+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТУХУМ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

(40-сон) Шифокор тавсиялари

Тухумнинг истеъмоли хусусида одамлар ўртасида кўп ҳолларда баҳслар бўлади: "Уни қандай ёғда қовурган яхши?", "Ҳафтасига қанча  истеъмол қилиш мумкин? , "Тухумни қайси пайтда, нима билан бирга имтеъмол қилган маъқул?" Ана шу каби қатор саволлар хусусида Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ошқозон-ичак касалликлари бўлими шифокори, доцент Дилмуроджон Солиев фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

 

Тухумни қачон истеъмол қилиш керак?

 

Тухумнинг таркиби ва организмга таъсирини ўрганган,  тадқиқ этган кўплаб шифокорларнинг хулосаларига кўра, уни фақат нонуштада истеъмол қилинадиган маҳсулотлар сирасига киритиш мумкин. Тухумни кечки овқатда, яъни уйқуга ётишдан аввал истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Ҳақиқатан ҳам, тухумни фақат куннинг биринчи ярмида тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Тухум ҳажмига қараб, 60, 80 килокалорияли бўлади. Лекин унинг таркибида рефлексни қўзғатиш хусусиятига эга бўлган моддалар мавжуд. Агар сизнинг ошқозонингизда ҳазм бўлмаган тухум қолдиқлари қизилўнгачга кўтарилса, ана шу моддалар жиғилдон қайнашини ва оғиз бўшлиғида аччиқ таъмни юзага келтириши мумкин.

 

Ҳафтасига қанча тухум ейиш мақсадга муофиқ?

 

Мутахассислар томонидан узоқ вақт мобайнида кўп миқдорда тухум истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқариши таъкидланади. Ҳақиқатан ҳам, бир дона тухум таркибида 150, 200 мг. холестерин бўлиб, бу инсон организми учун суткалик меъёр ҳисобланади. Агар кўпроқ тухум ейилса, организмда холестерин миқдорининг ортиб кетишига олиб келади.

Швециялик олимлар томонидан қарийб 30 минг нафар киши иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, ҳафтасига 6 дона тухум истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Айнан ана шу миқдор организмда юрак қон-томир, қандли диабет касалликларини келтириб чиқармайди, бундан таш-қари, семиришга ҳам имкон бермаслиги аниқланган.

Тухум таркибидаги холестерин, тухум сариғида кўп миқдорда бўлган фойдали липид-лецитин томонидан нейтраллаштирилади. 

 

Тухум зарарини камайтириш учун уни қандай мойда қовурган маъқул?

 

Сариёғ (сливочное масло) мутахассислар томонидан юрак қон-томир касаллигига чалинган беморлар учун таъқиқланган маҳсулотлар рўйхатига киритилганди. Бироқ кейинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар ана шу хулосани инкор этди. 2007 йили бир нечта Европа мамлакатларида ўтказилган тадқиқотларда сариёғ ва ўсимлик ёғини истеъмол қилувчилар қонидаги холестерин миқдорида деярли фарқ аниқланмади. Баъзи бир жиҳатлари бўйича фойдалироқ бўлган ўсимлик ёғи қовуриш вақтида оксидлангани сабабли сариёғ билан деярли бир хил натижани беради. Бундан кўринадики, саломатликка таъсири нуқтаи назаридан тухумни қовуришда қандай ёғдан фойдаланиш у қадар аҳамиятли эмас.

 

Тухум семиртирадими?

 

Кўп миқдорда юқори калорияли овқатлар истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик оқибатида семириш юзага келади. Бунда, ёғ қатламларига айланадиган энг хавфли калориялар, кўп истеъмол қилинадиган углеводлар - ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, картошка ва бошқалардан келиб чиқади. Тухум оқсил даражаси юқори бўлган, калорияси анча паст, тўйимли маҳсулотдир. Шунинг учун тухум вазнни камайтириш учун мўлжалланган кўпгина замонавий парҳезлар таркибига киради.

 

Тухумнинг фойдалилиги унинг рангига боғлиқми?

 

Йўқ, ундай эмас. Тухумнинг ранги товуқнинг зоти ва тусига боғлиқ бўлади. Кўп ҳолларда олачипор товуқлар жигарранг, оқ рангдаги товуқлар эса оқ тухум қўйишади. Рангидан қатъи назар уларнинг озуқавий ва фойдали жиҳатлари бир хил.  Таъкидлаш керакки, тухум сариғининг ранги товуқ истеъмол қилаётган озуқа таркибига боғлиқ. Тухум сариғининг ёрқин рангда бўлиши товуқлар озуқасида кўп миқдорда пигмент-каротиноидлар мавжудлигидандир. Каротиноидлар инсон организмида А витаминига айланади.

 

Хом тухум қайнатилган тухумдан фойдалироқми?

 

Хом тухум хавфли ичак инфекцияси-сальмонеллёзни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Америка Қўшма Штатларида хом тухум истеъмол қилиш оқибатида йилига 80 минг нафар киши ана шу касалликка чалинади. Улардан 25-30 нафари вафот этади. Айни пайтда кўплаб давлатларда товуқлар озуқаси махсус ишлов берилган моддалар билан бойитилмоқда. Шу орқали тухумлар стеризацияланмоқда, бу тухумда сальмонеллёз вируси сақланиб қолиш эҳтимолини камайтиради.  Бу муаммони фақат бир йўл билан ечиш мумкин. Яъни, яхшилаб қайнатиб ёки қовуриб пишириш орқали.

Қайнатилганда ёки қовурилганда тухумнинг фойдали хусусиятлари камаяди, деб ҳисоблаш нотўғри.

Тухумни пиширишдан аввал ювиш билан сальмонеллёз хавфидан буткул ҳимоялана олмаймиз. Ҳаттоки, умуман шикастланмаган пўчоқ ичида ҳам сальмонеллёз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бирдан бир чора - бу, юқорида таъкидланганидек, қандай  усулда бўлишидан қатъи назар тухумни яхшилаб пишириш лозим, уни ювиш, ювмаслик у қадар муҳим аҳамият касб этмайди.

 

Минурахон БОЗОРОВА ёзиб олди.