+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

09 Авг 2025

"ҲАЁТДА ТАШАББУСКОР БЎЛИБ ЯШАЙЛИК!"

Орамиздаги аёллар

Хўжаободлик Неъматхон аянинг ҳаёт фалсафаси шундай

Вилоятда бўлиб ўтган фаол хотин-қизларнинг навбатдаги йиғинидан қайтаётган Неъматхон аянинг қўл телефони овоз берди.Туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Малоҳатхон Сапиева қўнғироқ қилаётган экан:

-           Опа, тезроқ келинг, бир оилада жанжал бўляпти, шу ерга бирга кирайлик.

Неъматхон ая манзилни сўраб-суриштирдию, йўлини ўша томонга бурди... Тафсилотларни обдан тинглаган Неъматхон ая:

-      Бор гап шуми? - деди энсаси қотиб. - Арзимаган кичик можародан шунча гап-сўз чиқаргани уялмадингизми?

   Маълум бўлишича,  бир эшикда яшаётган икки оиланинг боғча ёшидаги болалари қанд  талашиб, тортишиб қолишгач, уларнинг можаросига оналари аралашган ва болалари ёнини олган келинлар кўпдан бери айтилмай, кўз юмиб келаётган майда камчиликларини очиб, бир-бирини айблашган, натижада жанжал катталашиб кетган.

-      Уят эмасми? Болалар ўртасида арзимаган келишмовчиликни кичик бир ҳаракат билан тўхтатиш мумкин бўлган вақтда, жанжални оилавий низога айлантириш, маҳаллага эшиттириш уят эмасми?! - Неъматхон ая бошлиқ бир гуруҳ аёллар  келинларга насиҳатлар қилишди. Уларнинг гапларини индамай тинглаётган келинлар хатоларини тушуниб етишди, бир-бирларидан узр сўрашди. Ҳаёт гўё маромига тушгандек бўлди...

Хўжаободликлар Неъматхон ая Юлдашевага "Она", деб мурожаат қилишади."Нуроний" жамғармаси қошида ташкил қилинган  кенгаш аъзоси, "Бувижонлар мактаби" кенгаши раҳбари Неъматхон ая узоқ йиллардан буён оилаларнинг яқин онахони, болаларнинг севимли бувижонига айлангани ҳақиқат.

-      Фаол аёллар ҳақида гап кетганда, мен доим Неъматхон аяни кўз олдимга келтираман. Ая ёшлигидан тиним билмайди. Фаоллик унинг яшаш тарзи. қачон, қаерда бир тадбир, суҳбат ўтказиладиган бўлса, ая ҳамиша бир нарсани  алоҳида таъкидлайди яъни, тадбирни шунчаки, эл кўрсинга, ҳисобот учун ўтказиб бўлмайди, тадбир йиғилганларга мазмун-моҳияти билан ибрат бўлсин, шунчаки ўтказиладиган тадбирлар одамларнинг ҳафсаласини пир қилади, жонли, янгиликларга йўғрилган тадбир ёшларга қанот берсин, катталарнинг ихлосини оширсин, дейди ва ўзи ташаббус кўрсатади. Атрофимизда шундай нуронийларнинг кўплигидан қувонаман, - дейди туман "Нуроний" жамғармаси раиси Зокиржон ота Мамадалиев.

Неъматхон ая ота-онасидан эрта айрилган. У тоғасининг қўлида улғайди. Бувисининг эртаклари, аллалари уни болалигидан билимга бўлган интилишини оширди, ҳаётни севишга, қадрлашга ўргатди. Мактабни тамомлаб, республика рус тили ва адабиёти олийгоҳида ўқиди. Сўнг, Хўжаободдаги 2-ўрта мактабда етакчилик вазифасида иш бошлади. "Энг фаол етакчи" танловининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллагач, у туман халқ таълими бўлимига назоратчи вазифасига ишга таклиф қилинди. Йиллар давомида Андижондаги олти ойлик амалиётчи-психологлар тайёрлаш курсида ўқиди, тез фурсатда иш бошлаган, таркибида психолог, дефектолог, педагог, тиббий ходим, касбга йўналтирувчи вазифаларидан иборат жамоага раҳбар этиб тайинланди. Ушбу вазифада узоқ йиллар ишлади.

Шундан сўнг, туман халқ таълими бўлими мудирининг маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттирди. Мактабда кечаётган таълим жараёнларини мунтазам назорат қилиб боришга интилди. Доим фаол, янгиликларни бошқалар билан бўлишиб, касбига иштиёқ билан киришиб яшашга ўрганган Неъматхон ая нафақага чиқса-да, "нафақа-дам олиш, дегани эмас", деб тушунади.

"Уч авлод учрашуви", "Ибратли ва намунали оила", "Қўша қариш саодати", "Бувим, бобом, ота-онамдан эшитган эртак ва ривоятларим" каби кўплаб танловлар, давра суҳбатлари, учрашувлар Неъматхон ая ва унинг сафдошлари томонидан алоҳида режалаштирилади. Онахоннинг ёшларга хос ғайрат-шижоатини ҳавас қилиб, у билан учрашдик, суҳбатга тортдик.

-      Мавзулар бисёр, мақсадлар эса муштарак - маънавиятли ёшларни тарбиялашга эътиборни кучайтириш, фақат қайсидир топшириқни кутиб ўтирмай, ўзимиз ҳам ташаббус кўрсатишимиз зарур, - дейди онахон. - Аслида биз эл ичида, ёшлар орасида кўпроқ бўлиб, уларда бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишга, аниқ мақсадлар билан яшашга ўргатишимиз зарур.

Маҳаллаларнинг бирида "Ибратли келин" танлови ўтказилаётган эди. Мен  ёш иштирокчиларга аллани қандай айтиш кераклиги ҳақида маслаҳат бераётиб, ўзим ҳам алла айтдим:

  Тол хивичдан бешигинг, алла,

  Талпинсанг, олмас тоғанг, алла,

  Талпинсанг, олмаса тоғанг, алла,

  Талпиниб олсин бувинг, алла...

 Юрак-юракдан отилиб чиққан алланинг сўзлари, оҳанги  барчани йиғлатди, ўзим ҳам йиғладим. "Бувижонлар мактаби" фаоллари сафини кенгайтиришга ҳаракат қиламан, сабаби, оилалар бисёр, тарбияга муҳтож болалар кўп, албатта муаммолар, низолар бўлиб туради. Шу вақтда қайсидир оила катта ёшдагиларнинг аралашувига, маслаҳатига эҳтиёж сезади. Маҳалла канвойи онахонлари, катта ҳаёт тажрибасига эга момо ва бувиларнинг ўрни зарур ҳолатлар кўп бўлади. Ҳануз китоб ўқийман. Ёшлар орасида кўпроқ бўламан. Лоқайдлик, бепарволик, боқимандалик деган иллатларни ёшлар мутлақо унутишлари керак. Бу эса, фарзандларимизга панд-насиҳат тарзида эмас, амалда, ғайрат, шижоат, ҳаракатларимиз билан кўрсатишимизда акс этиши керак.

 "Халқ таълими фидойиси", "Халқ таълими аълочиси", иккинчи даражали "Меҳнат фахрийси", "Ўзбекистон Мустақиллигининг 25, 30 йиллиги" кўкрак нишонлари соҳибаси Неъматхон ая билан суҳбатимиз мароқли кечди. Дарҳақиқат, чеҳраларидан донишмандлик акс этиб турган бобо, бувиларимиз - оилаларнинг фаришталари ҳисобланади. Улар билан катта бўлган фарзандлар тарбияли, илмли, мулоҳазакор бўлиб вояга етадилар. Аниқ мақсадлар сари интилиб яшайдилар. Ҳар бир ишда ташаббускор, янгиликлар яратишга интиладилар, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлмайдилар. Бу фикрлар Неъматхон аянинг ҳаёт фалсафасига айланган.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.