+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

15 Окт 2022

Инсон қадри улуғланаётган ватанда яшамоқлик саодатдир

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Миллатлараро дўстлик риштаси

Мамлакатимизда юздан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ бўлиб, ҳамжиҳатликда яшашмоқда. Улар Ўзбекистон фуқароси сифатида самарали фаолиятлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ўзбекистондага барча миллатлар вакиллари қатори вилоятимизда яшаётган қирғизлар ҳам юртимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.

 Бугунги кунда вилоятимизда 150 минг нафардан зиёд миллатдошларимиз истиқомат қилади. Шуниси қувончлики, бундан йигирма тўрт йил аввал республикамиздаги қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган вилоятлар орасида биринчи бўлиб, Андижонда Қирғиз миллий маданий маркази ташкил этилган.

Марказимиз биринчи таъсис йиғилишига ва ундан кейинги фаолиятига бағишланган менинг кўплаб мақолаларим вилоятдаги қатор газеталар саҳифаларида чоп этилди. Бу менинг журналистлик фаолиятимдаги муҳим воқеалардан бири эди.

Йиллар давомида марказ фаолиятини самарали юритишда, миллатимиз анъаналарини ривожлантиришда фидоийлик кўрсатган марҳум ва ҳозирда ҳаёт миллатдошларимизга миннатдорчилик изҳори сифатида улар ҳақида сўз юритишни лозим деб топдим.

Ана шу инсонлар ҳақида сўз кетганда, турли даврларда Хўжаобод туманидаги ширкат хўжаликларида раис бўлиб ишлаган Қодиржон Маматов, Тошкентбой Маматбоев, Хўжаобод туманидан иқтисодчи Абдурасул Алиев, Жалақудуқ туманида мактаб директори вазифасида иш олиб борган   Турғунбой Усмонов, собиқ Абдуллабий қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Ирисбой Эрматов, вилоят ички ишлар бошқармасининг раҳбарларидан бири, милиция полковниги Омонбой Мамасолиев, давлат хавфсизлик хизмати тизимида фаолият юритган Эркинжон Тўхтасинов сингари юртдошларимизнинг номларини иззат-ҳурмат билан тилга оламиз.

Вилоят Қирғиз миллий маданий марказининг ташкил этилиши ва йиллар мобайнида самарали фаолият юритишида жуда кўп инсонларнинг хизматлари сингган.

-      Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз журналист  Назиржон Саидов марказимизга доимо яқиндан ёрдам бериб келган,  - дейди узоқ йиллар вилоят Қирғиз миллий маданий маркази раиси бўлиб ишлаган, асл касби ўқитувчи Ҳамидулло Маматов. - Шунинг учун ҳам вилоят қирғизлари ҳалигача "Назиржон ака бизнинг оғамиз" дейишади.

Истиқлол йилларида юртимизда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликка асосланган  миллатлараро муносабатлар шаклланди. Шу боис, қирғиз миллати вакиллари ҳам юртимизнинг фидойи инсонлари қаторида давлат мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида Давлат Мустақиллигидан кейин таъсис этилган "Дўстлик" ордени билан айнан марказимизнинг биринчи раиси Абдурасул Алиев биринчилардан бўлиб мукофотланган эди. Кейинроқ Қирғиз миллий маданий марказининг галдаги раҳбари, марҳум Қодиржон Маматов ҳам "Дўстлик" орденига сазовор бўлди. Ҳақиқатдан ҳам улар Ватанимиз равнақи йўлида фидойилик билан хизмат қилишди.

Биз учун 2021 йилги Давлат мустақиллиги байрами шодиёналари ҳам унутилмас бўлди. Чунки Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетаси муҳаррири Толибжон Шерматов, жорий йилда эса ҳозирда марказимизга раҳбарлик қилиб келаётган  ғайрат-шижоатли дўстимиз Обиджон Носиров ҳам самарали хизматлари учун Президентимиз фармонига кўра, "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.  Биз улар билан ҳамиша фахрланамиз.

Ана шундай замонамиз қаҳрамонлари ҳақида мақолалар ёзишни, миллий маданий марказимиз фаолиятини изчил ёритиб боришни доимо ўзимнинг миллатсеварлик бурчим, деб ҳисоблаганман. Шу сабабли, миллатлараро дўстлик мавзусида қалам тебратишлик мен учун ҳамиша завқли бўлган. Миллатлараро дўстликни улуғлаш мавзусидаги халқаро грант танлови ғолиби, шунингдек, "Труд" газетаси ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган танловда совриндор бўлганлигим, қирғиз Республикаси президенти ҳузуридаги "МЕРИМ" халқаро жамғармасининг рағбатлантирувчи мукофотини қўлга киритганлигим ҳам касбимга, миллатимга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг маҳсулидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда миллати, диний эътиқодидан қатъи назар ҳар бир фуқарони бирдек эркин ва фаровон яшашлигига раҳнамо бўлмоқда.

- Юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларига кўрсатилган эътибор туфайли миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шароитлар яратилган, - дейди булоқбошилик ҳуқуқшунос Қанибек Абдуқодиров. - Ҳозирда вилоятимиздаги 20 га яқин умумтаълим мактабида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида эса кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олишмоқда.

Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан миллий маданий маркази фаоллари ҳамда кўп сонли қирғиз миллати вакиллари бир тан, бир жон бўлиб, тобора юксалиб бораётган юртимиз равнақи учун  сидқидилдан хизмат қилишликни ўзларининг фуқаролик бурчи, деб билишади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасидаги 43-моддага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларининг қонуний кафолати эканлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаронинг хуқуқ ва эркинлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Миллатидан қатъи назар инсон қадри ва шаъни улуғланаётган ватанда яшамоқликнинг ўзи саодатдир.

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси, фахрий журналист.

Прочитано 270 раз