+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Фев 2025

Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман

1 март - шоира Зулфия таваллуд топган кун

Таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия - Зулфия Исроилова 1915  йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Бетакрор ижоди, юксак инсоний фазилатлари билан садоқат ва вафо тимсолига айланган Зулфияхоним таваллуд топган кун, Яъни баҳорнинг илк куни ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади.

Зулфияхоним ибратли ҳаёти, фаолияти, ижоди билан ўзига ҳайкал қўйган илғор Шарқ аёлларидан биридир.  У ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 1931-1934 йилларда хотин-қизлар педагогика билим юртида таҳсил олди. Ана шу даврда  адабий тўгаракларга қатнаб, шеърлар ёза бошлаган эди.

1935 йилда З. Исроилова Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга киради. Ўқишни тамомлаганидан сўнг, 1938-1940 йилларда "Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти" нашриётида муҳаррир, 1941-1950 йилларда Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда "Саодат" журнали бўлим мудири, 1954-1985 йилларда эса журналнинг бош муҳаррири бўлиб ишлади, айниқса, ижодкор, шоира сифатида минглаб адабиёт, шеърият мухлислари, халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллади.

  Зулфиянинг "Мен иш қизи" номли илк шеъри 1931 йилда "Ишчи" газетасида эълон қилинган. 1932 йилда, яъни ўн етти ёшида унинг "Ҳаёт варақлари" деб номланган биринчи шеърлар тўплами нашр этилди. Шудан кейин унинг "Темирой" (1934), "Шеърлар", "Қизлар қўшиғи" (1938) шеърий китоблари нашрдан чиққан. Зулфияхоним "Уни Фарҳод дер эдилар" (1943), "Ҳижрон кунларида" (1944), "Хулкар" (1947) каби тўпламлари билан пешқадам шоирлар қаторидан жой олди.

Зулфияхоним шеърларида Ватанга муҳаббат, душманга   нафрат, ғалабага ишонч, севги, садоқат туйғулари, юрт ва табиат гўзалликлари ўзига хос оҳангларда тараннум этилган. Айниқса, шоиранинг "Менинг Ватаним", "Қўлимда қуролу устимда шинел", "Бизни кут" каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг руҳини ифодалаган энг сара  шеърлар қаторидан ўрин олган.

Зулфиянинг қисқа, лекин мазмунли оилавий ҳаёти, муҳаббати ҳам ўзига хосдир. Зулфия шоир Ҳамид Олимжонни севиб, у билан 1935 йилда оила қурди. Бироқ, орадан тўққиз йил ўтгач, турмуш ўртоғи фалокат туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмади. У икки фарзанди билан бева қолади. Кейин эса умрининг охиригача Зулфия Ҳамид Олимжонга бўлган мухаббатини ардоқлаб, ёлғиз яшаб ўтади. Шу тариқа у ўзбек, умуман, Шарқ  аёллари учун вафо, садоқат тимсолига айланди.

Зулфияхоним Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик, бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатлари, халқаро анжуманларда кўп бор иштирок этган, кўплаб хорижий давлатларда бўлган. Халқаро миқёсдаги самарали фаолияти учун у халқаро "Жаваҳарлал Неру" (1968), "Нилуфар" (1971) мукофотлари, Болгариянинг "Кирилл ва Мефодий" ордени билан тақдирланган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти соҳибаси бўлган.

Шоиранинг юксак ижоди, самарали меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ўзининг аъло хулқи, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги, ижоддаги, хусусан,  адабиёт, таълим, фан, санъат, спорт, маданият каби қатор соҳаларда алоҳида ютуқларга эришган юртимизнинг 30 ёшгача бўлган қизлари ана шу мукофот билан тақдирланади.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳурмату эъзозини топа олган Зулфияхоним Гулбаданбегим, Зебинисо, Увайсий, Нодирабегим каби Шарқнинг оқила, олима, фозила аёллари бошлаган ўзига хос анъаналарни бойитиб, янги поғонага кўтара олди. Қолаверса, етук ижодкор, моҳир таржимон, атоқли шоира, муҳаррир ва жамоат арбоби сифатида ҳам эл-юрт ҳурмати ва эътиборини қозона олди.

Шу боис ҳам, севимли шоирамизнинг шахси, ҳаёти, ижоди  келажак авлод, айниқса, қизларимиз учун ибрат мактабидир.

Агар Зулфияхоним бугун ҳаёт бўлганида баҳорнинг илк кунида 110 ёшни қаршилаган ва албатта, ўзининг қуйидаги гўзал шеърий сатрларини такрорлаган бўларди:

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул - Ўзбекнинг Зулфиясиман.

 

Муфазалхон ХОДЖАЕВА,

Андижон давлат университети Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси.