+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

26 Янв 2017

СПОРТ ҲАЁТИМНИНГ МАЗМУНИГА АЙЛАНГАН

(5- сон) Спортимиз юлдузлари

Инсоннинг нафақат жисмонан, балки маънан етук, ақлан баркамол бўлиб вояга етишида спортнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ спортга, айниқса хотин-қизлар спортини ривожлантиришга  катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳатто, юртимизнинг олис қишлоқларида ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Улкан имкониятларга жавобан андижонлик ёшлар орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Сузиш бўйича паролимпия ўйинлари совриндори, кўп карра Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Шоҳсанам Тошпўлатова ҳам катта ютуқларга эришаётган истеъдодли спортчиларимиздан биридир.

...Ўшанда у чамаси саккиз ёшли қизалоқ эди. Ота-онасини бир амаллаб кўндиргач, маҳалладаги ўртоқлари билан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги сузиш бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнай бошлади. У дастлаб, машқларни бажаришда бироз қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, кейин секин-асталик билан барчасига чиниқиб борди. Тажрибали мураббийлари кўмагида сузиш спортининг сир-асрорларини, унинг ўзига хос техникасини қунт билан пухта ўрганишга киришди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у Наманган шаҳрида ўтказилган Фарғона водийси чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритди. Бу унинг келгусидаги улкан марраларни забт этишига замин яратган илк муваффақияти эди.

Устозларининг ҳар бир ўгитига амал қилиб, ўз устида астойдил ишлашга бел боғлаган Андижон шаҳрида таваллуд топган Шоҳсанам  Тошпўлатова тинимсиз изланиши ва тиришқоқлиги натижасида республика ва халқаро миқёсидаги кўплаб мусобақаларда зинама-зина юқори шоҳсупаларни банд эта бошлади. У бир неча карра Ўзбекистон, Марказий Осиё чемпиони бўлди.

- Сузиш инсон руҳиятини кўтариш билан бирга, умуртқа-поғона яллиғланиши, туз тўпланиши, сколеоз каби касалликларнинг, айниқса, шамоллашнинг олдини олишда ниҳоятда муҳим, - дейди Шоҳсанам Тошпўлатова биз билан  суҳбатда. - Бундан ташқари, организмда қон айланишини ҳам яхшилайди. Мазкур спорт тури билан шуғулланишдан олдин организмни чиниқтириш лозим. Бу спорт турини танлаганимдан сира афсусланмайман, аксинча, қувонаман. Спорт ҳаётимнинг мазмунига айланган. Инсон спортга ошно бўлса, ҳеч қачон касал бўлмаслиги ҳамда ҳамиша гўзал ва тетик бўлиб юришини англаб етдим.

Дарҳақиқат, юртимизда ёш авлод учун берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар самараси ўлароқ, ўз мақсадлари сари дадил одимлаётган Ш.   Тошпўлатова учун 2016 йил жуда ҳам омадли келди. Сабаби, у март ойида Грецияда ўтказилган халқаро мусобақада сузишнинг эркин, чалқанча, брасс, батэрфлай ва комплекс усулларида ғолиб бўлиб, 5 та олтин медални қўлга киритди, май ойида Португалияда бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида ҳам совриндор бўлди, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган XV Паралимпия ўйинларида ҳам муваффақиятли қатнашди. У дастлаб 200 метр масофага комплекс усулда сузишда 2 дақиқаю 27 сония натижа қайд этиб, бронза медалга сазовор бўлган бўлса, 50 метр масофага эркин усулда сузишда ҳам учинчи ўринни қўлга киритди. Шохсанам тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида мамлакатимиз жамоасига  иккита бронза медални туҳфа этди.

- Биласизми, мазкур нуфузли мусобақада қўлга киритган ғалабам нашидаси ва ҳис-ҳаяжонлар ҳалигача қалбимни тарк этгани йўқ, - дейди Шохсанам. - Она юртимга ёруғ юз билан қайтиб келганимдан жуда ҳам хурсандман. Айниқса, "Ўзбкистон ифтихори" унвони соҳиби бўлганлигим мени янада руҳлантириб юборди. Бунинг учун аввало, биз спортчиларга барча шарт-шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, ота-онамга ҳамда менга яқиндан ёрдам бериб, маслаҳатларини аямаган мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келажакда халқаро спорт майдонларида бундан-да юқори натижаларни қўлга киритиб, Она диёримиз шуҳратини янада юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан!

 

Миролим ИСАЖОНОВ.

Суратда параолимпия ўйинлари бронза медали соҳибаси Ш. Тошпўлатова.