(52- сон, 2016 й.) 22 декабрь - энергетика ходимлари куни
Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда энергетика тизимининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам юртимизда истиқлол йилларида соҳани ривожлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ана шу жараёнларда соҳанинг ҳар бир ходими фаол иштирок этмоқда.
Доно халқимиз "Меҳнат - инсонни улуғлайди" деган гапни бежиз айтмаган. Шу маънода вилоятимизда энергетика соҳасида фаолият кўрсатаётган кишилар ўзларининг самарали меҳнатлари билан юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳалар объектлари, муассаса ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, қўйингки, барча соҳа ва тармоқларини электр энергияси билан таъминлаш, энергоресурслардан оқилона фойдаланиш, бу борада тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимлари томонидан 655 минг донадан зиёд чўғланма лампалар замонавий диодли лампаларга алмаштирилгани натижасида тежалган электр энергияси миқдори 195,8 миллион кВт соатни, пул ҳисобида эса 37 миллиард 397 миллион сўмни ташкил этганлигининг ўзиёқ соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами нечоғли катта эканлигини кўрсатади.
Бугунги соҳа ходимларининг касб байрами муносабати, қолаверса, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан энергетика тизимида меҳнат қилаётган барча ишчи-хизматчиларни қизғин табриклайман. Уларнинг барчаларига сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, амалга ошираётган ишларида муваффақиятлар тилайман.
М. МИРЗАКАРИМОВ,
"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими бошлиғи.