+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БУЮК ХИТОЙ ДЕВОРИ

(8- сон) Дунё мўъжизалари

Буюк Хитой девори сайёрамиздаги инсон қўли билан яратилган энг йирик, шу билан бирга, энг ноёб меъморий иншоотлардан бири ҳисобланади.

Эрамиздан аввалги 247 йилда Цинь ҳукмдори Чжуан Сян Ван вафот этганидан сўнг Цинь Ши Хуанди номи билан тахтга ўтирган Ин Чжэн  даврида бошланган "Вань ли чан чэн", яъни "10 минг ли узунликдаги девор" (1 ли 576 метрни ташкил қилади) номини олган мазкур иншоотнинг қурилишида ўша даврда яшаган Хитой аҳолисининг бешдан бир қисми иштирок этган.

Буюк Хитой девори бугунги кунда Давлат муҳофазасига олинган бўлишига қарамай, аста-секин емирилаётгани ҳақида ўтган асрнинг ўрталарида хабарлар тарқалган. Мамлакатда  ер ости бойликларини   қазиб олиш билан шуғулланадиган конларнинг Буюк Хитой девори яқинида жойлашганлиги бунга асосий сабаб қилиб кўрсатилган эди. Айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Буюк Хитой деворининг Хэбей вилоятидаги Лайюань уезди яқинидан ўтувчи 700 метрлик қисми бутунлай вайрон бўлган. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, тез орада девор миноралари ҳам ағдарилиши мумкинлиги таъкидланганди. Ўша пайтда ЮНЕСКО ва Хитой ҳукумати томонидан муҳофаза қилинадиган иншоотни сақлаб қолиш ва асраб-авайлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Ҳар бир давлатнинг расмий рамзларидан ташқари маълум бир тимсоли бўлади. Сариқ денгиздан то мамлакат Шимоли-ғарбий минтақасидаги чўлларга қадар чўзилган, шаҳар ва қишлоқ, водийлар, тоғ-у ўрмон, ҳатто ботқоқликлардан ўтган Хитой давлатининг рамзига айланган Буюк Хитой деворининг қурилиши эрамиздан аввалги 5 асрда бошланиб, эрамизнинг 17 асрига қадар давом этган. Жаҳон архитектура тарихида беқиёслиги билан ажралиб турадиган Буюк Хитой девори қурилишини уч босқичга бўлиш мумкин.

Биринчи босқич, таъкидланганидек Цинь императори Ши Хуанди даврида бошланган. Хитой ерларини бирлаштирган ҳукмдор сифатида танилган Ши Хуанди ўз куч-қудратини намойиш қилиш мақсадида буюк иншоотлар барпо этишга аҳд қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой девори бўш жойда, бирданига қурилмаган. Қадимги Хитойда ўзаро рақобатда бўлган шаҳарлар мавжуд бўлиб, уларнинг атрофи деворлар билан қуршаб олинган эди. Император Ши Хуанди мана шу шаҳарлар атрофидаги деворларни бирлаштиришга, яъни ягона мудофаа иншооти қуришга қарор қилади. У мазкур иншоот қурилишига 500 минг кишини (айрим манбаларда 3 миллион киши дейилади) жалб этлади. Улар орасида Конфуций таълимотига эътиқод қилувчи донишмандлар ҳам бор эди. Ўша даврда барпо этилган Буюк Хитой девори ҳақида халқ томонидан  "Инсонлар қони ва суягидан қурилган", "Жаҳондаги энг узун қабристон" ёки "Йиғи девори"  деган  фикрлар ҳам айтилади.

Иккинчи босқич эрамиздан аввалги 206-220 йилларга тўғри келади. Хань сулоласи императорлари мамлакат ҳудудларини кўчманчилардан муҳофаза қилиш мақсадида Буюк Хитой девори қурилишини давом эттириб, уни мустаҳкамлашга қарор қилади. Тупроқдан қурилган девор ўша даврда тошлар билан мустаҳкамланади.

Буюк Хитой девори қурилишининг учинчи босқичига Мин сулоласи ҳукмдорлари 1 миллионга яқин кишини жалб қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой деворининг ҳозирги кунга қадар сақланиб қолинган қисми 1368-1644 йилларда ҳукмронлик қилган Мин сулоласи даврида барпо этилган. Қурилишда асосан ғишт ва тошдан фойдаланилган. 1644-1911 йилларда, яъни салкам уч аср мобайнида ҳукмронлик қилган Син сулоласи даврида истеҳком сифатида Буюк Хитой деворига эҳтиёж бўлмагани сабаб қаровсизлик оқибатида ҳамда табиий омиллар боис  мазкур иншоот  аста-секин нурай бошлайди. Маҳаллий аҳоли эса  ўзлари учун турар жой бинолари қуриш мақсадида Буюк Хитой деворидан ғишт ва тошларни олиб кета бошлайди.

XIX асрнинг  50- йилларида бошланган ерларни ўзлаштириш сиёсати натижасида Буюк Хитой деворининг Шаньси вилояти Мингин минтақасидан ўтувчи  қисмининг 60 километри емирилаётгани маълум бўлади. Ўшанда деворнинг 40 километри деярли йўқолиб кетганди.

Айни дамда мамлакатнинг 16 та вилояти ҳудудида вайроналари сақланиб қолган Буюк Хитой девори 1962 йилда Хитой Миллий ёдгорликлари рўйхатига, 1987 йилда эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Давлат муҳофазасига олинган Буюк Хитой деворининг Бадалин, Шаньхайгуан ва  Цзяюйгуандан ўтувчи қисми таъмирланди. Бугунги кунда айни шу ҳудудларга  сайёҳлар олиб борилади. 1984 йилда Дэн Сяопин ташаббуси билан Буюк Хитой деворини таъмирлаш дастури қабул қилинди. Бу дастур Хитой ва хориж компаниялари ҳамда хусусий шахслар томонидан молиялаштирилди. Таҳлилчилар Буюк Хитой девори қурилишининг тўртинчи босқичини Дэн Сяопин номи билан боғлашади.

Буюк Хитой деворида жами 25 мингта минора борлиги айтилади. Ҳар бир минора чап ва ўнг томондаги иккита минорадан кўриниб туриши шарт эди. Айрим манбаларда 4 минг, бошқа манбаларда 6 минг километрни ташкил қилиши айтиладиган Буюк Хитой девори барча сулолалар сиёсати, иқтисоди, ҳарбий фаолияти ва маданиятини акс эттирган.

"Осмон ости мамлакати" қудратини кўз-кўз қилувчи "Тош белбоғ"ни томоша қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли жойларидан 2 миллион нафарга яқин сайёҳ ташриф буюради.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

тайёрлади.