолари томонидан оила қуришга тайёрланаётган қизлар билан оилавий ҳаёт, келиннинг бурчлари, қайноналар, оиланинг бошқа аъзолари билан муносабатлари қандай бўлиши кераклиги хусусида суҳбатлар ташкил этилмоқда. Биз нафақат қайнона-келин муносабатлари, балки нотинч оилалардаги тотувликни, соғлом оилавий муҳитни мустаҳкамлаш, қўни-қўшничилик муносабатлари бузилган хонадонлар турмуш тарзини бар-қарорлаштириш борасида  ҳам зарур ишларни олиб             боряпмиз.

 Бугунги кунда туманимизда 79 мингдан зиёд оила истиқомат қилади. Уларнинг 30 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Уларнинг муаммолари, эҳтиёж ва талабларига, айниқса, нотинч оилалар билан иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилавий муносабатларда муаммо юзага келган оилаларга маҳалладаги катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар бириктирилмоқда. Бундан ташқари, тўй-ҳашамлар, маърака ва бошқа маросимларини ихчам, камчиқим қилиб ўтказиш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.  Эркаклар латта-путта, сеп-сидирғага кўп ҳам аралашмайди. Очиғини айтиш керак, тўйлардаги ортиқча олди-бердилар, маъзар беришда ҳаддан ошишлар, "мен сендан ўзаман" қабилидаги сеп-сидирғаларнинг бошида аёлларимиз турибди. Демак, тўй-ҳашамларни ихчам ўтказиш борасида энг аввало, аёллар билан, қайноналар билан ишлашимиз лозим. Чунки оила бюджетига зиён келтираётган ҳам, ўйлаб топилган турли тадбирларни, олди-бердиларни урф-одат, деб анъанага айлантираётган ҳам аёлларимиз бўляпти. Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қилишимиз зарур.

Яқинда иккита намунали тўй ўтказдик. Ортиқча дабдабасиз, олди-бердиларсиз ўтказилган бир кунлик тўй маросими муҳтарам Президентимизнинг тўй-маросимларни тартибга солиш борасидаги ўринли фикрларига жавоб бўлади, деб ўйлайман. Албатта, бу билан туманимизда барча оилалар тотув яшамоқда, маҳалла тинч-осойишта, оилаларни  мустаҳкамлаш борасидаги барча муаммолар барҳам топди, деб бўлмайди. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

Оилаларда тинчлик ва осойишталик, соғлом ва бар-қарор муҳитни таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири. Зеро, аҳил ва мустаҳкам оила - юрт таянчи, унинг ишончли келажаги. Демак, фуқаролар йиғини қошидаги кенгашлар,   комиссиялар, барча фаоллар ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз, ҳар бир оилада, маҳаллада соғлом маънавий муҳит ва   барқарорликни таъминлаш учун бор имкониятларимизни ишга солиб фаолият юритишимиз зарур.

 Мавлудахон АБДУРАҲМОНОВА,

 

 Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раиси.