+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БОЛАНГИЗ МАКТАБГА БОРИШНИ ИСТАМАСА...

Ота-оналарга тавсия

Фарзанди 1-синфга қадам қўйган ота-оналар ўқисин

Эрталаб ҳамма ишга, ўқишга шошмоқда. Йўл четида бир аёл ўғлини мактабга етаклаб кетаяпти. Кийим-боши, портфелидан болакай 1-синф ўқувчиси эканлиги кўриниб турибди. Эътиборимни тортган нарса, унинг йиғлаб кетаётгани эди. Бола  тинмай хархаша қилар, ортга тисарилиб онасининг қўлидан юлқиниб чиқишга уринарди. Аёл нима қилишни билмас, болакайга гоҳ яхши гапирса, гоҳ асабийлашиб, дўқ урарди. Бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун, бу ҳолат менга яхши таниш. Кўпинча 1-синфга борган болаларда шундай ҳолат бўлиб туради.

- Ие, кап-катта йигит ҳам онасини шунақа қийнайдими? - дедим яқинлашиб. Ҳамма ўртоқларинг мактабда сени кутиб ўтиришибди-ку. Бормасанг, улар, устозинг хафа бўлади. Кеч қолсанглар, аянг устозинг олдида изза бўлади, ўғлим!

Болани ширин гаплар билан алдаб мактабга олиб кириб кетдим.

Бошланғич синфда кузатиладиган бундай ҳолатлар биринчи навбатда боғчага бормаган болаларга хос. Улар доим онаси ёнида бўлмаслигига, нотаниш одамлар билан гаплашишга кўникмаган, синфдошларининг эса ҳар бирини ўз табиати ва хоҳиш-истаги бор. Шунингдек, бола бинонинг ичида адашиб қолиш ёки нотўғри иш қилиб қўйишдан қўрқиши мумкин.

Ана шундай ҳол кузатилганда, болага албатта, ёрдам бериш, фақат яхши гап, чиройли муомала билан унинг мактабга кўникишига кўмаклашиш зарур. Болага синфдошлари билан дўстлашишида ёрдам беринг. Янги дўсти билан у ўзини ёлғиз ҳис қилмайди, қўрқуви камаяди.

1-синфга бориш бола ҳаётининг муҳим даврларидан биридир. Илк ўқув кунларида ўқувчиларнинг кўпчилигида стресс ҳолатлари юзага келиб, бу    даврда руҳий кечинмалар устунлик қилади. Бу руҳий кечинмаларни енгиш боладан кучли ирода (ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик, юксак мақсад в.ҳ.) ни талаб қилади.

Тан олиш керак, мактаб кўнгилочар муассаса эмас. Болалар боғчасидан фарқли равишда бу ерда болани овқатни охиригача еб қўйганлиги ёки ухлагани учун мақташмайди ҳам. Болалар мактабга билим олиш учун боради ва бу жараён кўчада ўйнаш ёки мультфильм томоша қилиш каби мароқли эмас.

Агар фарзандингиз мактабга боришни истамаса, бунинг сабабларини аниқлаб, муаммо ечимини топишга ҳаракат қилишингиз лозим. Ахир бола учун ҳеч нарсанинг қизиғи бўлмаслиги мумкин эмас. Унинг мактабдан ташқари бирор қизиқарли машғулотини аниқланг ва уни мактаб фанлари билан боғланг.

Болани тез-тез мақтаб туриш, унинг кичик ютуқларидан қувониш, руҳлантириш, у билан фахрланишингизни айтишингиз керак.

Ўқишни истамасликнинг яна бир сабаби, маълумотларни ўзлаштиришдаги қийинчилик бўлиши мумкин. Агар бола    дарсларда гап нима ҳақида бораётганлигини тушунмаса, у зерикиш, ноқулайликни ҳис қилади. Шу сабабдан маълум бир фанни ҳам ёқтирмай қолади!

Бу вазиятни унинг ўқитувчиси билан муҳокама қилиб кўринг. Қўшимча машғулотлар пайтида болангизга кўпроқ вақт ажратиши ва уни фанга қизиқтиришини илтимос қилинг! 

Ўқув жараёнига қизиқишнинг йўқолишига бунинг акси - билимларнинг жуда осон ўзлаштирилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, биринчи синфга ўқишни билиб борган болалар тенгдошларининг ҳарф ўрганишидан зерикиши мумкин. У қизиқишини бутунлай йўқотмаслиги учун турли фойдали  машғулотлар, клуб ва тўгаракларга йўналтириш лозим. 

Айрим болалар эрталаб уйқудан уйғонишга қийналганликлари учун мактабга боришни исташмайди. Тадқиқотларга кўра, 5-6 хафтадан кейин бола янги кун тартибига кўникиб кетади. Фарзандингиз кун тартибига қатъий риоя қилишини, барвақт уйқуга ётишини назорат қилинг!

Агар болангиз ўшанда ҳам мактабга боргиси келмаса - бунга жиддий сабаблар бўлиши табиий. Эҳтимол, мактабда уни ажратиб қўйишар ва у ўзини ёлғиз ҳис қилар. Бундай ҳолатда сабабни топиш муҳим. Фақат уни сўкманг ва таҳдид қилманг, ўзингиз эса асабийлашмай болангиз билан  дўстона гаплашинг.

Боланинг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлабгина ўқишга бўлган қизиқишини қайтариш мумкин.

Энг муҳими, болангизга ҳар қандай вазиятда ҳам меҳр кўрсатинг. Мактабга кузатаётиб юзларидан ўпиб, омад тиланг!

Нигорахон

МАҲАМАДАЛИЕВА,

Булоқбоши туманидаги

14-умумтаълим мактаби

 

 бошланғич синф ўқитувчиси.