+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Фев 2018

Бугунги кун ўқитувчиси изланувчан бўлиши керак

Бугунги тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётган давр барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янги-янги технологияларни жорий этишни талаб қилмоқда. Шу боис, инновацион педагогик технологияларнинг назарий асосларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш зарурати юзага келмоқда. Хўш, бугунги кун ўқитувчиси қандай малакалар билан қуролланган бўлиши керак?

Биз қўллаётган услублар кечаги кун камчиликларини тўлдириб бормоқда. Мисол учун, бундан бир неча йиллар олдин ноанъанавий дарсларни эртак, саёҳат, ўйин шаклида олиб борардик. Бу ҳам яхши самара берарди, албатта.  Бироқ, бу услублар ўқувчининг фикрлаш даражасини, дунёқарашини чегаралаб қўяди. Чунки ҳар бир ўқувчининг ўз қизиқиши, ўзига яраша қобилияти бор. Биз юқоридаги каби дарслар билан унинг маълум миқдорда нутқини, билимини оширишга эришган бўлишимиз мумкин, бироқ қизиқишини эътибордан четда қолдирардик. Ўқувчилардаги эркинликни, мустақилликни ўғирлаб қўярдик. Анъанавий таълимда ўқувчини фақат тайёр билимларини эгаллашга ўргатган бўлсак, замонавий технологиялар уларни эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топишлари, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишларига ҳатто хулосаларни ҳам ўзлари чиқаришларига ўргатади. Биз ўқитувчилар бу жараёнда шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратамиз ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик вазифасини бажарамиз. Қисқаси, дарс жараёнида ўқувчи асосий шаклга айланади.

Педагоглар ўқувчига билим бериш жараёнига фақат педагогик нуқтаи назардан ёндашиб қолмай, балки ҳар бир ўқувчини психологик ҳолатига ҳам эътибор бериши лозим. Ҳар бир ўқувчини ўқув материалини ўзлаштира олиш имкониятини, уни нимага қизиқишини, ўз фикрини қай даражада ифодалай олиши, уятчанлик, тортинчоқлик, диққатсизлик каби хусусиятларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак, чунки буларни билган ҳолда ҳам ўқувчи руҳиятига таъсир қила олишимиз мумкин.

Бу психологик жараён бугунги кунда яхши самара бермоқда. Бундан ташқари, ўқитувчи ўзини ўқувчи олдида энг маданиятли инсон сифатида гавдалантира олиши лозим. Бунинг учун унинг ўзи ўқитувчига хос формада юриши, ширинсўз, меҳрибон бўлиши, ҳар бир гапини ўйлаб, мулоҳаза билан гапириши, ўзини ва синф хонасини озода тута олиши лозим. Ўқитувчи ўқувчига ҳар қандай топшириқ беришдан олдин унга ўзи риоя қилган ҳолда намуна бўлиши керак. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бугунги кунда ўқитишнинг қатор шакл ва усулларини қўллаш асносида нафақат хорижий мамлакатларнинг илғор усуллари, балки халқимизнинг қадимдан шаклланган педагогикаси, одоб-ахлоқ меъёрлари билан омухталаш (пайвандлаш) орқали ифода этсак, янада яхши натижаларга эриша оламиз.

Бугунги янги педагогик технология (инновацион технологиялар, интерактив методлар ва ахборот технологиялари) эса ҳар бир ўқувчини дарс давомида  дарсга бефарқ бўлмасликка, мустақил фикрлашга, ижод қилишга, изланишга мажбур этмоқда. Бу методлар ўқувчи  дунёқарашини ўстирибгина қолмай, уни шахсий қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда келажакка ундамоқда, гуруҳларда ишлаш, эркин, мустақил фикрларини айтиш,   баҳслашиш ва ягона хулосага келиш орқали уларнинг ҳамкорликда фаолият олиб боришига эришилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, бу методлар улардаги яширин қобилиятларни очиб бермоқда. Инновацион педагогик технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этиш муайян қонуният ва принципларга асосланади. Бундай принциплар лойиҳаланган ўқув-тарбиявий жараённи амалга оширишда юқори натижаларга эришиш учун риоя қилинадиган умумий меъёрлар ва талаблардир.

Бугунги кун ўқитувчиси таълимни демократлаштириш ва инсонпарварлаштириш тамойиллари асосида қуриб, болада ҳақни ноҳақдан, савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олиш, уни фарқлай билиш, айни дамда мустақил фикр айта оладиган кўникмаларни шакллантира олиши керак. Тарбиялаётган ўқувчиларимиз эртанги кун нафаси билан яшайдиган, ватанпарвар, ўткир зеҳнли, имон-эътиқодли, юксак маънавиятли, энг муҳими, юртга керак инсон бўлиб камол топиши лозим. Зеро, таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш орқали ёшларни мустақил фикрлашга ўргата олиш, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга, воқеа ва ҳодисаларга муносабат билдира оладиган, эътиқоди мустаҳкам, ватанпарвар қилиб тарбиялаш бугунги кун ўқитувчисининг асосий вазифасидир.   

 

 Хатирахон НАБИЕВА,

вилоят халқ таълими ходимлари малакасини ошириш муассасаси ўқитувчиси.       

 

Каримахон ЎРИНОВА,

 

малака ошириш курси тингловчиси.